Ўзбекистон | 09:56 / 01.03.2019
9593
7 дақиқада ўқилади

Иқтисодий процессуал кодекс янги модда билан тўлдирилади

Фото: Norma.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ–461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

162-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда баён этилиши мумкин, бундан ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судгача мажлис ўтказиш ҳоллари мустасно”;

қуйидаги мазмундаги 163-1-модда билан тўлдирилади:

“163-1-модда. Судгача мажлис

Зарур бўлган ҳолларда, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судья судгача мажлис ўтказиши мумкин.

Бунда судья:

1) даъвогарни ўзи арз қилинган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

2) ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, алоҳида мураккаб ишлар бўйича эса, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади. Жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда унинг томонидан ёзма тушунтиришлар ва далиллар тақдим этилмаганлиги ишни ишдаги мавжуд далиллар бўйича кўриш учун тўсқинлик қилмайди;

3) тарафлардан келишув битими ёки низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларини тузиш эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

4) ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлган илтимоснома ва ҳужжатларни топшириш муддатларини, агар мавжуд бўлганда гувоҳлар рўйхатини алмашишни назарда тутувчи суд муҳокамасининг прогноз жадвалини аниқлайди;

5) суд мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув мавжудлигини, ушбу Кодекс 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.

Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслар хабардор қилинганлик фактини қайд этадиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.

Судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади: судгача мажлис ўтказилган йил, ой, сана ва жой; ишни юритаётган суднинг номи; судья ва мажлис котибининг (судья ёрдамчиси ёки катта ёрдамчиси) исми шарифи; тарафлар, бошқа манфаатдор шахслар ва уларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар; тарафлар томонидан берилган тушунтиришлар.

Тарафлар келмаган тақдирда, судья ушбу Кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган ҳаракатларни амалга оширади. Бундай ҳолда баённома тузилмайди.

Судгача мажлис ўтказиш билан ишни суд муҳокамасига тайёрлаш даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилган пайтдан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўтказилиши керак.

Ушбу Кодексда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, судгача мажлисда иш юритиш тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши мумкин”.

171-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Суд кўзда тутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда ишни суд мажлисида кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан:

тарафнинг илтимосномаси бўйича, у низони келишув йўли билан ҳал қилиш мақсадида суддан кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган тақдирда;

агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса;

ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича;

суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни унинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда;

тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш ёки учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича;

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда;

суд процесси иштирокчиларидан бирортаси келмаган ва кўрсатилган шахснинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинганлиги тўғрисида далил мавжуд бўлмаганда;

ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор бўлган жавобгар билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;

низоли ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;

иккинчи жавобгар ёки учинчи тарафни ишда иштирок этиш учун жалб этиш зарур бўлган тақдирда, суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун белгиланган муддат доирасида кўпи билан ўн кунга қолдирилиши мумкин.

Суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони уч мартадан ошмаслиги керак.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Агар суд мажлисида тарафлар ҳозир бўлса, суд келган гувоҳларни суд муҳокамаси кейинга қолдирилгунига қадар сўроқ қилишга ҳақли. Бу гувоҳларнинг кўрсатувлари янги суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Ушбу гувоҳларни янги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳолларда амалга оширилади.

Ишда иштирок этувчи, аммо суд мажлисига келмаган шахслар ушбу Кодекснинг 127-моддасида белгиланган тартибда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш материалларига қўшиб қўйиладиган тилхат орқали хабардор қилинади.

Суд муҳокамаси кейинга қолдирилганидан сўнг давом эттирилади.

Зарурат бўлганда ишнинг муҳокамаси у қолдирилганидан кейин бошидан бошланади”.

172-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилади:

“Суд мажлисида танаффуслар сони уч мартадан ошмаслиги керак”;

иккинчи–тўртинчи қисмлар тегишинча учинчи–бешинчи қисмлар деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид