Ўзбекистон | 14:48 / 26.07.2025
11100
7 дақиқада ўқилади

Хонободдаги фестивалга сарфланаётган миллиардлар: Вилоят ҳокимлиги изоҳ берди, Антикоррупция агентлиги ўрганиш ўтказади

Андижонда август ойида ўтказилиши режалаштирилган анъанавий “Дунё садолари” фестивалига бу йил 6 миллиард сўм маблағ ажратилади. Унга турк хонандаси Мустафа Сандал, эронлик Араш, италиялик хонанда In-Grid, ҳиндистонлик Алиша Чинай, Arabesque гуруҳи таклиф қилинган. Юлдузларга қарийб 5 миллиард сўмдан ортиқ гонорар тўланади. Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати “сарфланаётган пуллар ўзини оқлаши”ни таъкидлади, Антикоррупция агентлиги эса вазиятни ўрганмоқда.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижоннинг Хонобод шаҳрида ўтган йили 29–31 июл кунлари “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали ташкил қилиниб, унга Жаҳ Khalib, Jony, Inna ва ўзбек эстрадасининг таниқли хонандалари таклиф этилганди. Ўтган йилги фестивалга 8 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланган.

Жорий йил Хонободда III “Дунё садолари” фестивали бўлиб ўтади. Ҳокимлик бу сафар хориждан кўпроқ машҳур юлдузларни таклиф қилмоқчи. Хонобод шаҳри ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Э.Холмирзаев имзолаган ҳужжатга кўра, 15–17 август кунлари ўтказиладиган навбатдаги “Дунё садолари”да машҳур турк хонандаси Мустафа Сандал, эронлик Араш, италиялик хонанда In-Grid, ҳиндистонлик Алиша Чинай, Arabesque гуруҳи ва бошқа маҳаллий санъаткорлар қатнашиши кўзда тутилган.

Daryo.uz фестивалга жаҳон ва миллий эстрада юлдузларининг концерт бериб кетиши учун қанча гонорар белгилангани ва бошқа қилинаётган сарф-харажатларни ўрганди.

Нашрнинг ёзишича, фестивални юқори савияда ўтказиш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилмоқда. Аммо ўтган йилги фестивалда сарф-харажатлар 8 миллиард сўмга етгани ҳисобга олинса, аниқ харажатлар фестивал якунланганидан кейингина маълум бўлади.

Санъаткорлар гонорари қанча?

Нашрнинг ўрганишича, тадбирга таклиф қилинган энг қиммат хонандалардан бири эронлик машҳур санъаткор — Араш. Уни Андижонга олиб келиш учун 2 млрд 95 млн сўм (бугунги курс билан тахминан 164 минг доллар) сарфланади. Туркиялик хонанда Мустафа Сандал учун эса бундан сал камроқ — 2 млрд 49 млн сўм (160 минг доллар) ажратилган. Шунингдек, италиялик хонанда In-Grid (Ингрид Алберини) ва ҳиндистонлик Алиша Чинай учун жами 837 млн сўм, яъни 65 минг АҚШ доллари сарфланади.

Юқоридаги санъаткорлар ташрифи учун умумий ҳисобда 4 миллиард 981 миллион сўм ёки 390 минг доллардан кўпроқ тўланиши кўзда тутилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу хонандаларни Ўзбекистонга олиб келиш учун кўрсатилган гонорар нархи аслида анча арзон. Масалан, Мустафа Сандал ва Арашни Ўзбекистонга энг қиммат ҳолатда жами 200 минг долларга олиб келиш мумкин. Қолган икки хонанда учун эса 20 минг доллар етарли. Нашр маълумотича, фестивалга чақирилган санъаткорлар гонорари сунъий равишда деярли икки баробарга шиширилган бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида рўйхатдан ўтган “Қатағон Идеал Маркет” МЧЖ билан Эрон хонандаси Арашни олиб келиш бўйича шартнома тузилган. МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари — Азизов Акбарали Қамбарович.

Мустафа Сандални олиб келиш эса Наманган вилоятининг Поп туманида рўйхатдан ўтган “Bregin Milk Soft” МЧЖ зиммасига тушган. Бу МЧЖ 2025 йил 12 март куни ташкил этилган, июн ойида қайта рўйхатдан ўтган.

Италиялик ва ҳиндистонлик санъаткорларни 837 млн сўмга олиб келадиган корхона — “Magnat Construction Planet” МЧЖ (2023 йил 11 сентябрда Наманган вилояти Чуст туманида ташкил қилинган). Таъсисчиси Азизов Акбарали Қамбарович.

Азизов Акбарали Қамбарович бир вақтнинг ўзида “Қатағон Идеал Маркет” ва “Magnat Construction Planet” МЧЖларининг ҳам таъсисчиси ҳисобланади.

Фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида “Олтин Тош Улгуржи” МЧЖдан ҳаво шари (аэростат) ижарага олинган. Шартнома суммаси — 350 млн сўм. Таъминотчи МЧЖ шартнома тузилишидан ўн кун аввал Андижон шаҳрида таъсис этилган.

Саҳна подиуми, ёритиш ва овоз кучайтириш ускуналари, махсус экран ижараси, безак ва тунги ёритиш ишларини “Дунё саҳналари” МЧЖ 1 млрд 250 млн сўм эвазига бажарадиган бўлди. Бу корхона шартнома тузишдан бир кун олдин ташкил этилган.

“Фестивалнинг молиявий фойдаси харажатидан кўпроқ”

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Ҳужжатларда Мустафа Сандалга 160 минг доллар, Арашга эса 164 минг доллар тўланиши кўрсатилган. Тошкентдаги мутахассислар бу икки санъаткорни 200 минг долларга олиб келиш мумкинлигини билдиришган.

Изоҳда таъкидланишича, “Дунё садолари” фестивали логистика жиҳатидан пойтахт нархларига мос келмайди. Чунки хорижий хонанда ва унинг жамоаси Тошкентга қўниб, у ердан 8–9 соатда Хонободга машинада бориши керак. Ёки Андижон аэропорти таъмирда бўлгани сабабли навбатдаги рейсни кутишига тўғри келади. Шу боис, фестивалга жалб этилаётган хонандалар 3 кун вақт сарфлашига тўғри келади — етиб бориш, қатнашиш ва қайтиш. Нархлар шу асосда белгиланган.

Изоҳда Хонободнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш ва дунё юлдузлари орқали шаҳарни тарғиб қилиш мақсади қўйилгани ҳам қайд этилган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, 2023 йилда Хонободдаги бир ойлик савдо айланмаси ўртача 500 млн сўм бўлган. Фестивал ўтказилган ойларда эса бу кўрсаткич 10 млрд 500 млн сўмга етган. 2024 йилдаги фестивалда 7 млрд сўм сарфланган бўлса-да, савдо айланмаси 20 млрд сўмдан ошган.

“Савдо дўконлари, ошхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш жойлари одатдагидан 6 баробар кўпроқ савдо қилган. Масалан, оддий дўкон эгаси одатда 500 минг сўмлик савдо қилса, фестивал кунлари 8–9 млн сўмгача савдо қилганини билдирган. Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Корея, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа давлатлардан ўн мингдан ортиқ меҳмонлар дунё юлдузларини кўриш учун ташриф буюрган”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, “Дунё садолари” фестивали миллий эстрадани тарғиб қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва Хонободнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш мақсадида ташкил қилинади.

Бироқ аввал ўтказилган икки фестивал (2023 ва 2024 йилларда) ғолибларга мукофот тўлашда кечикишлар ва бюджет маблағларини ношаффоф сарфлашга оид муҳокамаларга сабаб бўлган. 2023 йил декабр ойида “Дарё” нашридаги мақоладан кейингина тўловлар амалга оширилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Gazeta.uz’га маълум қилишича фестивалга маблағ ажратишнинг қонунийлиги ўрганилмоқда.

Мавзуга оид