Жаҳон | 20:08 / 04.06.2026
7941
5 дақиқада ўқилади

Москвадан Қримга кетаётган йўловчи автобус зарбага учради

Фото: Reuters

Донецк областининг оккупация остидаги қисмига Москва томонидан тайинланган ҳукумат украин ҳарбийлари Енакиево шаҳрида Симферопол томон кетаётган йўловчи автобусга дрон орқали зарба берганини маълум қилди. Ҳужум оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган. Украина қуролли кучлари бош штаби «тажовузкор давлат томонидан берилган баёнотлар юзасидан изоҳ бермаслиги»ни билдирган.

Чоршанба куни тонгида ўзини ўзи эълон қилган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилин «Москва – Симферопол» йўналишидаги автобусга берилган зарба оқибатида етти киши ҳалок бўлиб, 11 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берди.

Кейинроқ у аниқлик киритиб, қурбонлар сони саккиз нафарга етганини, шунингдек, автобус дастлабки хабарда айтилганидек Москвадан эмас, балки шаҳар ташқарисидаги Подолскдан келаётган бўлганини маълум қилди.

Яна нималар маълум?

Енакиево шаҳри фронт чизиғидан тахминан 40 км масофада жойлашган.

Аннексия қилинган Қрим расмийларининг айтишича, автобус маҳаллий ташувчига тегишли бўлган. «Болшой мир» компанияси бош директори Элмаз Аблякимов «Вот так» нашрига айтишича, Россия марказидан Қримга рейслар учун иккита йўналиш бор: Донецк областининг шимолий қисмидан ёки жануброқдаги Мариупол ҳудудидан ўтувчи «Новороссия» трассаси орқали.

РБК нашри ёзишича, рейс учун жами 53 киши рўйхатга олинган, аммо зарба вақтида улардан қанчаси автобусда бўлгани маълум эмас, маҳаллий расмийлар йўналиш давомида қайси йўловчилар қайси бекатларда автобусдан тушиб қолгани ёки кимлар автобусга қаерда чиққани бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.

ДХР соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлашича, жабрланганларнинг барчаси тинч аҳоли вакиллари бўлиб, улар орасида ҳарбий хизматчилар бўлмаган.

Жароҳатланганлар Ҳорливкадаги шифохонага олиб борилган. Ҳалок бўлган йўловчиларнинг шахслари очиқланмаган.

Украина томони нима деди?

Украина қуролли кучлари бош штаби ҳар кунги ҳисоботида Енакиево ҳудудидаги объектларга ҳужумлар ҳақида хабар бермаган.

Бош штабнинг BBC сўровига жавобида «Украина қуролли кучлари тажовузкор давлат томонидан берилган баёнотларни изоҳламаслиги» билдирилган ва ижтимоий тармоқларда бериб бориладиган ҳисоботларни кузатиш тавсия қилинган.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко эса автобусга берилган зарбани тўғридан тўғри рад этмаган.

«Россия мунтазам равишда дронлар билан тинч аҳолига ҳужум қилмоқда. Албатта, ҳамма бу ҳақда гапирганда, россияликлар томонидан бундай ҳаракатларнинг далиллари мавжуд бўлганда, улар асосий пропаганда қуролидан фойдаланади: параллел реалликни яратишади», – деган у BBC нашрига.

«Тинч аҳолимизга қилинган бу ҳужумлар фонида улар Украина худди Россия каби ҳаракат қилиши ҳақидаги ҳикояларни ўйлаб топмоқда. Бу бизнинг ҳаракатларимизга жавобан уларнинг террорига кўниктириш учун қилинмоқда», – дея қўшимча қилган Коваленко.

Россия томони нима деди?

Россия ҳукумати турли даражаларда зарбани қоралади. Кремл расмий вакили Дмитрий Песков буни «Киев режимининг навбатдаги жинояти» деб атади. Россия Тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича иш қўзғатди.

1 июн куни Россия президенти Владимир Путин Киевдагилар ўсмирларга қарши «оғир жиноятлар» содир этиб, «можарога янгича сифат беришни хоҳлаётгани»ни ҳақида гапирганди. Мисол тариқасида у Старобелскдаги коллежга қилинган ҳужумни (у ерда 21 киши ҳалок бўлган) ва Херсон областининг босиб олинган қисмидаги Геническ шаҳрига қилинган ҳужумни келтирди (бунинг оқибатида вояга етмаган бир бола ҳалок бўлган).

Украина қуролли кучлари бош штаби Старобелскка ҳужум юзасидан изоҳида у ерда Россия ҳарбий объектларига зарба берилганини маълум қилган. Украина ҳарбийлари «халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига, уруш қонунлари ва одатларига қатъий риоя қилишлари»таъкидланган.

Москва ўз ҳудудига қилинган ҳужумларга жавобан Украинага «тизимли зарбалар» бериши ҳақида огоҳлантирган. Россия ҳукумати мунтазам равишда фақат ҳарбий объектларни нишонга олаётганини таъкидламоқда, бироқ мунтазам равишда тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид