Тошкент шаҳридаги нодавлат мактабгача таълим муассасасида ходим болани калтаклагани аниқланди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова котибияти.

Қайд этилишича, унга Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи фуқаро Г. А. мурожаат йўллаган. Унда 7 ёшли фарзанди В.Д.ни боғча администратори У.И. уриб, жароҳат етказганини билдирган.

Мурожаатчининг билдиришича, 36 ёшли ходим мазкур иши учун жавобгарликка тортилган бўлсада, фаолиятини давом эттираётгани бўйича атрофлича ўрганишда амалий ёрдам сўраган. Шундан сўнг ҳолат болалар омбудсмани сўрови асосида ИИВ ва МТМВ томонидан ўрганилган.

Аниқланишича, администратор лавозимида ишлаб келган аёл болага нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, уни камера йўқ хонага олиб чиқиб қасддан уриб, соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида маъмурий жавобгарликка оид иш материаллари судга юборилган. Суд 26 март куни И.У.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-модданинг 2-қисми (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш) бўйича жарима жазоси қўллаган.

Шунингдек, у билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам бекор қилиниб, мазкур муассасада фаолияти якунланган.