Иқтисодиёт | 14:34 / 30.10.2024
3933
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?

Ўзбекистонда келаси йил энергетика, иссиқлик таъминоти, хусусий боғчалар ва бошқаларга давлат бюджетидан жами 28,3 трлн cўм субсидия ажратиш кўзда тутилмоқда. Бу – ижтимоий нафақа тўловлари, илм-фан, маданият ва спортга ажратилаётган маблағлар йиғиндисидан ҳам кўпроқ. Энг кўп субсидия энергетика соҳаси учун берилади – 12,3 трлн сўм.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025–2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасини эълон қилди. Унда келтирилган 2024 йилги бюджет ижроси таҳлилига кўра, жорий йилда субсидиялар учун 28,9 трлн сўм сарфланиши кутиляпти. Бу – давлат бюджети харажатларининг 9,1 фоизига тенг.

Хусусан, йил охиригача энергетика соҳасини қўллаб-қувватлашга умумий ҳисобда 16,2 трлн сўм ажратишга тўғри келади.

2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий-иқтисодий, транспорт-коммуникация, экспортни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги, аҳоли бандлигини таъминлаш каби соҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилиши белгиланган субсидияларнинг умумий қиймати 28,3 трлн сўмни ташкил этади. Бу – давлат бюджети даромадларининг 8,2 фоизи дегани. 

Айрим соҳаларга давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия миқдори қуйидагича:

  • нодавлат боғчаларга 3,8 трлн сўм;
  • аҳоли уй-жой сотиб олиши учун 2,5 трлн сўм;
  • жамоат транспорти зарарларини қоплаш учун 2,7 трлн;
  • тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун 2,7 трлн;
  • энергетика соҳаси учун 12,3 трлн сўм, хусусан, газ сотиб олиш ва сотишдаги тафовутни қоплаш учун 7 трлн сўм;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги учун 2,5 трлн сўм;
  • геология-қидирув ишлари учун 0,9 трлн сўм.

Таққослаш учун, 2025 йилда ижтимоий нафақа тўловларига 17,3 трлн сўм, илм-фанга 2,3 трлн сўм, маданият соҳасига 3,8 трлн сўм, спорт соҳасига 3,3 трлн сўм, шу тўртта йўналишга жами 26,7 трлн сўм ажратиш режа қилинган.

Бошқача айтганда, субсидияларга ажратилаётган маблағ (28,3 трлн сўм) ижтимоий нафақа тўловлари, илм-фан, маданият ва спортга ажратилаётган жами маблағлардан (26,7 трлн сўм) кўпроқни ташкил қилади.

Мавзуга оид