Жаҳон | 18:42 / 24.02.2026
4853
6 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё интеграцияси учун кейинги стратегик қадам – умумий инвестиция макони

Дунё сиёсий турбулентлик даврига кирди – янги ўйин қоидалари жорий бўлмоқда, эртанги кунни прогноз қилиш қийинлашмоқда. Бундай вазиятда Марказий Осиё интеграцияси алоҳида аҳамият касб этади – “бўлинганни бўри ейди”. Бу йўлда қўйиладиган кейинги қадам – умумий инвестиция маконини яратиш, дейди Kun.uz колумнисти Алишер Умирдинов.

Фото: Shutterstock

Глобал иқтисодиётда регионализм тобора кучаймоқда. Савдо урушлари, геоиқтисодий фрагментация, таъминот занжирларининг қайта конфигурацияси шароитида минтақавий блоклар инвесторлар учун барқарор ва прогноз қилинадиган майдон яратишга интилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари ҳам ушбу жараёндан четда қолмаслиги керак. Минтақавий интеграциянинг навбатдаги босқичи сифатида минтақа давлатлари учун Умумий инвестиция маконини барпо этиш долзарб стратегик вазифага айланиши лозим.

Нега айнан инвестиция макони?

Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси қарийб 80 миллиондан ошди. Агар унга Озарбойжон аҳолиси ҳам қўшилса, бу рақам салкам 100 миллионга тенг келади. Бу энди кичик ва фрагментациялашган бозор эмас. Албатта, у Европа Иттифоқи ёки ASEAN миқёсидаги бозор билан тенглашмайди, бироқ минтақа ичида “миллий чемпионлар”ни етиштириш, саноат кластерларини шакллантириш ва капитал ҳаракатланишини тезлаштириш учун етарли ҳажмни таъминлай олади.

Бозорнинг кенглиги тадбиркорлик ҳаракатчанлигини тезлаштиради. Ички бозорни тўйинтирган бизнес табиий равишда қўшни мамлакатларга чиқишни бошлайди. Бу жараён аллақачон кузатилмоқда: ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги компанияларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва ҳатто Афғонистон бозорларига кириб бормоқда. Шу билан бирга, қўшни давлатлардан ҳам инвестиция оқими шаклланмоқда. Масалан, Қозоғистон капитали иштирокидаги молиявий институтларнинг фаолияти бунга мисол бўла олади.

Бироқ бу жараёнлар ҳозирча тизимли эмас. Улар алоҳида икки томонлама келишувлар, нотекис солиқ сиёсати ва турлича ҳуқуқий режимлар доирасида амалга ошмоқда. Натижада инвестор учун ҳуқуқий аниқлик ва прогноз қила олиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Умумий инвестиция макони қандай қурилади?

1. Ягона минтақавий инвестиция битимини ишлаб чиқиш

Ҳозир минтақада асосан эски авлод икки томонлама инвестиция битимлари амал қилмоқда. Улар инвестицияларни ҳимоя қилишнинг замонавий стандартларига тўлиқ жавоб бермайди.

Марказий Осиё давлатлари ўртасида ягона, беш ёки олти томонлама минтақавий инвестиция битими қабул қилиниши лозим. Бу ҳужжат:

  • инвестицияларни ҳимоя қилишнинг ягона стандартларини белгилаши,
  • низоларни ҳал этишнинг аниқ ва самарали механизмини кўзда тутиши,
  • барқарор ривожланиш ва ижтимоий масъулият элементларини ўз ичига олиши керак.

Бундай ёндашувни ASEAN, Африка Иттифоқи ва Европа Иттифоқи тажрибасида кўриш мумкин. Масалан, 2009 йилда ASEAN давлатлари ASEAN Кенг қамровли инвестиция битими – ACIAни тузишган. Лотин Америкасида эса 2017 йили MERCOSUR ички инвестицияларни енгиллаштириш протоколи тузилган. Африка қитъасида инвестиция режимини босқичма-босқич ягона стандартларга яқинлаштиришга қаратилган AfCFTA Инвестиция бўйича Протоколи ҳам 2023 йил февралида қабул қилинган.

