Андижоннинг Хонобод шаҳрида ўтган йили 29–31 июл кунлари “Дунё садолари” II халқаро миллий эстрада санъати фестивали ташкил қилиниб, унга Жаҳ Khalib, Jony, Inna ва ўзбек эстрадасининг таниқли хонандалари таклиф этилганди. Ўтган йилги фестивалга 8 миллиард сўм атрофида маблағ сарфланган.

Жорий йил Хонободда III “Дунё садолари” фестивали бўлиб ўтади. Ҳокимлик бу сафар хориждан кўпроқ машҳур юлдузларни таклиф қилмоқчи. Хонобод шаҳри ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Э.Холмирзаев имзолаган ҳужжатга кўра, 15–17 август кунлари ўтказиладиган навбатдаги “Дунё садолари”да машҳур турк хонандаси Мустафа Сандал, эронлик Араш, италиялик хонанда In-Grid, ҳиндистонлик Алиша Чинай, Arabesque гуруҳи ва бошқа маҳаллий санъаткорлар қатнашиши кўзда тутилган.

Daryo.uz фестивалга жаҳон ва миллий эстрада юлдузларининг концерт бериб кетиши учун қанча гонорар белгилангани ва бошқа қилинаётган сарф-харажатларни ўрганди.

Нашрнинг ёзишича, фестивални юқори савияда ўтказиш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилмоқда. Аммо ўтган йилги фестивалда сарф-харажатлар 8 миллиард сўмга етгани ҳисобга олинса, аниқ харажатлар фестивал якунланганидан кейингина маълум бўлади.

Санъаткорлар гонорари қанча?

Нашрнинг ўрганишича, тадбирга таклиф қилинган энг қиммат хонандалардан бири эронлик машҳур санъаткор — Араш. Уни Андижонга олиб келиш учун 2 млрд 95 млн сўм (бугунги курс билан тахминан 164 минг доллар) сарфланади. Туркиялик хонанда Мустафа Сандал учун эса бундан сал камроқ — 2 млрд 49 млн сўм (160 минг доллар) ажратилган. Шунингдек, италиялик хонанда In-Grid (Ингрид Алберини) ва ҳиндистонлик Алиша Чинай учун жами 837 млн сўм, яъни 65 минг АҚШ доллари сарфланади.

Юқоридаги санъаткорлар ташрифи учун умумий ҳисобда 4 миллиард 981 миллион сўм ёки 390 минг доллардан кўпроқ тўланиши кўзда тутилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу хонандаларни Ўзбекистонга олиб келиш учун кўрсатилган гонорар нархи аслида анча арзон. Масалан, Мустафа Сандал ва Арашни Ўзбекистонга энг қиммат ҳолатда жами 200 минг долларга олиб келиш мумкин. Қолган икки хонанда учун эса 20 минг доллар етарли. Нашр маълумотича, фестивалга чақирилган санъаткорлар гонорари сунъий равишда деярли икки баробарга шиширилган бўлиши мумкин.