Робот технологиялари замонавий тиббиётнинг келажаги экани таъкидланиб, президент ўтган йили соҳа ходимлари билан учрашувда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари олдига илғор рақамли ечимларни амалиётга кенг татбиқ этиш вазифасини қўйган эди.

Маълум қилинишича, В.Воҳидов номидаги марказ мазкур топшириқ ижроси доирасида биринчилардан бўлиб робот-ассистентли хирургик тизимни ишга туширган. Бу эса Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилмоқда. Шу тариқа марказ ушбу технологияни амалиётга жорий этган навбатдаги давлат даволаш муассасасига айланган.

Бугун ушбу воқеага бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Бобоев иштирок этди. Шунингдек, тақдимотда барча вилоят кўп тармоқли шифохоналарининг хирургия бўлимлари ходимлари видео-конференц-алоқа орқали қатнашди.















