Инвесторлар Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашиши фонида фаол равишда доллар сотиб олишни бошлашди. Бу эса АҚШ валютасига таянадиган тартибдан кўп марказли тизимга ўтиш жараёни осон кечмаслигини англатади, дея ёзди Reuters.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан кейин бутун минтақага ёйилаётган уруш доллар қийматини оширяпти. Инвесторлар дунёдаги энг ликвид актив ҳисобланган долларга нисбатан «хавфсизлик бандаргоҳи» сифатида қарашяпти.
Йилнинг дастлабки икки ойида энг яхши натижа кўрсатган акция индекслари қулаяпти. Масалан, Жанубий Кореянинг KOSPI индекси — феврал ойигача 50 фоизга ошган бўлса, атиги икки кун ичида қарийб 20 фоизга қийматини йўқотди. Хусусий кредит фондларидан пулни қайтариб олишлар кескин кўпайган. Доллар эса икки кун ичида 2 фоизга қимматлашди, АҚШ ғазначилик облигациялари рентабеллиги ҳам тез кўтариляпти.
Satori Insights асосчиси Матт Кингнинг таъкидлашича, доллар курсининг кескин ошиши иқтисодий ўсиш ёки инфляция прогнозлари қайта баҳолангани билан боғлиқ эмас. Асл сабаб — оддийгина «пул оқими». Яъни сўнгги ойлар давомида кўплаб бозорларда шаклланган спекулятив «кўпик» тезда сўна бошлади ва инвесторлар шошилинч тарзда ликвидлик излашяпти. Бу эса доллар қадрсизланиши ҳақида хавотирлар бўлишига қарамай, реал хавф пайтида инвесторлар барибир Америка валютасига муҳтож бўлиб қолишини кўрсатади.


Ўтиш даври
Жорий вазият қуйидаги саволни ўртага чиқаряпти: агар доллар гегемонлиги қисқаришда давом этса, келажакдаги инқирозлар пайтида нима бўлади?
Доллар глобал савдо, молиялаштириш ва валюта захиралари тизимидаги мутлақ етакчи мақомини йўқота бошлаганига қарийб чорак аср бўлди. Бу жараён 1999 йилда евронинг пайдо бўлиши ва 2001 йилда Хитойнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши билан бошланган.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2000-йиллар бошида глобал валюта захираларининг 70 фоизидан ортиғини доллар ташкил этган бўлса, ҳозир бу улуш 57 фоизгача қисқарган. Аммо бу пасайиш жуда секин кечгани сабабли, доллар ликвидлиги барибир ўсишда давом этди. 2008 йилги глобал молиявий инқироз ва 2020 йилги пандемия шокларидан кейин ҳам глобал молиявий тизим ликвидлик танқислигига қарши муайян «ҳимоя ёстиқчалари»ни яратишга муваффақ бўлмади. Бироқ илгари доллар ликвидлиги орқали жаҳон иқтисодиёти ва бозорларининг ишлашини осонлаштирган молиявий институтлар, қоидаларга асосланган глобал тартиб ва глобаллашув заифлашяпти. Сўнгги бир йил ичида қатор йирик савдо, сиёсий ва ҳарбий можаролар юзага чиқди ва глобал инвестиция муҳити ниҳоятда хавфли майдонга айланди.

















