Беш ташаббус баҳонами? Мактаб учун мўлжалланган ер тадбиркорга бериб юборилди
Зангиота ҳокимлиги ҳужжатлардаги сўз ўйинлари орқали аслида мактаб ва боғча қуриш учун мўлжалланган ерни турар жойлар қуриш мақсадидаги тадбиркорга нол қийматда бериб юборган. Ваҳоланки ҳудудда мактаб етишмовчилиги бор. Ҳокимликка на аҳоли эътирози, на прокурор протести, на вазирлик ва на кадастр органининг қаршилиги кор қилмаяпти.

Тошкентнинг биқинида мактаб, боғча, сув ҳавзаси ва бошқа ижтимоий объектлар учун ажратилган ҳудудда коттежлар қурилмоқда. Ноқонуний экани шундоққина кўриниб турган қурилишни ҳатто ҳукумат комиссияси ҳам тўхтата олгани йўқ.
Зангиота тумани Фаробий маҳалласи фуқароларидан Kun.uz'га шикоят тушди. Унда ушбу маҳалла ташкил этилган вақтларда мактаб ва боғча қуриш учун қолдириб кетилган ер майдони туман ҳокими қарори билан турар жойлар (коттеж) қуриш учун тадбиркорга бериб юборилгани айтилади.
Kun.uz Ўзбекистонда мактаб етишмовчилиги энг катта муаммолардан эканидан келиб чиқиб, бу мурожаатни жойига чиқиб, батафсил ўрганишга қарор қилди.
Маҳалла фаолларидан Алишер Содиқов муаммо атрофидаги манзарани тасвирлаб берди.
“Бу ердаги 4 та маҳаллада 17 минг киши истиқомат қилади. Узоқ нуқтасидан турган жойимизгача 2,5 км. На мактаб, на боғча, на бирор чойхона, на спорт мажмуаси бор. Ҳеч нарса йўқ. 1 км нарида битта мактаб бор, 1970-йилларда қурилган. Бир синфда 40-45 бола ўқийди. 1600-1700 ўқувчи таҳсил олади. 3-сменаликлари бор ҳатто.
Бу ер мактаб учун қолдирилган жой эди. Нима учун мактаб қурилиши керак бўлган жойга тадбиркор уй қурмоқда. (Ҳоким) қарор чиқарганда президентнинг беш ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида дейилган, беш ташаббус нима эканини билармикан ҳокимнинг ўзи? Беш ташаббусда уй қурсин демаган, қолаверса, халқ рози бўлмаган. Улар халқ рози дейишмоқда.
Шу кеча-кундузда ерни нол қийматда беришга ҳокимнинг ваколати йўқ-ку. Ўғрилик қилса, қамашади, бу ерда шунча ер олиб қўйиляпти. Нега нол қийматда беради? Шу ерга мактаб ва боғча қураман деб келган тадбиркорга бу ер суғориладиган майдон, мумкин эмас, дейишди. Орадан 1 ой ўтмасдан, ташландиқ бўлиб қолди ўзидан ўзи. Бояги тадбиркорга мумкин бўлиши учун нимадир қилиши керакмиди?” – дейди Алишер Содиқов.
40 йил лойиҳачи конструктор-муҳандис бўлиб ишлаган Маъмура Носирова муаммо хусусида бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб бераркан, “ҳақиқатни айтгани учун ёмонотлиқ бўлиб қолгани”ни таъкидлади.
“Саккиз ҳудуд раҳбари Босит Йўлдошевнинг ўзи маҳалла комиссиясини олиб келиб, 4 минг инсон тақдирига бефарқ бўлиб, худди ўзининг ҳовлисининг этагини сотгандек, аукционсиз, маҳалланинг муҳри билан, имзо қўйиб берган. Менимча, булар пулсиз бериб юбормаган ерни. Чунки бу қурилиш миллион-миллион доллар туришига аҳмоқнинг ҳам ақли етади. Ҳам булар биринчи мажлисдагиларни алдаган. Швециянинг подстанциясини қураман, газ олиб келаман, у-бу деб ва ҳозир тайёр ерни “захват” қилиб ўраб олишди. Ҳокимнинг Жасур исмли ўринбосари келиб, чолларни алдамоқда, 600 ўринли мактаб қурамиз, боғча қурамиз деб, натижада чоллар дуо беряпти.
