Жаҳон | 17:55 / 17.05.2020
37874
9 дақиқада ўқилади

Дунё коронавирус туфайли нималарни ёддан чиқарди: йўқолмаган беш муаммо

Covid-19 пандемияси инсониятни анчадан бери қийнаб келаётган жиддий муаммоларга соя солди, аммо уларни эртами-кечми барибир ҳал қилишга тўғри келади.

Фото: Reuters

Бу ажабланарли эмас: эпидемия бутун дунёга таъсир кўрсатди, одамлар ҳаётига таҳдид солмоқда, нафақат эпидемияга қарши тор маънодаги кураш билан боғлиқ, балки бутун жамият ҳаётига тегишли кўплаб саволларни туғдирмоқда. 

Коронавирус туфайли кун тартибидан тушган баъзи муаммоларни ҳал қилишга аллақачон кеч. Қолганлари эса долзарб бўлиб қолмоқда ёки янада чигаллашмоқда.

Баъзи ҳукуматлар барчанинг диққати Covid-19'га қаратилганидан ўзларининг узоқ йиллик ниятларини амалга оширишда фойдаланишмоқда.

BBC келгуси ҳафта ва ойларда ҳар қандай бўлмасин бирор усул билан ҳал қилиниши керак бўлган бешта асосий муаммони эслади. 

Янги ядро пойгаси хавфи
Россия-Америка стратегик қуролларни қисқартириш шартномаси (СНВ-3) муддати келаси йил февраль ойи бошида тугайди. Бу «совуқ уруш» давридан мерос қолган қуролларни назорат қилиш бўйича сўнгги йирик битим.

Томонларнинг ўзаро келишуви билан уни узайтириш мумкин, аммо бу учун етарли вақтнинг ўзи қолмади.

АҚШ ва Россия президентлари ўтган йилги учрашув вақтида / REUTERS

Агар бу амалга ошмаса, ҳақиқий таҳликалар пайдо бўлади, агар тийилиш йўқлиги ва шаффофлик етишмовчилиги кузатилса, янги ядро билан қуролланиш пойгаси бошланади. Хавф янги махфий қуролларнинг, масалан, парвоз пайтида найранг қила оладиган юқори сезгир ракеталар пайдо бўлиши туфайли ортмоқда.

Янги кенг қамровли ҳужжатни ишлаб чиқиш учун вақт қолмади. Россия юридик жиҳатдан мураккаб бўлган шартномани янгилашга тайёрлигини сездирмоқда.

Бироқ, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти, агар Хитой унга қўшилмаса келишувдан чиқиб кетиш истагида, Пекин томонидан эса энг митти интилиш ҳам кузатилмаяпти.

Шундай қилиб, агар Вашингтон сўнгги дақиқада фикрини ўзгартирмаса ёки Оқ уйга янги хўжайин келмаса, стратегик ҳужум қуроллари тизими тарихга айланади. 

Эрон атрофидаги кескинлик ошиши
АҚШнинг Қўшма комплекс ҳаракат режаси деб ном олган Эрон ядро дастурига оид келишувдан 2015 йилда чиқиб кетиши сабабли юзага келган можаро уни янада кескинлаштирмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Эронга бир қатор замонавий қурол-аслаҳа етказиб беришга эмбаргоси ўз кучида қолмоқда. Унинг амал қилиш муддати жорий йилнинг 18 октябрида тугайди. АҚШ уни узайтириш истагида. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний бундай ҳаракатнинг оғир оқибатлар келтириб чиқаришини аллақачон эълон қилган.

Ҳасан Руҳоний БМТ қурол етказиб беришга тақиқ қўйишидан хавфсирамоқда / HO VIA AFP

Тўғри, Россия бунга, катта эҳтимол билан вето қўяди. Бундай ҳолда, Оқ уй Европадаги иттифоқчилари Эрон шартномани бажаришдан бош тортган тақдирда унга нисбатан кенг кўламли иқтисодий санкцияларни тиклашни назарда тутувчи 2015 йилги шартнома бандини кучга киритишига умид қилмоқда.

2018 йил май ойида АҚШ «ҳаракатлар режасидан» чиқиб кетди ва шу вақтдан бери Теҳронга босимни кучайтирди. Эронликлар бунга жавобан шартноманинг кўплаб бандларини бузишди, аммо ҳар доим ҳам қайтариб бўлмайдиган тарзда эмас. 

Ғайриоддий манзара пайдо бўлмоқда: АҚШ санкциялар таҳдиди остида Эрондан ўзи чиқиб кетган шартномани бажаришни талаб қилмоқда. Барак Обама маъмуриятининг юқори мартабали бир мулозими таъкидлаганидек, улар пирогга ҳам эгалик қилишмоқчи, ҳам уни ейишмоқчи.

Натижада Американинг Эрон билан муносабатлари янада ёмонлашмоқда ва европалик иттифоқчилар билан низо эҳтимоли бор. Шу билан бирга, амалдаги қурол эмбаргоси Эронни Яқин Шарқ минтақасидаги хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбурлай олмади ва мижозларни қуроллантириш қобилиятига жиддий таъсир кўрсатмади.

Исроил Ғарбий соҳилни аннексия қилишни режалаштирмоқда
Исроилда сайлов марафони якунланди. Бош вазир Бенямин Нетаняҳу бир қатор ҳужумларга дуч келган бўлса ҳам, асосий мухолиф партиялардан бири билан ваколатларни тақсимлаш тўғрисидаги битим туфайли ўз лавозимини сақлаб қолди.

Ўзига нисбатан йиғилиб қолган ҳуқуқий таъқиблар таҳдидига қарамай ва эҳтимол қисман шу сабабли – Нетаняҳу Иорданнинг Ғарбий соҳилини аннексия қилиш ва уни Исроилнинг доимий қисмига айлантиришни ўз ичига олган қарама-қарши миллатчилик дастурини илгари сурмоқда. 

АҚШнинг позицияси Ғазо бўйича музокараларда муҳим аҳамият касб этиши мумкин
REUTERS

Бу Дональд Трампнинг тинчлик режасида қайд этилган бўлсада, Фаластинда икки давлатни барпо этиш истиқболи бирданига ва бир умрга барбод бўлишига олиб келади. Кўпчилик унда Исроил ва Фаластин ўртасидаги доимий тинчликка бўлган ягона заиф умидни кўришда давом этмоқда. 

Фаластинликлар юқори ошкоралик билан норозилик билдирмоқда, баъзи Европа ҳукуматлари хавотирларини баён этмоқда, баъзилари эса Исроилга санкциялар билан таҳдид қилишмоқда. Аммо ҳар доимгидек АҚШнинг позицияси ҳал қилувчи бўлади. Улар Исроилга яшил чироқ ёқишадими ёки тийилишни маслаҳат беришадими?

Суриянинг Жўлан тепаликларинининг аннексия қилиниши Америка томонидан қўллаб-қувватлангани ва АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилиши Нетаняҳуни руҳлантиргани аниқ.

Ҳозирга қадар Вашингтондан қарама-қарши сигналлар келмоқда. Тахминларга кўра, унга Фаластин давлати бўйича музокараларни бошлаш эвазига Ғарбий соҳилнинг қисмларини аннексия қилиш маъқулланиши таклиф қилинган.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Нетаняҳу Ғарбий соҳилдан миллатчилик электоратини жалб қилиш мавзусидан фойдаланган ҳолда энди ортга қайтиши мумкин, америкаликларнинг позицияси эса унга ёрдам беради, чунки Исроилнинг тошдай қаттиқ миллатчилари Фаластин давлатига ҳар қандай шаклда қарши туришади.

Брексит: ҳали ҳам кун тартибида
Кўпчилик бу сўзни деярли унутган. 

Аммо, вақт яқинлашмоқда: 31 декабрь куни Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг келгуси муносабатлар тўғрисида келишиб олишлари керак бўлган ўтиш даври ниҳоясига етади. 

Бошланган музокаралар дастлабки босқичда эди ва ҳозир улар деярли тўхтаб қолган. Борис Жонсон ҳукумати янги йилдан кейин уларни узайтириш имконияти ҳақида ишора ҳам қилмаяпти.

Коронавирус пандемияси янги вазиятни юзага келтирди: ундан чиқиш йиллар давом этадиган иқтисодий инқироз барчага таҳдид солмоқда. 

Ва ниҳоят, инглизлар бу мавзудан чарчашди. 

ЕИнинг Covid-19 инқирозига нисбатан биринчи реакцияси иттифоқни унча ҳам ёқимли бўлмаган вазиятга дучор этди, ваҳоланки сўнгги вақтларда унинг сафи кенгайганди. Буюк Британия ҳам бу ўринда яхши ўрнак бўла олмади. 

Буюк Британия ЕИни кескин танглик муҳитида тарк этмоқда. Бу иккала томоннинг муросага мойиллигини кучайтирадими?

PA MEDIA

Ҳозирча томонлар умумий тил топа олишмаяпти. Брюссел яқин иқтисодий алоқаларни, ҳар икки томон учун муҳим бўлган катта миқдордаги савдо-сотиқни қўллаб-қувватлашни талаб қилмоқда ва бунинг учун Британия адолатли рақобат кафолатланиши учун Европа Иттифоқининг баъзи қоидаларига амал қилиши керак. 

Лондон Брюсселни Бирлашган Қироллик энди тўлиқ мустақил давлат эканлиги ва у бу мустақилликнинг бирор қисмини қурбон қилишни истамаслигини ҳалигача англамаётганини айтмоқда.

Муайян муҳим соҳалар бўйича музокаралар ҳам боши берк кўчада, масалан балиқчилик. 

Бунинг ортидан эса Лондон бошқа иқтисодий ва дипломатик саволларга жавоб беришга мажбур бўлади. Улар Америка билан қай даражада боғлиқ? Хитойга қарши қанча узоқ тура олиш мумкин?

Энди танлов аввалгига қараганда оғирроқ бўлади.

Иқлим

GETTY IMAGES

Пандемияга қарши кураш жаҳон ҳамжамиятининг, эҳтимол, энг улуғвор ва мураккаб глобал муаммони — иқлим ўзгаришини биргаликда ҳал қилиш қобилиятини синаш учун синов майдони сифатида қаралиши мумкин. 

Халқаро ҳамкорлик борасида тажриба жуда чалкаш. Ва эпидемиядан кейин ҳам қоладиган қийинчиликлар муаммони фақат мураккаблаштиради. 

Ноябрь ойида Глазгода бўлиб ўтиши режалаштирилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим конференцияси аллақачон келгуси йилга кўчирилди. Аммо гап, албатта, музокаралар жараёнини қайта тиклаш билан боғлиқ эмас. 

Онг ҳолати қандай ўзгаради? Қадимги аҳамиятлилик ва шошилинчлик ҳисси қайтадими? Янги дунё тартиби иқлим жабҳасида тезкор тараққиётга қанча ҳисса қўшади? Бу саволлар ҳануз жавоб кутмоқда.

Мавзуга оид