Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрондан «жуда яхши баёнот» олган Трамп, Ғазода сулҳнинг иккинчи босқичи ва Украинада яна коррупцион можаро – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эрон ҳаво ҳудудини ёпиб, қайта очди
14 январ куни эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги хавотирлар фонида Теҳрон қарийб беш соатга яқин ўз ҳаво ҳудудини ёпди, кейин қайта очди. Ёпилиш ўнлаб авиакомпаниялар рейсларини бекор қилишга, йўналишини ўзгартиришга ёки кечиктиришга мажбур қилган.
Вақтинчалик ёпилиш – президент Доналд Трамп Эрон билан боғлиқ вазиятга қандай жавоб бериш ҳақида ўйлаб турган бир пайтда содир бўлди. Эрон эса сўнгги йиллардаги энг йирик ҳукуматга қарши норозилик намойишларини бошдан кечирмоқда.
Оқ уйдаги манбалар эса Трамп вазиятга нисбатан кутиш ва кузатиш позициясини тутаётганини билдирди. Трамп ўзи ҳам журналистларга норозиликларни бостириш жараёнида «ўлдиришлар камайиб бораётгани» ҳақида маълумот олганини айтган.
У эҳтимолий АҚШ ҳарбий аралашувини инкор этмади ва «жараён қандай кечишини кузатамиз», деди. Трамп маъмурияти Эрондан «жуда яхши баёнот» олганини қўшимча қилди.
Исроил ва европалик расмийлар эса АҚШ ҳарбий аралашуви яқин вақтларда содир бўлиши мумкин, демоқда.
АҚШ расмийсининг айтишича, Қўшма Штатлар Яқин Шарқдаги базаларидан айрим ходимларини олиб чиқмоқда. Бундан олдин Эроннинг юқори мартабали расмийси агар Вашингтон зарба берса, Теҳрон АҚШ, Саудия ва БААдаги базаларига ҳужум қилишидан огоҳлантирган эди.
Трамп: тинчлик келишувига Киев тўсқинлик қилмоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп Reuters агентлигига берган интервюсида Украинада тинчлик битимининг тузилишига Москва эмас, балки Киев тўсқинлик қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин урушни якунлашга тайёр, Украина эса «келишувга камроқ тайёр».
АҚШ етакчилигидаги музокаралар нега Европадаги энг йирик можарони тўхтата олмаганига доир саволга Трамп шунчаки «Зеленский» деб жавоб берди ва тафсилот келтирмади.
Аслида эса 2025 йилдаги АҚШ разведкаси баҳосида Владимир Путин ҳамон бутун Украина ҳудуди устидан назорат ўрнатишга интилаётгани айтилганди. Бундан ташқари, АҚШ разведкаси хулосалари кўп жиҳатдан Европа махсус хизматларининг баҳолари билан мос келади.
Декабр ойида Германия ташқи ишлар вазири Ёҳан Вадейфул ҳам Россия президенти тинчлик музокараларини бошламаслик учун баҳоналар излаётганини айтган эди.
Ғазо сулҳининг иккинчи босқичи бошланмоқда
АҚШ 14 январ куни Ғазо урушини тугатиш бўйича режанинг иккинчи босқичини ишга тушираётганини маълум қилди. Лекин ҳозирда биринчи босқичнинг асосий элементлари, жумладан, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги тўлиқ сулҳ ҳамон бажарилмаган.
Хусусан, биринчи босқич — Исроилнинг Ғазода юзлаб одамларни ўлдириши, охирги исроиллик гаровга олинган шахс жасадининг қайтарилмагани, Миср билан чегарадаги Рафаҳ ўтиш пунктини очилмагани сабаб издан чиққан.
Иккинчи босқичга ўтилиши билан АҚШ ва унинг ҳамкорлари бундан ҳам мураккаб масалалар — Ҳамасни қуролсизлантириш ва халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштиришни ҳал қилишига тўғри келади.
Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф бу босқич Ғазода ўтиш даври учун технократик Фаластин маъмурияти ташкил этилишини айтган. Шунингдек, қуролсизлантириш ҳамда қайта қуриш жараёни бошланади.
Миср, Қатар ва Туркия қўшма баёнотига кўра, Фаластин органи 15 аъзодан иборат бўлади. Унга Фаластин маъмуриятида собиқ вазир ўринбосари бўлган, саноат зоналарини ривожлантириш билан шуғулланган Али Шаат раҳбарлик қилади.
Шаатнинг айтишича, қўмита аввало Ғазо вайроналари орасида чодир шаҳарчаларда яшаётган кўчирилган фаластинликлар учун уй-жой билан таъминлашга эътибор қаратади.
Технократлар органи халқаро «Тинчлик кенгаши» томонидан назорат қилинади. Уни эса БМТнинг Яқин Шарқ бўйича собиқ махсус вакили Николай Младенов бошқариши кутилмоқда.
Украинада яна коррупцион можаро
Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко ўзининг «Баткившчина» партияси офисида тинтувлар бўлиб ўтганини тасдиқлади. У чоршанба эрталаб бутун тун давом этган тергов ҳаракатлари ҳақида ёзди.
«Улар ҳеч нарса топишмади, шунинг учун шунчаки менинг иш телефонларимни, парламент ҳужжатларимни ва расмий декларацияда тўлиқ кўрсатилган шахсий жамғармаларимни олиб кетишди», деб ёзди у. Тимошенко коррупция айбловларини рад этди.
Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратура Тимошенкога гумон ҳақида расмий билдиришнома топширган. У Рада депутатларини сотиб олишда айбланмоқда. Юлия Тимошенкога мансабдор шахсларга ноқонуний манфаат таклиф қилиш айби қўйилган.
Расмийларга кўра, тергов «мазкур шахсга гумон эълон қилиш учун етарли далиллар» тўплаган ва бу иш сиёсий таъқиб эмас. Шунингдек, бошқа фракциялардан қарийб 20 нафар депутат муайян қонун лойиҳалари учун овоз бериш эвазига пул олгани эҳтимоли текширилмоқда.
Юлия Тимошенко 2005 йилда ҳамда 2007-2010 йилларда Украина бош вазири бўлган.
АҚШ 75 давлат фуқаролари учун иммиграцион визаларни беришни тўхтатди
АҚШ президенти маъмурияти 75 та давлат фуқаролари учун иммиграцион визалар бўйича аризаларни кўриб чиқишни тўхтатмоқда. Бу – Вашингтоннинг иммиграцияга қарши чораларини кучайтиришининг бир қисми ҳисобланади.
Бу ҳақда баёнот берган АҚШ Давлат департаменти матбуот котибининг айтишича, бу танаффус – Лотин Америкаси ва Болқоннинг айрим давлатлари, Покистон ва Бангладеш каби Жанубий Осиё мамлакатлари, Ўзбекистон ва Қозоғистон каби Марказий Осиё давлатлари ҳамда Африка, Яқин Шарқ ва Кариб ҳавзасидаги кўплаб давлатлар фуқароларига таъсир қилади. Танаффус жорий йил 21 январдан бошланади.
Reuters кўрган расмий хабарномага кўра, департамент АҚШ визасига ариза топшираётган барча шахслар учун «энг юқори даражадаги текширув»ни таъминлаш мақсадида барча қоидалар ва кўрсатмаларни «тўлиқ қайта кўриб чиқиш» жараёнидан ўтказмоқда.
АҚШ элчихоналари ва консулликларига юборилган хабарда «ушбу мамлакатлардан бўлган аризачилар АҚШда давлат учун молиявий юк бўлиш хавфи юқори бўлган шахслар ҳисобланиши ва ёрдам сўраши» ҳақида айтилган.
Хабарномада АҚШ консуллик ходимларига – чоп этишга рухсат берилган, аммо ҳали чоп этилмаган визаларни ҳам, чоп этилган, аммо консуллик бўлимидан чиқиб кетмаган визаларни ҳам рад этиш бўйича кўрсатма берилган.
Бу қарор АҚШга ташриф буюриш (visitor) визаларига таъсир қилмайди. Бу турдаги визалар 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва 2028 йилги Олимпия ўйинларига АҚШ мезбонлик қилиши сабаб эътибор марказида турибди.
Мавзуга оид
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026
Исроилда фаластинликларни камситувчи қонун, Ҳўрмузда ёқиб юборилган Кувайт танкери ва Германияга келган Аш-Шаръа – кун дайжести
15:30 / 30.03.2026