“Сизлар инвестормисизлар, инвестор 1 сўм киритса, 1000 сўм қилиб олмаса, инвестиция киритмайди-ку. Сизлар текин мактаб қуриб беряпсизларми?” десам, пулли дейишди. Шунда чолларнинг бири ҳассаси билан бир уриб: “Сен бизни алдаяпсанми?” деди. Бу ерда 80 фоиз аҳоли камбағал туради, ўзбекнинг фарзанди кўп бўлса, қай бирини пулли мактабда ўқитади?
Лойиҳада на мактаб, на беш ташаббусда белгиланган бино-иншоотларнинг ҳеч бири йўқ эди. “Арзон қуриб, қиммат сотамиз”, қилмоқчисизлар, кимни алдаяпсизлар”, дедим.
Шундан жанжал-тўполон бўлди, мен қароқчига чиқиб қолдим. Ҳақиқатни айтганимга ёмон бўлдим. Шундан сўнг биз фаол фуқаролар бу бошбошдоқликка қарши штаб туздик ва тегишли идораларга мурожаат қилишни бошладик”, – дея сўзлаб берди Маъмура Носирова.
Хуллас, Фаробий маҳалласи фаоллари 9 сотихли хусусий мактаб қурилишига рози эмасликларини, уларнинг арз-додини ҳеч ким эшитмаётганини билдиришди.
Ҳокимлик нима дейди?
Шикоят юзасидан изоҳ олиш ва айрим саволларимизга жавоб топиш мақсадида туман ҳокимлигига бордик ва ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Жасур Усмоналиев билан суҳбатлашдик.
“2020 йил 2 апрелда Зангиота туман ҳокимининг 217-сон қарорига асосан Назарбек ҳудуди, Фаробий маҳалласидаги 204-контурда жойлашган бўш ер майдони Skytech Line МЧЖга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ажратиб берилган.
Давлат раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда янги тизим асосида 5 ташаббус лойиҳасини амалга оширишни илгари сурган. Ушбу топшириқларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида собиқ Назарбек ММТП ҳудудида Skytech Line МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 43,5 млрд сўм бўлган ишларни амалга ошириш белгиланган.
Бу ерда ёшлар сузиш ҳавзаси, кутубхона, кинотеатр, Wi-Fi ҳудуди, футбол майдончаси каби кўнгилочар объектларни қуриш белгиланган. Ушбу иншоотларни қуриб бериш шарти билан туман ҳокимининг айнан 217-сон қарорига асосан 204-контурдаги ер ажратилган. ММТП ҳудудида амалга оширилиши белгилангани биринчи лойиҳа, 204-контурдаги эса иккинчи лойиҳа. Қарорнинг ҳам биринчи бандида биринчи лойиҳа қуриб берилиши билан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, деб кўрсатиб кетилган”, – дея изоҳ берди Жасур Усмоналиев.
Ҳоким ўринбосари аҳоли вакиллари билан кўплаб учрашувлар бўлганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, туман ҳокими “аҳоли эътирозларини инобатга олган ҳолда” 600 ўринли хусусий мактаб ва 300 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти қуриш билан лойиҳани ўзгартиришга топшириқ бергач, лойиҳа ўзгартирилган. “Фуқаролар талабидан келиб чиққан ҳолда” ҳудудда хусусий мактаб ва боғча қуришга қарор қилинган.
Ўринбосарнинг иддаосига кўра, бу ҳудудда яшайдиган фуқаролар фарзандларини Тошкент шаҳридаги хусусий мактабларга беради. Шундан келиб чиқиб, бу ерда хусусий мактаб ташкил этишга қарор қилинган.
“Биз ўрганиш олиб борганимизда, маҳаллада яшайдиган фуқароларнинг аксарияти фарзандларини Тошкентдаги хусусий мактабларга бериши аниқланди. Шундан келиб чиқиб, талаб бўлгани боис бу ерда хусусий мактаб ташкил этмоқчимиз. Қолаверса, шу ҳудуддаги 8-ўрта мактаб сиғими қўшимча бино барпо қилиш орқали кенгайтирилади.
