Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳатто банкоматдан ҳам ўтади” – Туркиядан келаётган ва аслидан фарқ қилмайдиган қалбаки доллар
Ўзбекистонга чет давлатлар, айниқса, Туркиядан қалбаки доллар кириб келиш ҳолатлари учрамоқда. Параллел равишда ўзбек сўмини қалбакилаштириш ҳам кўпайяпти. Ушбу сохта пуллар “бирга бир” ишлангани, “ҳақиқийсидан ажратиш қийин”лиги, банкомат ҳам қабул қилиши айтилади. Хўш, қалбаки пуллардан қандай сақланиш мумкин?
Ўзбекистонда бирор савдо дўконига кириб, харид учун 200 минг сўм қийматидаги пулни узатсангиз аксарият ҳолларда сотувчи ярим ҳазил, ярим чин шаклда “Сохта эмасми ишқилиб?” деб сўрайди. Бу ишончсизлик ва шубҳа ўз-ўзидан шаклланмади: сабаби Ўзбекистонда пулни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятлар сони ошиб боряпти. Ҳатто қалбаки доллар ва сўм сотувчилар ижтимоий тармоқлардаги ёпиқ каналлар орқали бемалол фаолият юритишга киришмоқда.
Туркия ва қалбаки доллар
Кейинги вақтларда қалбаки доллар ҳақида гап кетганда Туркия давлати тилга олинадиган бўлиб қолди. Айниқса, 2024 йилнинг ноябр ойи охирида ушбу давлатда қалбаки долларлар тарқалгани юзасидан тергов бошлангани ортидан бу борадаги гап-сўзлар яна кўпайди.
Туркияда қалбаки долларлар билан боғлиқ терговга мамлакатга 600 млн долларлик қалбаки банкнотлар контрабанда йўли билан олиб кирилгани асос бўлган. Ўшанда мазкур давлатдаги айирбошлаш шохобчалари ва банклар эски намунадаги 50 ва 100 долларлик купюралар билан операцияларни вақтинча тўхтатганди.
Мутахассисларга кўра, Туркияга қалбаки долларларнинг асосий қисми Сурия, Эрон ва Болқон ҳудудларидан олиб келинган. Қалбаки валюта билан боғлиқ биринчи операция Сурия билан чегарадош Газиантеп шаҳрида амалга оширилган. Қалбаки долларлар Анталия, Измир, Истанбул, Анқара каби туристик шаҳарларда ҳам аниқланган.
Ўзбекистондаги қалбаки долларнинг ҳам аксарияти Туркиядан кириб келмоқда. Буни содир этилган шу каби жиноятлар тафсилотидан билиш мумкин. Мисол сифатида бир нечта ҳолатни келтириб ўтамиз.
Туркиядан келган “почта”
Фуқаро Равшан Маматқулов ўзининг таниши Жамшид Бозоровга 50 минг доллар миқдорида қалбаки пули борлигини, унга сотмоқчи эканини айтган ва мижоз топишни сўраган. Жамшид Бозоров ўз навбатида таниши Мадиёр Бахроновга 50 минг доллар миқдоридаги қалбаки пулни 25 минг долларга сотишини билдирган.
Топилган мижоз бу ҳаракатлар ноқонуний эканини билиб, ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментга ариза билан мурожаат қилган. 2025 йил 23 январ куни тезкор тадбир ўтказилиб, Равшан Маматқулов, Жамшид Бозоров ва Мадиёр Бахронов “Бунёдкор” стадиони автотураргоҳида 50 минг қалбаки долларни 25 минг долларга сотаётганда қўлга олинган.
Равшан Маматқулов судда айбига иқрор бўлиб, қалбаки долларлар Туркиядан келганини маълум қилган.
“2025 йил январ ойи бошларида ижтимоий тармоқ орқали Асад исмли Тожикистон фуқароси билан танишиб қолдим. У ҳозирги кунда ўзи Туркияда яшашини, у ерда текстил фабрикаси раҳбари эканини, ора-орада Туркия давлатида ишлаб чиқарилган қалбаки доллар савдоси билан шуғулланиб туришини айтди. У ҳар бир қалбаки 10 минг долларни 3 минг ҳақиқий долларга сотишини маълум қилиб, агарда шу каби қалбаки долларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириб берса, сотиб бера олишимни сўради.
Унинг гапларига ишонмасдан, қалбаки долларни Ўзбекистон ҳудудидаги юборишини айтдим. 2025 йил тахминан 15-16 январ кунлари Асад хабар жўнатиб, Ўзбекистонга Туркиядан 50 минг миқдорида қалбаки доллар юборганини, таниши мен билан кўришиб, пулни бериб қўйишини айтди. Сўнгра нотаниш бўлган аёл Telegram орқали қўнғироқ қилди. У менга Асад исмли танишим Туркиядан почта бериб юборганини, кўришиб ушбу почтани бериб қўйиши кераклигини маълум қилди. Аёл билан кўришиб, қизил рангли пакетга ўралган почтани олиб қолдим”, деган Равшан Маматқулов.
Шундан кейин у уйига бориб, жўнатмани очиб кўрган. Кейин эса қалбаки долларни сотиб оладиган мижоз излаган ва қўлга тушган.
Суд ҳукми билан қалбаки доллар “савдогарлари” Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилган. Равшан Маматқуловга 10 йил 1 ой, Жамшид Бозоровга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 7 йил, Мадиёр Бахроновга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
“Банкоматдан ўтказиб кўрсатди”
Яна бир ҳолатда фуқаролар Нозимбек Оғалиқов, Анвар Шамсиев ҳамда Темур Тожибоев Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, у ерда Жамол Собирли исмли шахсдан 20 минг миқдоридаги қалбаки долларни 10 500 долларга сотиб олишган. Сўнгра ушбу қалбаки валютани Ўзбекистонга олиб келишган.
Улар Наманган вилояти Давлатобод тумани ҳудудида 17 950 доллар қалбаки валютани шартли харидорга 12 600 долларга сотаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирда қўлга олинган.
“Темур Тожибоевни тадбиркор сифатида биламан. Уни Нозимбек Оғалиқов орқали таниганман. Нозимбек билан ўзаро келишиб, бизнес қилиш мақсадида 26 500 доллар пул йиғдик ва Темур Тожибоевга бердик. У Туркиядан кийим-кечак келтириб берса, сотишни кўзлагандим.
Савдо ишлари чўзилгани сабабли Темур Тожибоев билан телефон орқали гаплашдик ва пулимизни сўрадик. Темур Туркиядан келганидан сўнг маҳсулот олиб келмаганини, пулни қайтариб беришини айтиб, 18 минг доллар берди. Ушбу долларнинг озроқ қисмини Тошкент шаҳридаги банкоматда алмаштириб олдик. Долларнинг қалбаки эканини билмагандим”, деган Анвар Шамсиев.
Нозимбек Оғалиқов ҳам судда Темур Тожибоев пулни қайтараётганда унинг ҳақиқий эканини исботлаб бериш учун банкоматдан ўтказиб кўрсатганини, шу сабабли ишонганини айтган.
“Тўйда ердан териб олгандим”
Бошқа бир ҳолатда эса фуқаро Дилёрбек Қодиров ўзи билмаган ҳолда Туркиядан қалбаки доллар олиб келган. Сўнгра ушбу пулга газон сотиб олган.
У суддаги кўрсатмасида қалбаки долларни Туркияда тўйда ердан териб олганини айтган.
“Туркияга борганимда тўй маросимида ердан 1 700 доллар териб олдим. Ўзбекистонга қайтганимда аэропортда декларация тўлдирмасдан олиб кирдим. Пулларнинг қалбаки эканини билмагандим”, деган у.
Суд ҳукми билан унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ёпиқ каналлардаги “пул бозори”
Ўзбекистонда қалбаки доллар ва сўм сотувчилар “наркосавдо” системасига ўтмоқда. Яъни ижтимоий тармоқлардаги ёпиқ каналлар орқали қалбаки доллар ёки сўмни бирор локацияга қўйиб кетиш орқали сотишмоқда: сотувчи харидорни, харидор эса сотувчини кўрмайди, ўртада эса олди-берди бўлаверади.
Telegram’да қалбаки пул савдоси билан шуғулланувчи ўнлаб ёпиқ каналлар фаолият кўрсатиб турибди. Улар қалбаки долларни асосан Туркия давлатидан олиб киришмоқда.
Шулардан бири Telegram’даги “Turkeya 96%” канали. Ёпиқ тарзда фаолият юритадиган ушбу каналда қалбаки доллар ва сўм сотилиши ҳақида эълонлар жойлаштириб борилмоқда.

Эълонларда қалбаки 10 млн сўм ҳақиқий 2 млн сўмга, қалбаки 20 млн сўм 3,4 млн сўмга, қалбаки 10 минг доллар эса 20 млн 550 минг сўмга сотилиши айтилади. Шунингдек, қалбаки пул қўлдан қўлга берилмаслиги, яширилган манзил локация айтилиши ва харидорнинг ўзи бориб олиши маълум қилинган.

Эълонларда қалбаки пуллар “бирга бир ясалгани”, “ҳеч ким ажрата олмаслиги” ва “банкоматдан ҳам ўтиши” билдирилган.
“Soxta o'zbek pulari” номли ёпиқ гуруҳда ҳам қалбаки пуллар савдоси амалга оширилмоқда. Эълонларда қалбаки пуллар барча вилоятга етказиб берилиши, тўловнинг ярми олдиндан тўланиши айтилади.

Марказий банк муносабати қандай?
Албатта, муомалада қалбаки пулларнинг кўпайиши жиддий оқибатларга олиб боради. Kun.uz бу борада Марказий банк муносабати билан ҳам қизиқди.
Марказий банк мутахассисларининг фикрича, қалбаки валюталар муомалада бўлишининг олдини олиш ва уларни назорат қилиш мамлакат иқтисодий барқарорлиги ҳамда банк-молия тизимига бўлган ишончни таъминлашда устувор аҳамият касб этади. Шу сабабли бу борадаги вазият доимий равишда кузатиб борилади.
“Ўтган йилнинг якунида хорижий оммавий ахборот воситалари орқали бир қатор мамлакатларда қалбаки банкноталар муомаласи жадал суръатларда ўсиб бораётганлиги кенг ёритилди. Хусусан, Туркияда эски намунадаги 50 ва 100 номиналдаги АҚШ доллар банкноталарни қалбакилаштириш ҳолатлари кузатилди. Шунингдек валюта айирбошлаш шохобчаларида мазкур турдаги банкноталар қабул қилинмаслиги ҳам қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, мавжуд банкоматлар ва пул санаш аппаратларининг дастурий таъминотлари янгиланмаганлиги сабабли улар орқали бундай турдаги қалбаки банкноталарни аниқлаш имконияти чекланган эди.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан банк кассаларини банкнотани ҳақиқийлигини текширувчи замонавий ускуналар (детекторлар) билан жиҳозлаш, мавжуд ускуналарнинг дастурий таъминотларини мунтазам равишда янгилаб бориш бўйича кўрсатмалар берилди ҳамда қалбаки банкноталарни аниқлашга доир дастлабки эҳтимолий белгилар барча тижорат банкларига етказилди”, дейилади Марказий банк изоҳида.
Шунингдек, Марказий банк ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида барча тижорат банклари мутахассислари иштирокида доллар банкноталарининг хавфсизлик хусусиятлари ва қалбаки пулларни аниқлаш усулларига бағишланган махсус тренинг ўтказилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда барча банклар қалбаки купюраларни аниқлаш учун зарур замонавий моддий-техник таъминот билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг дастурий таъминоти мунтазам янгиланиб борилмоқда. Шу сабабли Марказий банк банк тизимида қалбаки купюралар муомалада бўлиши эҳтимолини минимал деб ҳисоблаган.
Марказий банк ўз муносабатида аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда чет эл валютасидаги банкнотанинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш учун тўғридан тўғри тижорат банкларига мурожаат қилишни тавсия этган.
Қандай аниқлаш мумкин?
Кўпинча 100 долларлик пул қалбакилаштирилади. Хўш, қалбаки долларни ҳақиқийсидан қандай ажратса бўлади? Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази бош эксперти майор Ойбек Юсупов Kun.uz’га берган интервюсида бир нечта оддий усулларни келтириб ўтди.
“Қалбаки долларнинг қалбаки эканини аниқлаш анча қийин бўлмоқда. Сабаби, улар 80 фоиз ҳақиқий ҳисобланиб, қолган 20 фоиз қисми қўлбола усулда тайёрланган ҳолда муомалага киритиляпти.
Ҳамма пулда ҳимоя элементи сифатида сув белгиси бўлади. Лекин ҳозирги кунда бу сув белгиси ҳам қалбакилаштириляпти. Шунингдек, ҳамма ҳақиқий эканини текшириб кўриш учун доллардаги Бенжамин Франклиннинг суратидаги белгиларни силаб кўради. Бу қўлга сезилади. Қалбакиларида ҳам ҳудди шу каби белгилар мавжуд. Шу сабабли, бу усулларда текширишнинг зарурати ҳам қолмади.

