Паст Дарғомда МИБга тўсқинлик қилганларга қонуний жазо берилади, етказилган зарар ундирилади
Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводининг электр ҳисоблагичсиз электр тармоғига тўғридан-тўғри уланганлиги ҳамда МИБ ходимларининг қонуний талабларини бажаришга қаршилик қилганлиги ҳолати бўйича Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати расмий баёноти эълон қилинди.
«Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводининг электр ҳисоблагичсиз электр тармоғига тўғридан-тўғри уланганлиги ҳамда МИБ ходимларининг қонуний талабларини бажаришга қаршилик қилганлиги ҳолати Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати, МИБ вилоят бошқармаси, вилоят электр тармоқлари корхонаси ходимлари ва Kun.uz нашри мухбирлари иштирокида жойида атрофлича ўрганиб чиқилди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида туман прокуратураси ҳамда бошқа масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Ўрганиш давомида Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводи томонидан Паст Дарғом туман электр таъминоти корхонасига жами 56 986 364 (эллик олти миллион тўққиз юз саксон олти минг уч юз олтмиш тўрт) сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди.
МИБ ходимларининг қонуний талабларини бажаришга қаршилик кўрсатилгани юзасидан Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан 15/2902-19-сонли терговга қадар текширув материаллари йиғилиб, ҳолат бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси Мардиев Асрор Абдуғаниевичга ҳамда туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли бўлган цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводининг технологияларни ишга тушириш билан норасмий шуғулланиб келган ёлланма ишчи Аннабазаров Рамшид Алиқуловичларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўллаш бўйича иш қўзғатилди. Ушбу иш кўриб чиқиш учун Каттақўрғон шаҳар маъмурий судига юборилди.
Бошқарув ва назоратда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекцияси бошлиғи Аймаматов Шухрат Ураловичга туман ҳокимининг 2019 йил 9 декабрдаги 417-ФК-сонли фармойишига кўра интизомий жазо (ҳайфсан) қўлланилди».
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида «Паст Дарғомда корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган: МИБга ҳокимлик вакиллари тўсқинлик қилишди» сарлавҳаси остида мазкур воқеа тафсилотларига бағишланган суриштирув эълон қилинган эди.
Аввалроқ МИБ Паст Дарғом туман бўлими бошлиғининг вазифасидан озод этилганлиги ҳолати бўйича Самарқанд вилоят МИБ ахборот хизмати томонидан расмий муносабат ҳам эълон қилинди.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
23:03 / 08.11.2024
Самарқандда уйда тайёрланган консерва маҳсулотларидан еган бир оиланинг 4 аъзоси заҳарланди
07:37 / 08.11.2024
202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди
20:55 / 02.11.2024