Ўзбекистон | 15:10 / 25.09.2018
140922
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пул алмашадими?

Фото: KUN.UZ

Кейинги вақтларда одамлар орасида пул алмашиши мумкинлиги ва инфляциянинг кучайиб бораётгани ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлди. Аслида қачон ва қандай вазиятларда давлат пули ўзгариши мумкин? Агар шундай эҳтимол бўлса, одамлар қанча вақт олдин хабардор этилади? Нарх-навонинг ўсиш тенденцияси, инфляция даражаси борасидаги фикрларни мутахассислар қандай изоҳлайди?

Ушбу саволларга Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Марказий банки ҳамда “Қишлоққурилишбанк”нинг қўшма анжуманида мутахассислар жавоб берди, деб ёзмоқда ЎзА.

— Пулнинг алмашишига сабаб ҳам эҳтимол ҳам йўқ. Йўқса, 100 минг сўмлик банкнотлар чиқарилармиди? Яқинда ана шундай суммадаги пул муомалага чиқарилади. Тўғри, инфляция ўсиши мумкин. Чунки банкнинг қайта молиялаш ставкасининг икки фоизга оширилиши, ўз-ўзидан бозордаги нарх-навога таъсир қилади.

Тадбиркор кредит олган бўлса, энди ошган икки фоизни қоплаш учун ишлаб чиқараётган маҳсулотини баҳосини баландлаштиради.

Президент Шавкат Мирзиёев барча мансабдор шахслар томонидан аҳолига реал ҳолатни ва ҳақиқий статистика маълумотларни етказиб бериш бўйича қатъий топшириқ берган. Гувоҳи бўлаётганимиздек, Ўзбекистонда инфляция яширилаётгани йўқ.

Нархларнинг ўсиш тенденцияси эълон қилинмоқда, унга кўра жорий йилда ҳам инфляциянинг даражаси юқори бўлиши кутилмоқда. Таъкидлаш керакки, нархларнинг бозор механизмлари асосида шакллантириш келгуси даврларда инфляция «жиловини» тортиб туриш имконини бериши табиийдир.

Миш-мишлар одамларга қайсидир маънода огоҳлик ва профилактика чорасидек таъсир қилиши мумкин. Бироқ иқтисодий-молиявий ва банк тизимида миш-мишларга эмас расмий баёнотларга таянган маъқул.

Қайд этиш жоизки, яқин орада сўмнинг қадри ошиши кутилмоқда. Хусусан, ялпи ички маҳсулотга тенг миқдорда маблағимиз бўлганда унинг қадрсизланиши тўхтайди. Яна инвестиция киритиш ҳажмининг ошиши ҳам пул қадрини оширади.

Мавзуга оид