Ўзбекистон | 22:43 / 07.07.2020
24046
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Facebook яна блокландими? Мутасаддилар изоҳ беришди

Сўнги бир неча кундан буён Ўзбекистонда Facebook тармоғига кириш қийинлашган. Фойдаланувчилар ижтимоий тармоққа асосан WiFi орқали киришда муаммолар кузатилаётгани, мобиль интернетдан фойдаланилганда бундай бўлмаётганини айтишмоқда.

Фото: Unsplash

Kun.uz суҳбатлашган ўнга яқин ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчилари VPN-илова орқали кираётганликларини айтишди. Акс ҳолда ижтимоий тармоққа кириб бўлмаётганидан шикоят қилишди.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдирилаётган кўплаб пост ва изоҳлар дунёдаги энг машҳур онлайн платформалардан бири Ўзбекистонда яна блоклангани ҳақида тахминларни юзага келтирмоқда.

«Бу масалани Facebook эгаларидан сўраш мақсадга мувофиқ»

АКТ вазирининг матбуот котиби Шерзод Аҳмадов Kun.uz мухбирининг саволига жавобан ўзи Facebook тармоғига киришда муаммоларга дуч келмаганини, тармоқ кимдадир яхши ишламаётган бўлса, бу масалани Facebook эгаларидан сўраш мақсадга мувофиқлигини маълум қилди.

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси вакили Азамат Акобиров Facebook ижтимоий тармоғидаги узилишларни ўрганиш инспекция ваколатига кирмаслигини айтди.

«Сўнгги бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда Facebook’нинг ёмон ишлаётгани қизғин муҳокама қилинмоқда. Менга мазкур масала бўйича изоҳ сўраб бир қанча ОАВ вакиллари мурожаат қилишди.

Шуни таъкидлашни истардимки, «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси алоқа хизматлари сифати устидан техник назоратни амалга оширади, операторлар ва провайдерларнинг техник инфратузилмаси билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Турли сайтларнинг очилиши, уларга кириш жараёнида кузатилаётган муаммоларни ҳал қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Биз бундай жараёнларни кузатмаймиз.

Мутахассисларимиз маълумотларига кўра, шубҳасиз, турли хил сайтларнинг мавжудлиги вақти-вақти билан ўзгариб туради ва бу интернет учун одатий ҳолдир. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, фойдаланувчилар бу вазиятни турлича тавсифлашмоқда: кимдадир мобил интернет орқали тармоққа киришда қийинчилик кузатилаётган бўлса, кимдадир бунинг акси. Яна кимдадир бу борада умуман ҳеч қандай муаммо йўқ. Умуман олганда, Facebook’ка оммавий киришда муаммо бор дейиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Эҳтимол, бу қайсидир провайдер ёки мобиль алоқа операторининг қайсидир ускуналарини модернизация қилиши ёки профилактика ишлари билан боғлиқдир»,деб ёзган инспекция вакили Азамат Акобиров ўзининг Telegram’даги каналида.

Бу биринчиси эмас

Ўзбекистонда Facebook билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам кузатилган. 2018 йилнинг 3 сентябридан 2019 йилнинг 22 февралигача ўзбекистонликлар Facebook ва YouTube’га фақатгина VPN орқали кира олишган.

Қарийб олти ой давом этган блокдан сўнг ушбу икки оммабоп тармоқ тўсиқсиз ишлай бошлаганди. Бу вақт давомида блок қўйилганини рад этиб келган масъуллар кейинчалик «техник муаммолар» ҳал этилганини айтишган.

Ўшанда Facebook ва YouTube’га қўйилган тўсиқ Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятидаги ўзгаришлар ортидан олиб ташлангани ҳақидаги мулоҳазалар пайдо бўлганди.

Кейинчалик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ўз интервьюларидан бирида аниқ исмларни тилга олмаган бўлса-да, ушбу тахминларда асос бўлганига шаъма қилганди.

«Агентлик раҳбари бўлиб тайинланганимдан сўнг Facebook ва YouTube’нинг ёқилиши бўйича маълум бир ҳаракатларни амалга оширдик. Блоклаган шахслар ҳозир қамоқда ўтирибди. Бунда мантиқ шундан иборат бўлганки, уларнинг фикрига кўра, жуда кўп салбий маълумотлар мавжуд эди. Ва улар Facebook ҳамда YouTube’ни ёпиш орқали салбий маълумотлар оқимини камайтириш мумкин, деган қарорга келишган. Бу борада жуда жиддий мунозаралар бўлди. Мен салбий маълумотлар билан қарши далиллар ва қарши фактлар орқали курашиш кераклигини айтдим.

Бу тўғри йўл, бошқа йўл йўқ. Бугунги кунда интернетни ўчириб қўйсангиз, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Хўш, Facebook ўчирилди. Охир-оқибат нима бўлди? Ҳамма VPN’дан фойдаланишни бошлади. VPN эса барча хавфсизлик тизимларини бузади. У ҳамма манбаларга кириш имкониятини очади. Агар ҳамма VPN’дан фойдаланишни бошласа, унда давлатда назорат қилиш воситалари қолмайди, масалан, террористик сайтлар, конституцияга қарши турли ҳаракатларга тарғиб қилувчи ёки гиёҳванд моддалар савдоси бўйича сайтлар. Ахир, ҳозирда буларнинг барчаси сайтлар орқали амалга оширилмоқда. Агар ҳар бир фуқаро ҳар қандай тўсиқдан ўтиб кетадиган VPN’га эга бўлса, унда ўз давлатингизни қандай ҳимоя қила оласиз? Биз буни тушунтирдик ва бунга эришдик«, – деб айтганди Комил Алламжонов.

Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатиш учун Ташқи ишлар вазирлигидан сўралган ёрдам

Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ўша пайтда тўғрисини айта олмаган мутасадди идораларнинг ажабтовур баёнотлари билан эсда қолган. Жумладан, 2019 йилнинг январида Kun.uz мухбири ўз манбаларига таянган ҳолда Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги Facebook маъмурияти билан алоқа ўрнатишда ёрдам сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу мазмундаги хат 2018 йил декабрь ойида Ташқи ишлар вазирлигига юборилган.

Мазкур хабар жамоатчилик ва интернет фойдаланувчиларнинг кулгиси ва танқидларига сабаб бўлган эди.

Facebook ишламаяптими: унда сизга VPN ёрдам беради

Facebook’ка киришда 2020 йил 4 июлдан буён кузатилаётган қийинчиликлар ортидан Ўзбекистонда VPN-иловалардан фойдаланувчилар сони яна кўпайган. 2018–2019-йиллардаги олти ойлик блокланиш даврида VPN мамлакат аҳолиси томонидан энг кўп юклаб олинган дастурлар 20талигига кирган эди.

Downdetector сервиси маълумотларига кўра, узилишлар марказларидан бири Ўзбекистонга, янаям аниқроғи, пойтахт Тошкент ва унга ёндош ҳудудларга тўғри келмоқда.

Мавзуга оид