Ўзбекистон | 14:17 / 27.02.2026
4462
2 дақиқада ўқилади

Тошкент – Термиз йўналишига тезюрар поездлар қўйилади

Йиғилишда Сурхондарёда йўл инфратузилмасини янгилаш бўйича топшириқлар берилди. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездлар олиб келиш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди. Бундан ташқари, Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар қўйилиши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сурхондарё вилоятида йўл ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Икки йил олдин Осиё тараққиёт банки билан 183 млн доллар ҳисобидан Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километр қисмини цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси бошлангани, бу йўл ишга тушса, юк ҳажми 2 карра ошиши, ташиш вақти 3 соатдан 1,5 соатга қисқариши маълум қилинган.

Президент Ўзбекистонни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километрли магистрал йўл қарийб 30 йилдан бери капитал таъмирланмаганини таъкидлади. Мутасаддиларга қурилиш ишларини уч ой ичида бошлаш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда темирйўл қатновига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда Тошкент – Термиз йўналишидаги йўловчи поезди 14 соатдан кўп вақт юради. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилган.

«Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр бўлган «Қумқўрғон – Қудуқли» темирйўлини электрлаштириш ишларига киришиш топширилди.

Бундан ташқари, Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар қўйилиши белгиланди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Шеробод ва Бойсундан кунига 100 минг одам вилоят марказига енгил машинада келиб-кетяпти. Сурхондарёга олиб келинаётган 125 та автобусни биринчи навбатда ушбу йўналишларга қўйиш топширилди.

Йил охиригача Музработдаги 56 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб бериш лойиҳаси якунига етказилади. Музработ, Олтинсой, Ангор, Қизириқ ва Бойсун марказларига канализация олиб бориш лойиҳаси бошланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид