Ўзбекистон | 20:21 / 03.12.2021
19082
4 дақиқада ўқилади

Рад қилинган қонун, нос ҳақидаги баҳслар ва мавҳум жамоат жойи тушунчаси – Қонунчилик палатасининг жонли эфирдаги мажлиси қандай ўтди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисининг бир қисми жонли эфирда узатилди. Kun.uz ушбу жонли эфирдаги эътиборга молик ҳолатларни тақдим этади.

Мажлис аввалида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. 108 нафар депутат қатнашган мажлисда қонун биринчи ўқишда 100дан ортиқ депутатнинг овози билан қабул қилинди.

Иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган қонунда, аввало жамоат жойи тушунчасига тўлиқ таъриф берилмагани қайд этилди. Шунингдек, қонунга киритилаётган «носвой» бўйича тегишли бандлар ҳам айрим депутатларнинг норозилигига сабаб бўлди. Уларнинг фикрига кўра, нос ҳақидаги талабларнинг қонунчиликка киритилиши унинг легализациясига йўл очиши ва янада кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.

Лекин, кўпчилик бошқа депутатлар реал ҳаётда, чекка ҳудудларда кўпчилик барибир нос чекишини, бундан кўз юмиш эмас, балки ҳолатни тартибга солиш зарурати борлигини таъкидлашди.

Фаол депутатлардан Алишер Қодиров лойиҳадаги тамаки маҳсулотларининг тури сифатида келтирилган сунъий синтез маҳсулотларини бу турга қўшмаслик ҳақида гапирди. Расул Кушербаев эса қонунда келтирилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланган жойлар борасида тушунмовчиликлар борлигини таъкидлади.

Фото: Қонунчилик палатаси

Спикер Нуриддин Исмоилов қонуннинг бу талаби унинг рус тилидаги матнида яхшироқ тушунтириб, изоҳлаб берилганини таъкидлади.

Мунозараларда илгари сурилган таклифлар, депутатлар берган тавсиялар асосида лойиҳанинг баъзи моддалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, таркибий жиҳатдан тузатишлар киритилди. Баҳсли бўлган айрим моддаларга берилган таклифларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани такомиллаштириш мақсадга мувофиқ деб топилди ва у иккинчи ўқишдан ўтмади.

Шундан сўнг палата мажлисини жонли эфирга узатиш тўхтатилди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматига кўра, куннинг иккинчи ярмида депутатлар «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги, Солиқ кодексининг тегишли моддаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги, «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини кўриб чиққан ва қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги қонунлар кучга кириши учун депутатлар уни жами уч ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилиши керак. Кейин қонун Олий Мажлис Сенатига ўтади, президент томонидан имзолангач, ҳужжатнинг ўзида белгиланган муддатда кучга киради.

  • Антикоррупция агентлигининг маълум қилишича, очиқликка доир президент фармонида келтирилган тавсиялар асосида, эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мазкур ойда бўлиб ўтадиган навбатдаги сессиялари ҳам маҳаллий телеканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн трансляция қилиниши кўзда тутилган.

Мавзуга оид