Фарғонадаги ИИБ муассасасида яна бир фуқаро вафот этди
8 ноябрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум юрак касаллиги оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар берди.
Маълум қилишича, марҳум Р.Н.га жорий йил 1 июнь куни суд ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва пробация ҳисобига олинган. Лекин, ўрнатилган чекловларни бузиб, белгиланган ҳудудни тарк этган. Кўрилган чоралар натижасида 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ушланиб, Қўқон шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
«Жорий йилнинг 8 ноябрь куни соат 02:56 ларда маҳкум Н.Р. ўзини ёмон ҳис қилганлиги учун у билан бирга сақланаётган С.Ю. назоратчи ходимларни ёрдамга чақирган. Ҳибсхона ходимлари муассасага ўрнатилган кузатув камераси орқали ҳолатни кўриб, зудлик билан тез-тиббий ёрдамга мурожаат қилишган. Муассасага етиб келган тиббиёт ходимлари соат 03:16да маҳкумнинг ўлимини қайд этган» – дейилади ИИББ баёнотида.
Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза бўлимининг дастлабки ташхисига кўра, марҳум Р.Н.нинг ўлимига «юракни сурункали ишемик касаллиги, юрак тож қон-томирларининг ўткир етишмовчилиги» сабаб бўлган. Марҳумнинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, ИИВ муассасасида вафот этган марҳумга 2021 йил март ойида ўғирлик жинояти учун суд томонидан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Кейинроқ, 2021 йил октябрь ойида жазонинг ўталмай қолган қисми шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Шундан сўнг, 2022 йил июнь ойида ўталмай қолган 1 йил 1 ойдан ортиқ ахлоқ тузатиш ишлари жазо муддати, шу муддатга тунги вақтда (соат 21:00 дан 06:00 қадар) яшаш хонадонидан чиқмасликдан иборат озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Шунингдек, марҳумга озодликдан чеклаш жазосини ўташ тартиб-қоидалари ва жазодан бўйин товлаш оқибатлари тушунтирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 17 октябрь куни ҳам Фарғонадаги ИИБ муассасасида ўғирлик қилмоқчи бўлгани учун қамаб қўйилган 15 ёшли ўсмир вафот этгани маълум қилинган эди. Ушбу ҳолат юзасидан прокуратура жиноят иши қўзғатган: икки кишига «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган, ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Мавзуга оид
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
09:40 / 02.11.2024
Ҳиндистон Фарғонада халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этади
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
16:35 / 30.10.2024