Ўзбекистон | 10:08 / 05.10.2021
4949
2 дақиқада ўқилади

Хирургия марказида юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилади

Фото: iStock

Президент “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда 2022-2023 йиллар давомида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кўлами оширилишини, шу жумладан, туман (шаҳар)ларда амалга ошириладиган амалиётлар тури 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага оширилишини, Хирургия марказида юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилишини таъминлайди.

Хирургия маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилиши таъминланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларининг хорижий тилларни яхши биладиган ходимларини 2021-2022 йилларда хирургия соҳаси учун долзарб йўналишлар бўйича нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, шунингдек, Хирургия маркази фаолиятига етакчи хорижий мутахассисларни жалб этиш чоралари кўрилади.

Белгилаб қўйилсинки:

Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи мазкур бандга мувофиқ малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориладиган ходимларнинг шаффоф танлов асосида танлаб олинишини таъминлайди;

малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориладиган ходимларга Хирургия маркази билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид