Ўзбекистон | 19:26 / 07.08.2021
10053
4 дақиқада ўқилади

МИБ тизимида “план” бор-йўқлиги масаласига изоҳ берилди

МИБ тизимида “план” борлиги рад этилди. Бироқ аввалроқ бюро мансабдори кунига ўнтадан кам ижро ҳаракатини бажарган ходимларни жазоламоқчи бўлганди.

Мажбурий ижро бюроси ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий алоқалар бўлими бошлиғи Насимхон Бурҳонов бюро органларида ходимларга “план” белгилаб берилганини рад этди. Аммо у ижрочиларнинг фаолиятини назорат қилиш учун муайян режа белгилаб берилишини тан олди.

“Ҳар қандай идорада ўз ишини режалаштириш деган нарса бор. Ижро ҳужжатларининг сонидан, ундирилиши лозим бўлган маблағ миқдоридан келиб чиқиб ҳар битта идора ўзининг ишини режалаштиради. Масалан, фалон ишнинг ижроси фалон муддатда таъминланади деб белгилаб олинади.

Худди шундай МИБ тизимидаги ҳар битта идора, бюронинг вилоят, шаҳар, туманлардаги бошқарма ва бўлимлари ўз ишини режалаштиради. Ўзига қанақадир индикатор қўйиш, маълум бир кўрсаткични белгилаб, унга интилиш ишни ташкил этишнинг битта тури, йўналиши ҳисобланади. Яъни Мажбурий ижро органининг иш ҳажми, ходимнинг имкониятларидан келиб чиқиб қандайдир юкламалар белгиланиши мумкин. Бу – ҳамма идорада бор ҳолат.

“План” деган нарса йўқ. Лекин алимент бўйича ўтган йили бунча кўрсаткич бўлган, бу йилдан ушбу кўрсаткични 60-70 фоизга, келаси йили 80 фоизга етказиш керак деб режа белгиланади. Шунга қараб мажбурий ижро органлари интилади, фаолиятини йўлга қўяди. Буни энди бошқача қилиб “план” дейиш мумкин, “ишни ташкил этиш” деса бўлади.

Бизда кунига кичик-кичик суммаларни ундириш билан боғлиқ 35 та ижро ҳужжатини якунлаш ҳақидаги умумий қоида бор. Битта ижрочи 20 та ижро ҳужжатини тугаллай олса, иккинчи ижрочи 8 та ижро ҳаракатини бажаради. Уларнинг шароити бир хил, бириктирилган ҳудуди бир хил. Ҳар битта ижрочи бекор юрмаслиги, ундирувга чиқиб кетгандим деб баҳона қилмаслиги учун муайян режа белгилаб берилади. Шу орқали ишнинг бориши назорат қилинади.

[“План”ни бажармаган ходимларни] жавобгарликка тортиш масаласига келсак, чора кўриш Меҳнат кодексига асосан амалга оширилади. Меҳнат қонунчилигида, шунингдек, бюро органларида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда чора кўриш асослари ёзилган. Ходимга “режа”ни бажармадинг, юкламани қилолмадинг деган асос билан уни интизомий жавобгарликка тортиб бўлмайди. Қонунда, ички ҳужжатларда бунинг учун асос мавжуд эмас”, – дейди Насимхон Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрел ойида Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи Моҳизода Юсупова ходимларнинг Telegram'даги гуруҳига йўлланган овозли хабари тарқаб кетган, унда МИБ мансабдори кунлик режани бажармаган ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган эди.

Ходимларини сўккан МИБ Ангрен шаҳар бўлими бошлиғига ҳайфсан берилиб, раҳбар томонидан ҳақоратланган 7 нафар ходим билан профилактик суҳбат ўтказилиб, ўз ишларига масъулиятли бўлишга чақирилгани маълум қилинганди.

Аввалроқ интернетда Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, подполковник Фаррух Холовнинг ҳар бир профилактика инспектори турли моддалар бўйича кунига 5тадан маъмурий баённома тузиши ҳақида топшириқ берган аудиоси тарқалганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ Фаррух Холовга нисбатан хизмат текшируви белгилаган, бироқ унинг натижасида ички ишлар ходимига қандай чора кўрилгани очиқланмаганди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов худди МИБ мулозимлари каби тизимда ходимларга “план” белгилаб берилганини рад этганди. Ғиёсовнинг айтишича, ички ишлар тизими “бундай номақбул иш услубидан аллақачон қутулган”.

Мавзуга оид