Ўзбекистон | 19:23 / 08.02.2019
4170
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори лойиҳаси: тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти тубдан такомиллаштирилади

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тиббий-ижтимоий экспертиза тузилмасида ногиронлиги бўлган болалар сони ва ҳудудларнинг масофасини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан педиатрик тиббий-маслаҳат комиссиялари, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида биттадан педиатрик тиббий-маслаҳат комиссиялари ва Қашқадарё, Сирдарё ҳамда Хоразм вилоятларида биттадан туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгиланган тартибда:

18 ёшгача бўлган болаларда ва 18 ёшдан катта шахсларда ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар ва ушбу касалликларда ногиронлик муддатларини белгилаш мезонлари рўйхатини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда Малака комиссияси ташкил этиш, унга тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг врач-экспертлар лавозимига танлаш ва тавсия этишни амалга ошириш, шунингдек ҳар уч йилда камида бир марта тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари врач-экспертларини эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги юзасидан мунтазам равишда аттестациядан ўтказилишини;

ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида тиббий-меҳнат экспертиза хизматининг врачлари ва тиббиёт ҳамшираларини Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, олий тиббиёт таълим муассасалари, шунингдек Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази ва унинг минтақалардаги филиаллари базасида бепул асосда ҳар беш йилда камида бир марта, мунтазам равишда малакасини ошириш курсларидан ўтишини;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, олий тиббиёт таълим муассасалари базасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ижтимоий ва касбий реабилитация бўйича мутахассислар тайёрлаш, шунингдек тиббий-меҳнат экспертиза хизмати ва ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация марказлари врачларидан реабилитология ва эрготерапия бўйича мутахассислар тайёрлашни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва олиб борилган илмий-тадқиқотлар асосида ногиронлик белгилашнинг халқаро мезонларига босқичма-босқич ўтиш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг индивидуал дастурини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ва педиатрик тиббий-маслаҳат комиссияларини белгиланган талабларга жавоб берадиган, фуқароларнинг бориши учун қулай бўлган бинолар ва хоналарда жойлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар томонлама ёрдам берадилар.

Белгиланишича:

16 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрик тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан амалга оширилади;

давлат тиббиёт ташкилотлари тиббий-маслаҳат комиссияларининг 16 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш юзасидан хулоса бериш функцияси бекор қилинади, бошқа функция ва вазифалари сақлаб қолинади.

Қайд этилишича, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ва педиатрик тиббий-маслаҳат комиссияларининг нотўғри хулоса чиқарганлиги учун асос бўлган тиббий ҳужжатларда қасддан сохта маълумотлар кўрсатган шахслар, шунингдек сохта хулосалар берган ёки ногиронлик гуруҳини қасддан нотўғри белгилаган врачлар ва экспертлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида ушбу қарордан келиб чиқадиган тадбирларни амалга оширишга ва тиббий-меҳнат экспертиза хизматининг моддий - техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, янги ташкил этилаётган педиатрик тиббий - маслаҳат комиссиялари ва туманлараро тиббий - меҳнат эксперт комиссияларини жойларга бориб текширишлар ўтказиши учун транспорт воситалари билан таъминлаш учун зарур бюджет маблағларини ажратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид