Жаҳон | 14:35 / 26.12.2025
2706
6 дақиқада ўқилади

Нигерияда ИШИДга зарба берган АҚШ, украиналикларнинг Путинга «тилаги» ва Килиманжарода қулаган вертолёт – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ Нигериядаги ИШИД жангариларига зарба берди

АҚШ Нигерия шимоли-ғарбидаги «ИШИД» жангариларига қарши зарба берди. Бу ҳақда 25 декабр куни президент Доналд Трамп ва АҚШ ҳарбийлари маълум қилди.

«Бугун кечқурун менинг кўрсатмам билан АҚШ — Шимоли-Ғарбий Нигерияда асосан бегуноҳ насронийларни нишонга олиб, ваҳшиёна ўлдириб келган ИШИД террорчиларига қарши кучли ва ҳалокатли зарба берди», — деди Трамп.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Африка бўйича қўмондонлигига кўра, зарба Сокото штатида Нигерия расмийлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган. Reutersʼнинг ёзишича, қўмондонлик дастлаб зарба Нигерия расмийлари илтимосига биноан амалга оширилганини ёзган, бироқ кейин бу баёнотини ўчириб юборган.

АҚШ ноябр охиридан бери Нигериянинг катта ҳудудлари устида разведка маълумотларини йиғиб келган. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса бу амалиётларнинг «давоми бўлишини» айтди.

Нигерия Ташқи ишлар вазирлиги зарба АҚШ билан давом этаётган хавфсизлик ҳамкорлиги доирасида амалга оширилганини тасдиқлади.

Нигерия ҳукумати қуролланган гуруҳлар — мусулмонларни ҳам, насронийларни ҳам нишонга олишини айтган. Шунингдек, ҳукумат АҚШнинг Нигерияда насронийлар таъқиб қилинаётгани ҳақидаги даъволарига қўшилмайди. Шу сабабли, Нигерия жангари гуруҳларга қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлгани айтилмоқда.

Путинга тиланган ўлим

Йил якунида украиналикларга анъанавий мурожаат қилган президент Володимир Зеленский ҳамма бу кеча битта тилакка эга эканини — Россия президенти Владимир Путиннинг ўлимини тилашаётганини айтди.

«Рождество кечасида орзунгизни айтсангиз, у албатта, амалга ошади деб ишонамиз. Бугун барчамиз битта орзуни бўлишамиз. «У йўқ бўлсин» ҳар биримиз ичимизда шундай ўйлашимиз мумкин», — деди Зеленский Путиннинг исмини тилга олмасдан унга ишора қилиб.

Зеленский украиналиклар мустақиллик учун урушнинг кетма-кет тўртинчи йилида ҳам ўз ери ва оилаларини ҳимоя қилишда давом этаётганини айтган.

Зеленскийнинг мурожаати АҚШ етакчилигидаги тинчлик келишуви тафсилотлари ошкор қилинган кунга тўғри келди. Унинг айтишича, урушини тугатишга қаратилган бир нечта асосий масалалар бўйича келишув мавжуд. Бироқ Россия максимал талабларини давом эттирмоқда.

Шу билан бирга фронтда уруш ҳам давом этмоқда. Шу кечада Украина ҳарбийлари Ростов областидаги «Новошахтинский» нефтни қайта ишлаш заводига Storm Shadow ракеталари билан зарба берган. Натижада заводда бир нечта портлашлар юз берди. Украина томонига кўра, бу завод Россия армиясининг йирик таъминотчиларидан бири ҳисобланади.

Кац: Исроил «ҳеч қачон» Ғазони тарк этмайди

Пайшанба куни мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил давлати Ғазо секторини «ҳеч қачон тарк этмаслиги» ҳақидаги ваъдасини такрорлади. Таълим конференциясида сўзлаган Кац Исроил Ғазода доимий равишда қолишини ва анклав атрофида кенг хавфсизлик буфер зонаси яратишини билдирган.

Кацнинг айтишича, «вақти келганда» Ғазо шимолида Наҳал пунктларини «тартибли тарзда» ташкил этиш мумкин бўлади. Исроил армияси бош қўмондони Эёл Замир ҳам Кацнинг қарашларини қўллаб-қувватлади.

Исроил ОАВларига кўра, бу баёнотлар Доналд Трамп маъмуриятини ғазаблантирган ва Нетаняҳунинг АҚШга режалаштирган ташрифини мураккаблаштириши мумкин.

Нетаняҳу 29 декабр куни Трамп билан учрашади. Учрашув Ғазо, Эрон, Ливан ва Сурия масалаларига бағишланиши кутилмоқда.

Ғазода Трамп илгари сурган таклиф асосидаги сулҳ 10 октябрда кучга кирган. Бироқ Исроил уни ҳар куни бузиб келмоқда, бунинг оқибатида сулҳдан кейин ҳам 411 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Исроил ўнлаб йиллардан бери Фаластин ҳудудларини, Сурия ва Ливаннинг айрим қисмларини босиб олган. Тел-Авив 1967 йилгача бўлган чегаралар доирасида мустақил Фаластин давлатини барпо этишни рад этиб келади.

Килиманжаро тоғида вертолёт қулади

25 декабрга ўтар кечаси Танзанияда – Африканинг энг баланд чўққиси ҳисобланган Килиманжаро тоғида вертолёт қулаши оқибатида беш киши ҳалок бўлди.

Полиция маълумотига кўра, бу тоғдаги беморларни олиб чиқиш учун амалга оширилаётган қутқарув парвози бўлган.

Ҳодиса тоғдаги Барафу лагери билан Кибо чўққиси оралиғида, денгиз сатҳидан 4 минг метрдан ортиқ баландликда юз берган. Ҳалок бўлганлар орасида тиббий эвакуация доирасида олиб чиқилаётган: икки нафар чет эллик сайёҳ, маҳаллий шифокор, бир нафар гид ва учувчи бор.

Пайшанба куни Танзания Фуқаро авиацияси бошқармаси ҳодиса юзасидан «воқеа шароитлари ва эҳтимолий сабабларини аниқлаш учун» тергов бошланганини маълум қилди.

Килиманжаро тоғида ҳаво кемалари билан боғлиқ ҳодисалар кам учрайди – охирги қайд этилган воқеа 2008 йилда содир бўлган бўлиб, ўшанда тўрт киши ҳалок бўлганди.

Туркияда ИШИДга алоқадор кўрилган 115 киши ушланди

Туркия расмийлари мамлакат бўйлаб Янги йил тадбирлари давомида режалаштирилган ҳужумлар олди олинганини маълум қилди.

Прокурор баёнотига кўра, Истанбул бўйлаб 124 та манзилда кенг кўламли рейдлар ўтказилиб, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва «ташкилий ҳужжатлар» мусодара қилинган.

Расмий баёнотда айтилишича, полиция ИШИДга алоқадорликда гумонланган 115 кишини ҳибсга олган, яна 22 кишини аниқлаш ва топиш бўйича ишлар давом этмоқда. Прокуратура гумонланувчилар Туркия ташқарисидаги ИШИД жангарилари билан алоқада бўлганини билдирди.

BBC’нинг ёзишича, бу эълон – Туркия разведкаси икки кун олдин Афғонистон–Покистон чегарасида гуруҳга қарши рейд ўтказганидан сўнг янграмоқда. Ўша амалиётда ИШИД бўлинмасида юқори лавозим эгаллаганликда гумон қилинган Туркия фуқароси қўлга олинган эди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид