Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танқиддан сўнг: ТИВ ўзбек муҳожирини ҳақоратлаган рус миллатчисига чора кўришни сўради
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москвада ишлаётган ўзбек муҳожирини “русларнинг қули” деб атаган россияликни аниқлаш ва унга нисбатан чора кўришни сўраб, нота юборди. Айни пайтда вазирлик бу миллатчини “номақбул шахс” деб эълон қилиб, унинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга шошилмаяпти.
Видеодан кадр
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ТИВга нота юбориб, муҳокамаларга сабаб бўлган видеодаги шахсни топиш ва чора кўришни сўради. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.
Август ойида интернетда россиялик эркак ўзбекистонлик муҳожирни “сен қулсан, русларнинг қулисан” дея ҳақоратлагани акс этган видео тарқалган эди. Ўшанда ТИВ бу ҳолатни тилга олмаган ҳолда, Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида давлат ҳимоясида эканини айтиб баёнот бериш билан чекланган эди.
Kun.uz 31 август куни эълон қилган ҳафта дайжестида россиялик миллатчининг ҳақорати жавобсиз қолганига эътибор қаратди. Материалда ТИВ бу шахснинг жазоланиши учун ҳаракат қилмаётгани, ўтган йили қабул қилинган қонунни қўллаган ҳолда унинг Ўзбекистонга киришига тақиқ жорий этмаётгани айтилганди.
“Агар тескариси бўлганида, яъни бирор бир Россия фуқароси Тошкентда худди шунақа ҳақоратга учраганида, Москвадан қанақа реакция бўлишини кўпчилик яхши тасаввур қилади”, – дея ёзганди Kun.uz.
Шундан кейин, 2 сентябр куни ТИВ матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Бурҳонов вазирликнинг август ойидаги фаолияти юзасидан берган ахбороти сўнгида бу масалага ҳам тўхталиб ўтди.
“Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган маълумотларни мунтазам равишда кузатиб боради ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўриш мақсадида хорижий мамлакатларнинг ваколатли идоралари билан яқин ҳамкорлик қилади.
Хусусан, август ойида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига мазкур видеодаги шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чоралар кўриш мақсадида расмий нота юборилди.
Ҳурматли ватандошлар, сизларга яна бир эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, давлатимиз ҳимоясида ҳисобланади. Агар ҳуқуқ ва эркинликларингиз, қонуний манфаатларингиз ёки шаънингиз хорижда бузилса, дарҳол ўша мамлакатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, – дейилади ТИВ баёнотида.
Мавзуга оид
15:18 / 01.12.2025
Олмаотада оғир аҳволга тушиб қолган бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилди
14:50 / 27.11.2025
Россияда урушга жалб қилишнинг янгича усули пайдо бўлгани айтилмоқда
09:19 / 25.11.2025
Озарбойжонда оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик қайтарилди
09:04 / 19.11.2025