Иқтисодиёт | 20:05 / 31.07.2021
11082
2 дақиқада ўқилади

Бугун – “Ташаббусли бюджет” бўйича таклифлар қолдиришнинг охирги куни

Айни пайтда “Очиқ бюджет” порталига жойлаштирилган муаммолар ечимига оид лойиҳалар таклифи 38 минг 640 тани ташкил этмоқда.

Молия вазирлиги “Очиқ бюджет” ахборот порталини янги талқинда ишга туширган эди. Порталда фуқаролар ўз ҳудудларида учраётган камчиликлар ечимига маҳаллий бюджетдан пул ажратиш таклифини билдириши мумкин.

Айни пайтда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича порталга келиб тушган мурожаатлар сони 38 640 тани ташкил этмоқда.

Kun.uz 19 июл куни берган хабарда фуқаролар томонидан асосан электр энергияси, ичимлик суви таъминоти ва йўл таъмирлаш каби муаммолар ечимини сўраб, 3 123 та мурожаат ёзиб қолдирилгани маълум қилинганди. Шундан кейин ўтган 11 кун давомида таклифлар кўрсаткичи қарийб 12 баравар ўсган.

Вазирликка кўра, мурожаатлар қабул қилиш бугун, 31 июл куни соат 23:59 да якунланади. Унгача таклифлар йўллаш мумкин.

Порталда келтирилишича, республикадаги барча ташаббуслар учун ажратилган маблағ миқдори ҳам ортган ва ҳозирда 238,6 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Таклиф билдирганларнинг 63 фоизи эркаклар, 37 фоизи аёллар ҳисобланади. Шундан мурожаатчилар 18-30 ёшгача (28 фоиз), 30-50 ёшгача (56 фоиз), 50 ёшдан юқорини (16 фоиз) ташкил этди.

Энг кўп таклиф билдирган ҳудудлар Бухоро вилояти (5 224 та), Қорақалпоғистон (4 661 та) ва Фарғона вилояти (2 546 та) бўлган. Энг кам кўрсаткич эса Сурхондарё (1 388 та), Навоий вилояти (1 407 та) ва Сирдарё вилоятида (1 480 та) кузатилган.

Мурожаатлар қабул қилиш ниҳоясига етгач, ташаббусларни саралаш жараёни бошланади. Лойиҳалар 10 иш куни ичида саралаб олинади.

20 кун давомида, яъни 1 сентябрга қадар лойиҳалар овозга қўйилади. Сўнгра туман ва шаҳар халқ депутатлари қарорларига мувофиқ, ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш ишлари бошланади.

Фуқароларнинг порталда таклифлар билан иштирок этиши бир йилда икки марта амалга оширилади.

Порталга ҳар йили 10 февралга қадар ўтган йилда жамоатчилик фикри асосида сарфланган маблағлар тўғрисида ҳисобот жойлаштириб борилади. Бажарилган ишлар жамоатчилик назоратида бўлиши маълум қилинди.

Мавзуга оид