Ўзбекистон | 16:23 / 12.07.2024
2900
2 дақиқада ўқилади

Урганч аэропортидан йўловчиларнинг Нукусга трансфери учун бепул автобус қўйилади

Бу 20 июлдан 7 августгача таъмирлаш ишлари сабаб ёпиладиган Урганч халқаро аэропортидан режалаштирилган авиақатновларнинг бир қисми Нукус аэропортига кўчирилиши билан боғлиқ.

Фото: Kun.uz

Шу йил 20 июлдан 7 августгача Урганч халқаро аэропорти ёпилади. Транспорт вазирлигининг хабар беришича, бу вақтда аэропорт реконструкция қилинади, шу сабабли вақтинча ёпилади.

“Uzbekistan Аirways” авиакомпанияси Урганчдан режалаштирган авиақатновларининг бир қисми Нукус халқаро аэропортига кўчирилади. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Uzbekistan Airports” томонидан Урганч ва Нукус аэропортлари ўртасида автобус қатнови ташкил этилмоқдa.

Вазирликнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, йўловчилар аэропорт ташқарисида кутиб олинади, автобуслар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси қатнови учун чиптаси борларга бепул хизмат қилади.

Қатнов жадвали билан компания сайтида батафсил танишиш мумкин.

Қўшимча маълумот олиш ва автобуслар жадвалига аниқлик киритиш учун Ўзбекистон аэропортлари алоқа марказига мурожаат қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Урганч халқаро аэропорти ёпилиши ҳақида июн ойининг охирида хабар берилганди. Унга кўра, таъмирлаш жараёнида узунлиги 3000 м ва эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.

Таъмирлаш ишлари якунлангач, аэропорт Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олиши айтилмоқда.

Маълумот учун, Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган эди.

Мавзуга оид