Иқтисодиёт | 17:11 / 10.07.2024
4654
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Хўжаев энергорегуляторга табиий газ соҳаси бўйича ваколат берилмаганини изоҳлади

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаевнинг айтишича, электр энергияси соҳасида бозорга ўтиш концепцияси тайёр, яъни бу йўналишда нима қилиш кераклиги аниқ. Табиий газ соҳасида эса ҳали бу босқичга етиб келинмаган. Аниқ вазифалар белгилаб олингач, табиий газ соҳаси ҳам энергорегуляторга юклатилади, деди у.

YouTube / Otabek Bakirov

Ўзбекистондаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатдаги талабни тўлиқ қондира олади, деди Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев.

Энергорегулятор раҳбари бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров билан унинг “Диалог” номли дастуридаги суҳбатида айтиб ўтди.

“Бугунги кунда, ишонтириб айтишим мумкин, генерация қувватларимиз Ўзбекистондаги талабни тўлиқ қондира олади. Яъни электр энергиясини етарли миқдорда ишлаб чиқаришда ҳеч қандай муаммо-масала қолгани йўқ. Чунки жуда катта қувватли янги электр станциялари – ИЭСлар, ҚЭСлар ва ШЭСлар ишга туширилди”, деди Хўжаев.

Бир неча йил олдин энергетика соҳаси регулятори ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинганида, регулятор нафақат электр энергияси, балки табиий газ соҳасини ҳам тартибга солиши кўзда тутилган эди. Ўтган йили қабул қилинган, энергорегуляторни ташкил этиш ҳақидаги фармонда эса бу ташкилот фақат электр энергияси соҳаси билан шуғулланиши белгиланди. Отабек Бакиров ташкилот раҳбаридан бу ўзгаришнинг сабабини сўради.

“Электр энергияси соҳаси – энергорегулятор учун биринчи босқичдаги вазифа. Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлгани каби, энергорегулятор ҳам электр энергияси, ҳам табиий газ, ҳам кўмир, ҳам нефт маҳсулотлари соҳасини қамраб олади. Лекин биз электр энергияси йўналиши бўйича бироз илгарироқда бўлганимиз учун... Яъни [бу соҳада] бозор концепцияси ишлаб чиқилган, маъқулланган. Оддий тилда айтганда, энергорегулятор электр энергияси соҳасида буёғига нима иш қилиши кераклиги аниқ. Табиий газ соҳасида ҳали бу босқичга етиб келингани йўқ. Ўйлайманки, табиий газ соҳасида ҳам аниқ вазифалар ва йўналишлар белгиланганидан сўнг ушбу вазифа энергорегуляторга юклатилади”, – деди энергорегулятор раҳбари Шерзод Хўжаев.

Мавзуга оид