Ўзбекистон | 11:54 / 10.04.2021
7105
7 дақиқада ўқилади

Адлия вазирлиги: Аҳолининг ер ва уй-жойга бўлган ҳуқуқлари поймол этилишда давом этмоқда

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг Kun.uz’га маълум қилишича, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган қатъий чораларга қарамасдан, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида вазирликка аҳолидан ер ва уй-жойларига бўлган ҳуқуқлари поймол этилиши тўғрисида 50га яқин мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар асосан қуйидаги мазмунда:

  • қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаб, инвестиция лойиҳалари бўйича фуқароларни хусусий уй-жойларидан мажбурий кўчирилиши, уй-жой қурилган ерларни белгиланган тартибда ерга бўлган ҳуқуқлар бекор қилинмасдан туриб, бу ер участкалари тадбиркорлик субъектларига кўп қаватли уйлар қуриш учун берилиши ёки “резерв” қилиниши;
  • мулкдор ерининг унга тенг бўлган ер участкаси бермасдан олиб қўйилиши;
  • деҳқон ва фермер хўжаликлари эгаларининг ерга бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмасдан ушбу ерлар бошқа шахсларга бериб юборилиши.

Ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритишга масъул орган сифатида Адлия вазирлиги ушбу салбий ҳолатларга қатъий муносабатини билдирди.

Қонун нормаларини ўхшашлик асосида қўллаб, фуқароларнинг хусусий уй-жойларидан мажбурий кўчирилиши масаласида Фуқаролик кодекси 5-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, хусусий мулк бўлган мол-мулкни олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек, бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади. Шу боис, фуқароларнинг хусусий уй-жойларини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш белгиланган қатъий талаблар асосида тегишли зарарлар қоплангач амалга оширилиши лозим.

Шунингдек, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида ер участкалари бир жисмоний ва юридик шахсдан иккинчи шахсга берилгани давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳисобланмайди.

Ер кодексининг 37-моддасига кўра, ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;
  • Ўзбекистон халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
  • фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
  • автомобил ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
  • аҳоли пунктлари бош режаларининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини ижро этиш мақсадида, шунингдек, қонунларда ва президент қарорларида тўғридан тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг 1993/77-сон резолюциясига асосан, мажбурий кўчириш амалиёти инсон ҳуқуқлари, хусусан, етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқининг жиддий бузилиши сифатида кўрсатилган.

Ер кодекси талабларига мувофиқ, ер участкаларини тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг манфаатлари йўлида олиб қўйиш давлат ва жамоат эҳтиёжи ҳисобланмайди ва бундай ёндашув ҳуқуқий асосга эга эмас.

Бундан ташқари, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ва уй-жойлар бузиб ташланиши натижасида қуйидаги зарарлар қоплаб берилади:

  • олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари бозор қиймати;
  • олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
  •  кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
  • қонун ҳужжатларида ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар.

Бунда, компенсация қуйидаги шаклларда берилади:

  • пул маблағлари;
  • бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;
  • ер участкаси;
  • келишувда назарда тутилган компенсация бошқа турлари.

Шунингдек, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдони ижтимоий нормасидан (16 м2) кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтлар бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётганда унга фақатгина ер участкасини бериш билан кифояланмасдан, балки унга ердан фойдаланишнинг бозор қийматидан келиб чиқиб, шу жумладан фуқаро томонидан қилинган сарф-харажатларни инобатга олган ҳолда олиб қўйилган ер ва берилаётган ер бозор қийматидаги мавжуд фарқ ҳам компенсация сифатида тўлаб берилиши лозим.

Бундан ташқари, Ер кодекси 23-моддасига асосан, эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади. Мазкур муносабатларда айнан ушбу белгиланган асосларда ва тартибга амал қилиниши шарт.

Мазкур кодекснинг 37- (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш) ва 38-моддаларида (ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда ер участкасини олиб қўйиш) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ва ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганда ер участкасини олиб қўйиш асослари ва тартиби белгиланган.

Шунингдек, президентнинг 2019 йил 13 августдаги ПФ–5780-сон фармонига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ваколатлари тегишли халқ депутатлари кенгашларига берилган.

Шу билан биргаликда, халқ депутатлари кенгашлари қарорлари қонунийлиги масаласи маъмурий судларда кўриб чиқилиши ва ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш қонунчиликка мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликларга сабаб бўлади. Барча ноқонуний қарорлар ва хатти-ҳаракатларга қонунга асосан баҳо берилиши ҳамда судларда кўриб чиқилиши мумкин.

Мавзуга оид