Ўзбекистон | 07:58 / 19.03.2019
28582
6 дақиқада ўқилади

Туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкалари бўйича ўзгариш юз беради

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига озуқабоп экинлар етиштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мажбуриятлари билан ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ажратиладиган лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғилашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Бунда субсидия харажатлари 2019 йилда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари ҳисобидан қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан озуқабоп экинлар етиштирувчиларга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга ажратиладиган кредитларнинг валюта туридан қатъий назар бир гектарга эквиваленти 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисми бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ кредит ставкасининг 10 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда қопланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда иловага мувофиқ ажратиладиган ер участкаларида ер ости сув чиқариш учун суғориш тик қудуқлари бурғилаш жойларини аниқлаб, озуқабоп экинлар етиштирувчиларни хабардор қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари озуқабоп экинлар етиштирувчилар томонидан лалми ва яйлов ерлар ўзлаштирилган тақдирда, уларга чорва молларини сақлаш (фермалар), шу жумладан, энергия манбалари ускуналарини ўрнатиш ва уларни келгусида эксплуатация қилиш ҳамда бошқа турдаги инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаларини, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри туман ҳокимларининг қарорлари асосида ажратиб берилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4231–сон қарори ижросини ташкил этиш жараёнида “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари”нинг тавсиясига асосан:

чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир шартли бош чорва мол учун 0,5 гектардан туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкаларини 2 йил муддатда ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатли ижарага беради;

мазкур фуқароларга ушбу бандда кўрсатилган тартибда ажратилган ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳамда наслли чорва моли сотиб олиш учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат ветеринария қўмитасининг сунъий уруғлантириш бўйича мавжуд тизимни сақлаган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги “OʻZNASLCHILIK” давлат корхонаси томонидан эксперимент тариқасида 2019 йилда Қашқадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларидаги барча тоифа хўжаликларда наслчилик, шу жумладан, сунъий уруғлантириш ва сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Қибрай тумани, “Шалола” МФЙ ҳудудидан Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтига озуқабоп экинларнинг суперэлита ва элита уруғларини етиштириш учун 30 гектар суғориладиган ер ажратилишини таъминлайди.

Қуйидагилар 2022 йил 1 январга қадар:

озуқабоп экинлар етиштирувчилар, шунингдек, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан олиб кириладиган, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар рўйхатга мувофиқ божхона тўловларини тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади;

асаларичилик субъектлари асалари оилаларини “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимида қўшни мамлакатларга кўчириб чиқариши натижасида йиғиб олган табиий асални (ТИФ ТН коди 0409 00 000 0) республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади.

Бунда имтиёз битта асалари оиласи бўйича олиб кирилаётган табиий асалнинг 50 килограммдан ошмаган қисмига нисбатан қўлланилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид