Иқтисодиёт | 11:08 / 09.04.2023
34313
15 дақиқада ўқилади

Номсиз муаллиф кимнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқда: ипакчилик соҳасиними ёки “Ўзбекипаксаноат”ни?

Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг “Ипак бўйинтуруқ” мақоласидан кейин “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси берган раддияни ҳам эълон қилган эдик. Аммо “Ипак бўйинтуруқ” муаллифи мазкур раддияни раддия эмас, “ўзи билан ўзи гаплашиш” деб баҳолади ва уюшма баёнотига муносабат билдирди.

Ипакчилик соҳаси муаммоларига бағишланган мақоламдан кейин аноним муаллиф (раддия кимга тегишли экани, қайси идоранинг позициясини ифода этаётгани маълум эмас – таҳр.) жавоб ёзиб, уни “раддия” деб номлаган. Нимаям дердим, бу каби долзарб мавзуда муҳокама юзага келишини фақат олқишлайман.

Мақоламнинг муҳим нуқталарини эслатмоқчиман:

1. Ўзбекистонда охирги йилларда пилла етиштириш ҳажми кўпаймоқда: 2017 йилда 12,5 минг тонна эди, 2022 йилда 24,3 минг тонна бўлди. Шойи экспорти (ипак ипи ва матоси билан бирга) 2017-2022 йиллар оралиғида 30,9 млн доллардан 92,5 млн долларгача етди.

2. 2017 йилдан бошлаб президент ва ҳукумат даражасида соҳа бошқарувини ўзгартиришга йўналтирилган бир қатор қарорлар қабул қилинди. Янги сиёсатнинг маркази – тайёр маҳсулот ишлаб-чиқаришнинг барча жараёнларини ўз ичига олувчи (ипак қурти тухумини етиштириш ва пилла етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришгача) ипакчилик кластерларини юзага келтириш. Бундан ташқари, соҳа корхоналарининг солиқ ва божхона юкини, транспорт харажатларини енгиллаштиришга, кредитлаштиришни, касаначилар меҳнатини яхшилашга қаратилган имтиёз ва преференциялар берилди.

3. Шу билан бирга, ҳукумат соҳа устидан маъмурий назоратни сақлаб турибди: тутзорлар учун ерларни ўзи тақсимлайди, қайта ишловчи корхоналарнинг пилла етиштирувчилардан пиллани сотиб олишнинг мажбурий режалари ва нархларини белгилайди.

Пилла етиштириш бўйича топшириқлар икки йўл билан жойлаштирилади. Кластерлар тўғридан тўғри ёки “Агропилла” бўлимлари орқали:

1) аксар пахта ва буғдой етиштиришга иқтисослашган фермерлар билан алоқага киришади ва улар билан тўғридан тўғри шартнома тузади;

2) касаначилар ўртасида буюртмаларни тақсимлашади.

2022 йил давомида Ўзбек Форуми 51 нафар фермер билан интервью ўтказган. Аксар фермерлар ер ижараси шартномасига мувофиқ пилла етиштириши керак эмас, бироқ маҳаллий давлат идоралари ва турли квазидавлат “жамоат ташкилотлари” уларни бунга мажбурлашади. Сўралганларнинг фақатгина 20 фоизи уларга пилла етиштириш-етиштирмаслик танлови берилганини айтишган.

4. Сўралган фермерларнинг 80 фоизи пилла учун жорий қилинган нархларни адолатсиз деб ҳисоблайди, 75 фоизи пилла етиштиришни ўзлари учун фойдасиз деб ҳисоблашади. Аммо бир қисми буни ўзлари учун фойдали деб билади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбарининг айтиши бўйича, келажакда фермерлар пилла етиштиришдан озод бўлишади, аммо 2026 йилгача фермерлар билан шартномалар тузиш давом этади.

5. Касаначилар пилла етиштиришга рози, баъзилари ўзлари мурожаат этишади. Сабаби – охирги йилларда нархлар кўтарилди, пуллар вақтида бериляпти. Қўшимча фойда ҳам олишяпти. Шу билан бирга (сўровнома натижасига кўра) аксар касаначилар нархларни адолатли эмас деб ҳисоблашади. Аммо пилла учун олишаётган пулдан ташқари фойда олишаётганини айтишди.

6. Ипакчилик соҳасида олиб борилаётган сиёсат аграр соҳасида давлат олиб бораётган сиёсатнинг бир қисми бўлиб, фермерларга берилган аксар ерларни баъзи маҳсулотларни режага мувофиқ етиштириш ва белгиланган нархда сотиш мажбурияти билан квоталаштиришга асосланган. Бу амалиёт фермерга ишлаб чиқариш таркибини ер, иқлим, сув етиш-етмаслиги, ишчилар квалификацияси, бозор конъюнктураси, ортиқча харажатлар миқдори ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда мақбуллаштириш имконини бермайди.

Бундан ташқари, маълум маҳсулотларни мажбурий етиштириш режалари фермерни ерни интенсив эксплуатация қилишга ундайди, алмаштириб экишга имкон бермайди.

Буларнинг барчаси ер эгаларининг тадбиркорлик эркини чеклайди, рақобат ва нарх яратилишида бозор механизмлари ишлаб кетишига йўл бермайди. Бозор муносабатлари қолиб, мансабдорларнинг ўзбошимча қарорлари саҳнага чиқади, бу эса ўз-ўзидан самарасизликни олиб келади, коррупцияни урчитади, соядаги иқтисодиёт ҳажмини кўпайтиради.

7. Соҳа бошқаруви самарасиз, ношаффоф ва манфаатлар тўқнашувига қурилган. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва “Ўзипаксаноат” уюшмаси функциялари бир-бирини такрорлайди. Шу билан бирга, уюшма бир-бирига зид вазифаларни бажаради, у бирйўла:

– хўжалик юритувчи субъект,

– соҳа вакиллари манфаатларини намоён этувчи уюшма,

– давлат регулятори.

Очиқ-ойдин манфаатлар тўқнашуви бу. Бошқа бир манфаатлар тўқнашуви ҳақида: ипакни қайта ишловчилар – нодавлат тижорий ташкилотлар фермерлар ўртасида пилла ишлаб чиқариш бўйича вазифаларни тақсимлашда иштирок этишади. Шу билан бирга, бу ерда режали вазифаларни тақсимлаш жараёнида маъмурий босим қилиш имкониятларини берувчи кенг арсенал ишлатилади.

8. Соҳада қўлланаётган сиёсатнинг муҳим жиҳатларидан бири – ноиқтисодий мажбурлаш амалиёти сақланиб қолаётгани. Гап қуйидагилар ҳақида:

— Давлат (регулятор сифатида қўмита ёки уюшма) томонидан сунъий равишда пасайтирилган нархлар касаначиларнинг оғир меҳнатлари учун арзирли ҳақ ола олмаслигига сабаб бўляпти, фермерларнинг эса – ташкилий ишлар учун тўлов қила олмаслигига.

— Фермерлар пилла етиштиришга бирон бир қонуний асоссиз мажбурланади, чунки аксарининг қўлидаги ер ижараси шартномасида бу турдаги ишни бажариш киритилмаган.

— Фермерларга нисбатан босим ўтказиш учун маъмурий ричаглар ишлатиляпти. Шу сабаб, фойда кўрмаган ҳолатларда ҳам, фермерлар пилла боқишга мажбур. Акс ҳолда бошлари узра ерни олиб қўйиш, текширишлар ва ишларига аралашув билан боғлиқ бошқа санкциялар таҳдиди туради.

— Касаначилар ва фермерларда пиллани сотиб олувчи корхонани танлаш имкони йўқ, бу эса уларни битта корхонага қарам қилмоқда, яхшироқ иш шароитларини танлаш ва ҳуқуқларини талаб қилиш имкониятларини чекламоқда.

Мақолада келган тавсиялар:

1. Ипакчилик соҳасини ислоҳ қилиш – мажбурий давлат буюртмасини қатъиян бекор қилишга, пахта, буғдой ва пилланинг эркин бозорларини шакллантиришга қаратилган ер ислоҳотининг бир қисми бўлиши керак.

Шунда ипакни қайта ишловчилар ипакни эркин бозорда эркин нархда сотиб олишлари керак бўлади. Шу билан бирга, улар ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шартномалар туза оладилар.

Ниҳоят, пиллани қайта ишловчилар тутзорлар ташкил қилиш учун ерларни ижарага олиши ва касаначиларга иккиламчи ижарага – пилла етказиш бўйича узоқ муддатли шартномалар тузиши мумкин бўлади.

2. Ипакчилик соҳаси маъмурий ислоҳотларга муҳтож: давлат сиёсатини юритиш, давлат регулятори, соҳа уюшмаси ва соҳадаги хўжалик юритувчи субъектлар – буларни бир-биридан ажратиш керак

Раддия муаллифи нимани ва қандай қилиб инкор қиляпти? Келинг, аниқлаштириб олайлик.

1. Раддия муаллифи соҳа ютуқлари, пилла ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажми кўпайгани, ипак маҳсулотлари экспорти ортгани ҳақида ҳикоя қилиб беряпти. Аммо бу раддия эмас – соҳа ўсгани ҳақида мен мақоламда ёзганман, айни рақамларни келтирганман.

Мақоламда мен соҳада ҳаммаси ёмон, соҳа стагнацияга учраяпти демаганман. Аксинча, охирги йиллардаги юз берган ислоҳотлар, ижобий силжишларни тилга олганман. Шу билан бирга, бошқарувда бозорга зид услублар сақланиб қолаётгани, уларни бозорга мос давлат бошқарувига алмаштириш кераклигини ёзганман. Ёзганларим мамлакат президенти томонидан маъқулланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига тўлиқ мос. Хусусан, стратегияда бозор муносабатларига ўтиш, давлат буюртмасидан воз кечиш ва соҳани либерализация қилишнинг бошқа йўналишлари кўзда тутилган.

2. Мен гўё “соҳа зиёнга ишлаяпти” деб ёздим-у, бунга раддия бериляпти. Мен бундай деб ёзганим йўқ. Шу учун у ўз-ўзига раддия бермоқда. Жумладан, у ипакни қайта ишловчи корхоналар орасида зиёнга ишлайдиганлари йўқ деган иддаони олдинга суради, гўё мен мақоламда шундай деб ёзганман.

Мен пилла етиштирувчи фермерлар пиллани мажбурликдан етиштираётганини ёзганман. Зотан бу ҳақда пиллачилар ўзлари гапириб беряпти. Аммо аноним муаллиф уларга ишонмаяпти. Нега? Чунки бунақа мажбурлов ноқонуний. Ноқонунийми, демак бўлиши мумкинмас. Ажойиб мантиқ ва ажойиб “раддия”...

Ҳа, пилла етиштиришдан фойда оладиган фермерлар ҳам бор. Мен улар ҳақида ўз мақоламда ёзганман. Аммо улар афсуски камчиликни ташкил қилади – сўровда қатнашганларнинг 20-25 фоизи.

3. Яна номаълум муаллиф пилла етиштирадиган касаначиларнинг иш ҳақи кам деган иддаони тўлқинланиб рад этмоқда. Аммо буни мен эмас, сўровда қатнашган касаначилар, фермерлар ва ҳатто “Агропилла” ходимлари айтяпти.

Ўз фикрини дастаклаш учун аноним муаллиф қуйидаги аргументни келтиради: “Бир қути ипак қуртини боқаётган касаначи аёл 2 млн сўм ишлаб топади”. Биринчидан, 2 млн сўм – бир ой оғир меҳнат учун катта иш ҳақи эмас. Иккинчидан, муаллиф бир тафсилотни унутяпти – бир қути ипак қуртини етиштириш учун одатда битта одамнинг ҳаракатлари етмайди – оила бўлиб, бирлашиб ҳаракат қилишади. Шу учун 2 млн сўмни битта одамнинг иш ҳақи деб бўлмайди. Буни муносиб иш ҳақи деб ҳам бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам, бозор иқтисодиёти шароитида ишчи кучи нархини мансабдор шахслар эмас, балки талаб ва таклиф нисбатига қараб бозор белгилаши керак.

Амалдаги тизимга нисбатан эътирозларим – бозорга мос бўлмаган нархлаш механизми. Агар пилла нархи эркин бозорда белгиланса, касаначилар ўз меҳнати учун кўпроқ маош олишлари, фермерлар эса ўз фаолиятидан фойда олишлари мумкин. Бунинг нимаси нотўғри? Бу ерда қайси фикрга раддия бериш мумкин? Ҳеч қайсига.

4. Аноним муаллиф “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси юридик шахсларнинг давлат билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, “давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мутлақо мустақил фаолият юритадиган” ихтиёрий бирлашмаси эканини қатъий таъкидлайди. Аниқми бу?

Унда нега уюшма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2856-сон қарори билан ташкил этилган? Нега президент қарори билан уюшма таркибидаги ташкилотлар, вазифалар, уюшма фаолияти, унинг ташкилий тузилмаси ва ходимларнинг максимал сони белгиланган? Ихтиёрий нодавлат бирлашмалар шу тарзда тузиладими? Сизнингча, ихтиёрий мустақил уюшмаларнинг раислари ва уларнинг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланадими, мақоми бўйича вазир ва вазир ўринбосарларига тенглаштириладими? Аминмисиз бунга? Яна бир савол: Уюшма мулки қаердан келади? Бу давлатнинг “совғаси” эмасми?

Нега тут плантациялари уюшмага аъзо бўлган “нодавлат” ҳудудий “Агропилла” МЧЖ балансидаги давлат ерларида жойлашган ва ипакни қайта ишлаш нодавлат ташкилотларига текин фойдаланиш учун берилган? Нима учун уюшмага аъзо бўлган ташкилотлар президент ва ҳукумат қарорлари билан маълум солиқлардан озод қилинган, имтиёзлар билан сийланган? Нега ипакчилик тармоғидаги инвестиция лойиҳалари рўйхатлари худди шу қарорлар билан тасдиқланган?

Навбатдаги савол: нима учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.07.2021 даги 5178-сон қарорида маҳаллий ҳудудий ҳокимликларга ипакни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш учун ем-хашак базасини яратиш, шунингдек, рўйхатларни шакллантиришни таъминлаш бўйича топшириқлар ҳамда ишсиз аҳолининг ипакчилик кластерларига бириктирилиши белгиланган? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 февралдаги 73-сон қарори билан эса фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида ипакчилик саноати корхоналари туманлар ҳокимларига топширилган. Шу билан бирга, пилла етиштириш, шунингдек, тармоқ корхоналарига доимий амалий ёрдам кўрсатиш ҳам.

Яна бир савол: пилланинг харид нархларини нима учун давлат белгилайди ва “нодавлат ва мустақил” уюшманинг бунга қандай алоқаси бор?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 июлдаги 4411-сон қарори билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига 2020 йилдан бошлаб тирик пиллани етиштирувчи корхоналардан сотиб олиш нархини камида 20 фоизга ошириш чораларини кўриш вазифаси юклатилди, 2021 йилдан – камида 10 фоизга.

Яна бир мисол: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 февралдаги 6059-сон қарори билан 2022 йилда етиштирилган пилла (тирик ипак қурти)нинг харид нархини 10 фоизга оширишни тасдиқлаш белгиланди.

5. Аноним муаллиф давлат режалари ҳар доим ҳам тут дарахтлари сони ва унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда белгиланмайди, деган гапимга қўшилмаяпти. Аслида бу ҳақда мен эмас, фермерлар гапиряпти. 2022 йилги сўровда қатнашган фермерларнинг 1/3 қисми тут баргларини қўшимча сотиб олишга мажбур бўлганини тан олган.

Мана бир гувоҳлик: “Бу йил ёмғир жуда кучли бўлгани учун ўз баргларимиздан фойдалана олмадик. Қўшни ҳудудлардан барг сотиб олиб келишга мажбур бўлдим. Бу менинг чўнтагим учун катта йўқотиш бўлди”.

Шу билан бирга, фермерлар тут баргларини ўғирлаш муаммосига дуч келишади ва дарахтларни ҳимоя қилиш учун қўшимча харажатлар қилишади.

6. Аноним муаллиф биз фермерлар ва касаначилардан эшитган баъзи бошқа даъволарга ҳам раддия бермоқда. Мисол учун, пилла кўпинча турар жойларда етиштирилади, кейин уларни тозалаш ва таъмирлаш керак бўлади. Аноним муаллифнинг фикрича, бундай эмас. Лекин нега пилла етиштириш билан бевосита шуғулланувчиларга эмас, балки унга – “раддия” муаллифига ишонишимиз керак?

Ёки яна бир нарса: муаллиф “пилла етиштириш бўйича шартномалар пилла кластерлари ва фермер хўжаликлари ўртасида ихтиёрий равишда тузилади, бунга ҳеч қандай давлат ташкилоти ёки бошқа идоралар аралашмайди”, деган фикрни илгари суради. Демак, фермерлар яна алдаяптими? Аноним муаллиф эса ҳалолликнинг Ер сайёрасидаги вакили...

Хулоса қилиб айтганда, “раддия” муаллифи:

— кўпинча ўзи ўзини рад этибди;

— пилла етиштириш билан бевосита боғлиқ бўлган одамларнинг сўзларига мутлақо ишонишни истамабди;

— ўз ташкилотининг “тўн шарафини” ҳимоя қилибди.

Юлий Юсупов

Мавзуга оид