Шунингдек, Фаробий маҳалласидаги фарзандларини пулли мактабларда ўқита олмайдиган оилаларнинг 90 нафар фарзанди барпо қилинаётган хусусий мактабда бепул ўқитилади. 40 нафар бола мактабгача таълим ташкилотида бепул тарбияланиши йўлга қўйилади”, – Усмоналиевнинг сўзлари.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳоким ўринбосарининг: “Фуқаролар талаби билан хусусий мактаб ва боғча қурилади” деган гапи ва расмий хат-ҳужжатлардаги ёзишмалар бир-бирига мос келмайди. Бизга мурожаат қилган аҳоли вакиллари ҳам уларга хусусий мактаб ёки боғча керакмаслигини таъкидлашди.
2020 йил 3 октябр куни Фаробий маҳалла фаоллари йиғилишида қатнашганларнинг аксарияти, бўш турган жойда мактаб ва боғча қуриш мақсадга мувофиқ, деган фикрни билдиришган.
Қолаверса, Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг Халқ таълими вазирлигига 2020 йил 9 июлда йўллаган хатида ва Мактабгача таълим вазирлигининг 2021 йил 23 июлдаги Тошкент вилояти ҳокимлигига юборган хатларида вазият умуман бошқача тасвирланган.
Хусусан, Халқ таълими бошқармаси хатида ҳудуддаги 8-сонли умумтаълим мактаби 1972 йилда 1200 ўринга мўлжаллаб қурилгани, унда 1485 ўқувчи 2 сменада таълим олаётгани маълум қилинган. Шу билан бирга, 2020 ўқувчи Тошкент шаҳридаги мактабларга қатнаб таълим олаётгани, мазкур ҳудудда 1320 ўринли умумтаълим мактаби қуриш эҳтиёжи борлиги таъкидланган.
Бошқарманинг 2021 йил 6 июлдаги хатида қайд этилишича, Назарбек ҳудудида 5 та маҳалла туташган жойда 2,2 га ер майдони 34 йил олдин умумтаълим мактаби ва болалар боғчаси учун ажратиб қолдирилган, лекин шу кунгача бу ер майдонида номаълум сабабларга кўра мактаб қурилмай қолган.
Харитага қаралса, 16 мингдан ортиқ одам истиқомат қиладиган учтагина маҳалланинг ўзида (Назарбек ҳудудида 5 та маҳалла бор) 2876 ўқувчи бўлса-да, умумтаълим мактаби битталиги туман мутасаддиларини ташвишга солмаётган кўринади.
Қолаверса, коттеж қуриш учун тадбиркорга берилган ер айнан умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси қуришга энг муносиб жойлиги кўриниб турибди. Чунки у катта йўлдан четда, маҳаллалар туташмасида жойлашган.
Мактабгача таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов имзоси билан Тошкент вилояти ҳокимлигига юборилган хатда: “...Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Назарбек ҳудуди, Форобий маҳалласи ҳудудида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янги давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилишида амалий ёрдам кўрсатиш” сўралган.
Қурилиш вазирлиги мутасаддилари, “Қишлоққурилиш” бўйича лойиҳалаш илмий институти ходимлари ва маҳалла фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилиш баёнида, шунингдек, Қурилиш вазирлигининг таклифлари акс этган ва Вазирлар Маҳкамасига йўллаган хатида коттеж қуриш жараёни рўйхатдан ўтмагани, бунга рухсат ҳам олинмагани билдирилган.
Алоҳида қайд этишни истардикки, туман ҳокими Абдуваҳоб Тамикаевнинг фуқаро мурожаатига ҳамда вилоят ҳокимлигига йўллаган жавоб хатларида чалғитувчи услуб, яъни “сўз ўйини” қўлланган дейиш мумкин.
“...лойиҳалар ишга тушиши натижасида мазкур ҳудудда 600 ўринли умумий ўрта таълим мактаби, 250 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ... ташкил этилади”, – дейилади ҳоким хатида.
Аммо, эътибор қилган бўлсангиз, хатда хусусий мактаб ва хусусий мактабгача таълим ташкилоти дейилмаган, аксинча “600 ўринли умумий ўрта таълим мактаби, 250 ўринли мактабгача таълим ташкилот”, деб юқори турувчи мутасаддилар чалғитилган, назаримизда.
Аҳоли дод деганича бор
Биз ҳужжатларни ўрганар эканмиз, тадбиркор нима учундир қурилиш ишларини биринчи лойиҳа ижросидан эмас, балки иккинчисидан бошлагани, жилла қурса, иккисини баробар бошламаганини аниқладик.
Бу китобни охиридан ўқишга ўхшамайдими? Бизнингча, шундай. Чунки тадбиркор коттежларни қуриб, фойдасини олиб бўлгач, асосий вазифасини бажаришига ким кафолат бера олади? Нимадир, бир баҳона билан вазифани зиммасидан соқит қилса, ёхуд “касодга учраса” (сунъий равишда касодга учраши ҳам мумкин-ку) қайси валломат унга “5 ташаббус бўйича зиммангда 43,5 млрд сўмлик лойиҳа ҳам турибди, ўша вазифаларни бажариб, сўнг касодга учрайсан”, дея олади? Ҳеч ким.
Лекин туман мутасаддиларининг бу борада “анча кўнгли тўқ” кўринди. Ҳоким ўринбосарининг айтишича, коттежлар қуриб битказилгач, асосий ҳудуддаги бино-иншоотлар қуриб битказилмаса, коттежлар фойдаланишга қабул қилинмас экан. Туман ҳокимининг ўринбосари бу эҳтимолларга берган жавоби шундай хулоса қилишга асос бўлади.
Айни масалага Жасур Усмоналиев қуйидагича изоҳ берди.
“Бу ер майдони (204-контур) тадбиркорга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган. Беш ташаббус бошқа объектда қурилган, қурмоқда, қуради. Бу иккови бир-бири билан боғлиқ. Кўпчилик фуқаролар коттежлар қурилаётган жойга эътибор қаратмоқда, лекин иккинчи манзил ёддан чиқяпти. Аслида, бу жой ММТП ҳудудида ижтимоий объектларни бепул қуриб бериш шарти билан берилган”, – деди Зангиота ҳокими ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, ММТП ҳудуди бўйича лойиҳа вилоят ҳокимлигида кўриб чиқилмоқда. Демак, тадбиркор, ҳокимликнинг ноқонуний (ноқонуний дейишимизнинг сабабини қуйироқда тушунтирамиз) бўлса-да, мантиғига кўра, ММТПда биноларни бепул қуриб беради, унга сарфлаган маблағини 204-контурда коттеж қуриб, сотиш эвазига фойдаси билан қайтариб олиши керак. Тўғри тушундингиз, аслида ҳам ҳоким қарори қонуний асосга эга бўлганида шундай бўлиши керак эди. Аммо тадбиркор биринчи фойда олиш томонини бошлаб юборгани ажабланарли эмасми?
Шундай экан, икки ҳудуд битта эканини айтиш билан ҳокимлик кимни чалғитишга уринмоқда, деган ҳақли савол ҳам туғилади.
Энди ҳокимлик қароридаги айрим ноқисликларга озгина изоҳ берамиз.
Дастлаб туман прокурорининг протести ҳақида.
Зангиота туман прокуратурасининг 2021 йил 13 августда фуқароларга йўллаган жавоб хатида маълум қилинишича, “туман ҳокимининг мазкур қарори Ер кодексининг 44-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги ... 370-сонли қарори талабларига зид равишда қабул қилинганлиги сабабли уни бекор қилиш тўғрисида протест келтирилди”.
Прокурор протестига ҳокимлик пинагини бузмаган десак, хато қилмаган бўламиз. Шу боис масалага узил-кесил нуқта қўйиш учун туман прокуратураси Нурафшон туманлараро маъмурий судига ариза киритишга мажбур бўлган.
Шу жойда 204-контур, туман ҳокимлиги таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдони эдими, деган саволга ҳам ҳужжатлар асосида жавоб бериб кетсак.
Туман кадастрининг 2021 йил 31 август куни Халқ қабулхонасига йўллаган жавоб хатига кўра, “мурожаатда кўрсатилган ер майдони қишлоқ хўжалиги харитасининг Назарбек ҳудуди 204-контурида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 2.396 гектар, балл бонитети 56 кўрсаткичда белгиланган”.
Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2021 йил 12 октябрда қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоевга йўллаган хатида эса туман ҳокими қароридаги бир қанча камчиликлар ва ноқонуний ҳолатлар саналган. Жумладан, ҳоким қарорида ажратилаётган ер майдонининг аниқ кўрсаткичлари келтирилмаган:
“...ажратилаётган ер участкасининг асосий атрибутлари (ер тури, контур рақами, балл бонитети, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги кўрган зарар миқдори) кўрсатилмаган. Бунинг натижасида қарорда кўзда тутилган ер майдони айнан ҳозирда қурилиш ишлари бошланаётган ер майдони эканлигини идентификация этиш мушкуллашади”.
“3. Муаммо келиб чиққан ер майдони “Ўздаверлойиҳа” институти томонидан 2011 йилда ўтказилган хатлов натижасига кўра, (туман ҳокимининг 23.12.2011 йилдаги 930-сонли, вилоят ҳокимининг 28.02.2012 йилдаги 39-сонли қарорлари билан тасдиқланган) суғориладиган ер майдони ҳисобланиб, Назарбек массиви қишлоқ хўжалик харитасининг 204-контурига тўғри келади”.
Кадастр агентлиги хатининг давомида янада қизиқ маълумотларга дуч келдик. Унда туман ҳокими қарори қабул қилинишида Ер кодексидан ташқари Президент фармони талабларига ҳам риоя қилинмагани ёзилади:
“Ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер майдони ажратиш ҳақидаги туман ҳокимининг 2020 йил 2 апрелдаги 217-сонли қарорининг қабул қилинишида ЎзР Ер кодекси 44-моддаси ҳамда ЎзР Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сонли фармони 5-банди талабларига риоя қилинмаган.
Туман ҳокимининг юқорида қайд қилинган қарори преамбуласида ҳуқуқий асос сифатида келтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар режалаштирилаётган бино-иншоотларни қуришга асос бўлса-да, суғориладиган ер майдонида бу ишларни амалга оширишга асос бўла олмайди.
Бундан ташқари, мазкур талабларга зид равишда туман ҳокимининг 2021 йил 10 мартдаги 314-сонли қарори билан 2020 йил 2 апрелда қабул қилинган 217-сон қарорининг 2-бандига “...замонавий ва қулай турар жойлар...” сўзлари қўшимча сифатида киритилиб тасдиқланган”.
Қолаверса, Кадастр агентлиги хатида масъул ташкилотларнинг хулосалари ҳоким қарори имзоланганидан сўнг 1-2 кун ичида расмийлаштирилганига ҳам эътибор қаратилган:
“Лойиҳани амалга ошириш учун масъул ташкилотларнинг хулосалари туман ҳокимининг қарори 2020 йил 2 апрелда қабул қилинганидан сўнг 1-2 кун ўтиб расмийлаштирилган.
Мисол учун, туман экология бўлимининг 03.04.2020 йилдаги 107-сонли, туман ФВВ бўлимининг 03.04.2020 йилдаги 226-сонли, туман йўллардан фойдаланиш корхонасининг 04.04.2020 йилдаги 1-1/188-сонли, туман соғлиқни сақлаш бўлимининг 04.04.2020 йилдаги 22-сонли хулосалари берилган”.
Аслида муаммо қаердалиги аниқ кўриниб турган масала бўлса-да, қонунчиликда ноқонуний қарорни бекор қилиш бўйича аниқ бир тизим йўқлиги боис шунчалик чигаллашганки, ҳатто Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 4 вазирлик, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлигининг юқори лавозимли мулозимлари, вилоят ҳокими ўринбосари, Тошкент вилояти прокурори ўринбосари иштирокида ишчи гуруҳ тузилган.
