Жамият | 11:39 / 26.02.2021
3352
3 дақиқада ўқилади

American Councils Ўзбекистонга яна мингга яқин тилшунос мутахассисларни юборади

Ўзбекистонда кадрлар салоҳиятини сифат жиҳатдан юксалтириш мақсадида АҚШдан 1000га яқин ўқитувчи юборилиши режалаштирилган. Шунингдек, 2022 йил октябр ойига қадар English Speaking Nation дастури доирасида Ўзбекистондаги ўрта мактабларда 15 мингдан зиёд инглиз тили ўқитувчисининг малакаси оширилади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (American Councils) катта вице-президенти Майкл Кертис билан музокаралар ўтказди.

«Дунё» маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистонда таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ташкилотнинг жорий фаолияти, мамлакатда тил ўргатиш лойиҳаларининг истиқболли йўналишларини жорий қилиш, шунингдек, American Councils’ни республикада инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш жараёнига жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган.

«Ўзбекистонда кадрлар салоҳиятини сифат жиҳатдан юксалтириш ва уларнинг билимини ошириш мақсадида яна 1000га яқин ўқитувчи юборилиши режалаштирилган», деган Майкл Кертис.

Ташкилот томонидан 2022 йил октябр ойига қадар English Speaking Nation дастури доирасида Ўзбекистондаги ўрта мактабларда 15 мингдан зиёд инглиз тили ўқитувчисининг малакасини ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, FLEX дастури доирасида республика умумтаълим мактабларининг 40 нафар юқори синф ўқувчисини АҚШга жўнатиш режалаштирилган. Faculty Enrichment Program дастури орқали эса 30 нафар маҳаллий ўқитувчи АҚШда алмашинув курсларида қатнашади.

Музокаралар якунида томонлар 2021-2022 йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун таълим лойиҳалари соҳасида грант кўмаги ҳажмини ошириш, Американинг етакчи университетларини жалб қилган ҳолда республикада таълим кўргазмаси ташкил этиш, инглиз тили бўйича тест синовлари марказлари (TOEFL) фаолиятини кенгайтириш ва бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

Маълумот учун, American Councils - бу АҚШнинг нотижорат ташкилоти бўлиб, маданий алмашинув, тил ўрганиш ва касб малакасини ошириш орқали халқаро таълим дастурларини тарғиб қилишга ихтисослашган. Ташкилот 90та мамлакатда турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бугунги кунга қадар 94 мингдан ортиқ битирувчи American Councils таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган. Ушбу нодавлат ташкилот 2018 йилда Ўзбекистонда ҳам ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда республикада таълимни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 50 миллион долларлик грант лойиҳасини амалга оширишда иштирок этмоқда.

  • Аввалроқ, Ўзбекистондаги таълим муассасаларида дарс бериш учун АҚШдан 27 нафар инглиз тили ўқитувчилари келгани хабар қилинганди.
  • Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 2020-2030 йилларда Ўзбекистонга мингга яқин рус мутахассисларини жўнатиш режалаштирилгани, улар республикада халқ таълим тизимидаги 14та ҳудудий марказлар ва 10 мингга яқин мактабларда педагогик кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланишини маълум қилганди.

Мавзуга оид