Долларни қалбакилаштириш қийин бўлаётган нуқтаси бу – серия рақами ҳисобланади. Ҳақиқий купюранинг серия рақамлари четида тўқроқ рангда бўртиб чиққан қатлам бор. Буни лупа ёрдамида бемалол кўрса бўлади.

Қалбакисида ушбу бўртиб чиққан қатлам бўлмайди.

Бу ҳақиқий долларни оддий лупа ёрдамида аниқлаш усули.
Яна бир содда усули: купюранинг икки четидан ушлаган ҳолда кетма-кет тортиб кўриш керак. Агар ҳақиқий бўлса жарангдор овоз чиқади.
Шунингдек, қалбаки купюра бир-бирига ёпиштирилган икки қоғоздан иборат бўлади. Унинг четидан тирноқ билан икки қисмга ажратиш мумкин. Ҳақиқийси эса иккига бўлинмайди.

Доллар 20 дан ортиқ ҳимоя элементларига эга бўлади. Банклардаги ускуналар нари борса 7 тагача ҳимоя элементларини текширади. Ҳаммасини текшириш имконияти йўқ”, дейди Ойбек Юсупов.
Экспертнинг қўшимча қилишича, Туркиядан кириб келаётганидан ташқари Ўзбекистоннинг ўзида ҳам долларни қалбакилаштириш ҳолатлари аниқланган. Масалан, Наманган вилоятининг Чуст туманида пичоқ ясовчи уста ҳақиқийсидан фарқ қилмайдиган даражада темирдан долларнинг қолипини ясаган. Сўнгар Самарқанддан махсус қоғоз келтириб, қалбаки доллар ясаган ва муомалага киритган.

Ойбек Юсуповнинг таъкидлашича, доллар билан бир қаторда ўзбек сўмини қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бунда одатда эски намунадаги 100 минг сўмлик купюра қалбакилаштирилади. Чунки, унда ранг камроқ ишлатилган.
Қалбаки ўзбек сўмини аниқлаш учун купюранинг бир учини сувга теккизиб кўриш кифоя. Агар қалбаки бўлса нам тегиши билан ранглар бўяла бошлайди. Ҳақиқийсида эса бундай бўлмайди.

Ўзбекистонда қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш жиноятини содир қилганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Kun.uz юртдошларимизни қалбаки пул савдоларига аралашмасликка, шубҳали ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга чақириб қолади.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
16:02
Сохта долларни қандай аниқлаш мумкин?
14:45
Самарқанд электр тармоқлари Туркия компаниясига операцион бошқарувга берилади
17:36 / 01.12.2025
Қозоғистон ва Туркия денгиз дронлари ҳужуми бўйича Киевга норозилик билдирди
11:08 / 01.12.2025