Бош вазир биринчи ўринбосари Раматов мазкур ишчи гуруҳга “...мурожаатда кўрсатиб ўтилган барча ҳолатларнинг ечими юзасидан қонуний чоралар кўрсин...”, – дея топшириқ берган.
Қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев раислигида 2021 йил 8 октябрда бўлиб ўтган сайёр йиғилиш баёнида келишилган масалалар қайд этилади ва шу асосда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади. Хатда қайд этилишича: Фаробий (1259) Қиргузар (1400) Аҳилобод (830) маҳаллаларида мактаб ўқувчилари сони 1964 нафарни ташкил этади, 0-7 ёшгача бўлган болалар сони 1525 нафардан иборат бўлиб, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд эмас”.
Вазирлик таклифларининг айримларига кўз югуртирсак, вазият янада ойдинлашиб, ортиқча саволлар деярли қолмайди:
“...ажратилган ер майдонида Skytech-Line МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини муаммонинг мантиқий ечими ҳал қилингунга қадар тўхтатиш;
...Зангиота тумани ҳокимининг 2020 йил 2 апрелдаги 217-сонли, 2020 йил 10 мартдаги 314-сонли қарорларини белгиланган тартибда бекор қилишни кўриб чиқиш;
...Мактабгача таълим ташкилотини қуриш учун 0,55 гектар, умумий ўрта таълим мактаби қуриш учун 0,6 гектар ер майдони танлаш ва ажратиш;
240 ўринли МТТ ҳамда 660 ўринли умумий ўрта таълим мактаби қурилишини марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириш;
Қолган ер майдонларини аҳолига хизмат кўрсатиш ... объектлари қурилиши учун қонунчиликда белгиланган тартиб, яъни “E-IJRO auksion” савдо майдонларига қўйган ҳолда реализация қилиш”.
Хуллас, бир томонда мутасаддилар ҳоким қарори ва маҳалла фаолларидан тушган мурожаатларни ўрганиш, қонуний ечим топиш, ҳокимнинг ноқонуний қарорини бекор қилиш бўйича чоралар кўриш, томонлар бир-бирини судга бериш билан овора бўлиб турган ҳолатда бир томон ютуқда. “Skytech-Line” МЧЖ ўзига анча баҳсли равишда ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини бамайлихотир давом эттирмоқда. Чунки тадбиркор яхши биладики, бинолар қурилгач, уларни бузиш учун ҳам навбатдаги суд амалиётлари бошланади.
Шундай экан, айни чоғда бирламчи савол турибди: ноқонуний қурилишни КИМ тўхтатади? Афсуски, бу саволга жавоб бера оладиган мард ҳозирча топилгани йўқ.
Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов
Тавсия этамиз
9 май байрамми ёки мотам? Бу куннинг мазмуни қандай?
Ўзбекистон | 21:19 / 03.05.2025
Ҳусанов нега ўйнамаяпти?
Спорт | 10:00 / 01.05.2025
Орзу-ҳавас ниқобини кийган кимўзарга ўйнаш: ҳукумат тўйларни тартибга сола оладими?
Ўзбекистон | 17:00 / 30.04.2025
No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?
Спорт | 13:50 / 30.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Эронда қум бўронлари сабаб 800 дан ортиқ одам шифохоналарга мурожаат қилди
Жаҳон | 04:48
-
Испанияда фарзандларини тўрт йил уйдан чиқармаган ота-она ҳибсга олинди
Жаҳон | 00:12
-
Техас аҳолиси SpaceX шаҳрини ташкил этишни ёқлаб овоз берди
Жаҳон | 23:30 / 04.05.2025
-
Ким Чен Ин Шимолий Корея танкларини янгилаш зарурлигини маълум қилди
Жаҳон | 22:44 / 04.05.2025
Мавзуга оид

16:20 / 03.05.2025
Кўза кунда эмас, кунида синади. Боғчалар болалар ҳаёти билан ўйнашмоқда

11:38 / 25.04.2025
“Оёғи куйган 1,5 яшар қизча иши”: Попдаги боғча ноқонуний ташкил этилгани маълум бўлди

16:51 / 24.04.2025
Тошкентда камера йўқ хонада болани урган боғча ходими ишдан олинди

15:31 / 24.04.2025