Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда жазо ўтаётган ўзбекистонликларнинг 60 фоизи гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун қамалган – ТИВ
Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Мунира Низомовага кўра, Россия қамоқхоналарида қолаётган Ўзбекистон фуқароларининг 60 фоизи гиёҳванд моддалар савдоси ва уларни олиб ўтиш билан боғлиқ жиноятлар учун ҳибсга олинган. Шунингдек, жинсий зўравонлик (12 фоиз) ва қотиллик (7 фоиз) билан қамалганлар сони ҳам кўп.
Фото: ТАСС
Россия қамоқхоналарида қолаётган Ўзбекистон фуқароларининг 60 фоизи гиёҳванд моддалар савдоси ва уларни олиб ўтиш билан боғлиқ жиноятлар учун ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти Фуқаролик масалалари, легализация ва бошқа консуллик ҳаракатлари бошқармаси бошлиғи Мунира Низомова маълум қилди.
ТИВ расмийсининг таъкидлашича, жинсий зўравонлик жиноятлари (12 фоиз) билан қамалган ўзбекистонликлар сони ҳам кўп. Шунингдек, қамалганларнинг 7 фоизи қотиллик, тахминан 5 фоизи соғлиққа оғир зарар етказиш, 4 фоизи ўғрилик, 3 фоизи фирибгарлик билан айбланган.
Низомова ўзбекистонликларнинг Россия аэропортларида соатлаб ушлаб турилган ҳолатлари юзасидан ҳам фикр билдирди.
“Аэропортларда Ўзбекистондан келадиган рейсларнинг текширувлари жуда узоқ ўтказиляпти. Ўртача 6−8 соат. Баъзан 10 соат, 12 соатлаб текширув бўлган ҳолатлар ҳам бор. Кўз олдингизга келтиринг, аёллар фарзандлари билан 12 соатлаб аэропортда ўтирса. Бу бекорга бўлаётгани йўқ-ку? Фуқароларимизнинг хорижда қилаётган хатти-ҳаракатларининг салбий таъсири бу. Ёки Россияда рейдлар ўтказилиши кўпая бошлади. Қачонки бизнинг фуқаролар қонун-қоидаларга риоя қилиб, бошқа давлатларнинг урф-одатлари, анъаналарини ҳурмат қилишни ўрганмаса, биз — Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар, консуллик муассасалари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг таъсири кучли бўлмайди”, деди у.