Дунёда мана шундай ягона инвестиция маконини қуришга ҳуқуқий йўллар билан интилмаётган минтақа бу – Марказий Осиёдир. Шундай экан, ташаббускорликни Ўзбекистон ҳукумати қўлга олиши ва минтақавий ҳуқуқий архитектурани шакллантиришда фикр етакчилигини намойиш этиши мақсадга мувофиқ, менимча.

2. Солиқ ва имтиёзлар бўйича зарарли рақобатни чеклаш

Сўнгги йилларда минтақа давлатлари хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида ҳаддан ташқари кенг солиқ имтиёзлари ва субсидиялар таклиф қилиб келмоқда. Бу эса “race to the bottom” – зарарли рақобатни юзага келтиради. Натижада инвестор ютади, бироқ давлат бюджети ва аҳоли манфаатлари зарар кўради.

Умумий инвестиция макони доирасида:

  • солиқ имтиёзларини босқичма-босқич мувофиқлаштириш,
  • ортиқча субсидияларни қисқартириш,
  • тенг ва шаффоф ўйин қоидаларини жорий этиш зарур.

Бу минтақани арзон имтиёзлар ҳудуди эмас, балки барқарор ва институционал жиҳатдан ишончли инвестиция маконига айлантиради.

3. Низоларни ҳал этишнинг минтақавий механизми

Инвестиция муҳитининг юраги – низоларни адолатли ва тезкор ҳал этиш тизими. Минтақавий инвестиция битими доирасида низоларни кўриб чиқиш учун минтақада мавжуд арбитраж институтларидан бири, масалан, Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC), асосий платформа сифатида танланиши мумкин.

Бу –

  • минтақада арбитраж амалиётини ривожлантиради,
  • ҳуқуқий экспертиза ва ишончни оширади,
  • капитални минтақа ичида ушлаб қолишга хизмат қилади.

4. Минтақавий инвестиция омбудсмани

Инвесторлардан келиб тушаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва ҳукуматларга тавсиялар бериш учун минтақавий инвестиция омбудсмани ёки комиссияси ташкил этилиши лозим. Ушбу орган:

  • инвесторлардан тушган шикоятларни таҳлил қилади,
  • амалиётни умумлаштиради,
  • “энг яхши тажриба” (best practice)ни мувофиқлаштиради,
  • қонунчиликни такомиллаштириш бўйича минтақа давлатларига тавсиялар беради.

Бу превентив механизм бўлиб, низоларни арбитражгача етиб бормасдан ҳал қилиш имконини беради. Комиссия аъзолари эса минтақа давлатлари тавсиясига биноан соҳанинг энг кучли мутахассислари томонидан ташкил этилиши керак.

Кутилаётган натижа

Умумий инвестиция макони яратилса:

  • минтақавий халқаро ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқ ўртасида гармонизация кучаяди;
  • капитал, технология ва инсон ресурслари эркинроқ ҳаракатлана бошлайди;
  • қўшни давлатларга инвестиция киритиш ва улардан инвестиция жалб қилиш осонлашади;
  • минтақа глобал инвестиция харитасида ягона иқтисодий макон сифатида кўрина бошлайди.

Марказий Осиёда етарли тажриба, капитал ва сиёсий ирода мавжуд. Муҳими – бу имкониятни вақтида англаб, уни аниқ институционал қадамлар орқали мустаҳкамлашдир.

Шу боис, Туркманистонда бўлиши кутилаётган навбатдаги Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон ташаббуси билан Умумий Инвестиция Макони ғоясини киритиш ва унга оид аниқ қадамлар ташлашга ундаш стратегик жиҳатдан тўғри ва узоқ муддатли манфаатларга хизмат қиладиган қарор бўлар эди.

Алишер Умирдинов,
Нагоя университети профессори

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид