Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
38 миллионга етган халқ ва жавобсиз қолган ҳақорат — ҳафта дайжести
Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон аҳолиси 38 миллионга етди: 40 миллионлик маррага узоғи 3 йил қолди. Рус миллатчиси ўзбек муҳожирини таҳқирлади: ТИВ нега унинг Ўзбекистонга киришини тақиқламади? Марказий банк ойликларни тезроқ оширишга чақирди: бу масалада қўшниларимиздан анча орқада қоляпмиз. Президент футбол бўйича қарор имзолади: энди ҳар битта маҳаллада футбол майдони бўлиши керак.
Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид асосий янгиликлари – Kun.uz дайжестида.
38 миллионга етдик
Ўзбекистон аҳолиси сони расман 38 миллионга етди. Бу “юбилей” мустақилликнинг 34 йиллиги арафасига, 28 августга тўғри келди. Шу тариқа, ўзбекистонликлар охирги бир йил ичида 700 минг нафарга кўпайди. Шу темп сақлаб қолинадиган бўлса, 2028 йил ўрталарига бориб 40 миллионлик марра ҳам забт этилади. Бу билан Ўзбекистон энг кўп нуфусга эга 40 та давлат қаторидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Аҳолимизнинг 35 фоизи ҳали 18 ёшга тўлмаган. Меҳнатга лаёқатли ёшдагилар сони 21 миллион ёки умумий аҳолининг 56 фоизини ташкил этади. Расмий маълумотларга кўра, ишсизлик даражаси тарихий минимум кўрсаткич – 5,1 фоизга тушган. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 12 фоизи, яъни 1 млн 800 минг нафари хорижда ишлаяпти. Шавкат Мирзиёев Мустақиллик кунидаги нутқида айтишича, йил бошидан бери 700 минг ватандош юртимизга, оиласи бағрига қайтган. Президент 8 ой ичида 5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланиб, камбағаллик даражаси 6,8 фоизгача тушганини айтди.
“Мамлакатимиз рақамлашган ва адолатли суд даври остонасида турибди. [...] Олдимизда қандай синовлар пайдо бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан асло ортга қайтмаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари байрам муносабати билан 523 нафар маҳкумни авф этди ва кўплаб соҳалар вакилларига давлат мукофотларини топширди. Хусусан Ўзбекистон бош прокурори, ички ишлар вазири ва мудофаа вазирининг унвонлари оширилди. 29 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида Шаҳидлар хотираси майдонида советлар қатағон қилган 100 мингдан ортиқ ўзбекистонлик хотирланди. Байрам олдидан Тошкент шаҳрини айланган президент, қурилиши деярли якунланган Ислом цивилизацияси маркази ва “Тошкент-Шарқий” аэропортини кўздан кечирди, Миллий боғ олдидаги майдонда Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тошини қўйди.
Шунингдек, Янги Ўзбекистон кўчасидаги ерости йўл ўтказгич ҳам очилди. Йўлдан соатига 10 мингта автомобил ўта олади. Туннелнинг устида Янги Ўзбекистон боғи ва Олимпия шаҳарчасини боғловчи пиёдалар зонаси ташкил этилиб, бўлажак ерости метроси учун туннел ва бекат ҳам қурилган.
“Ҳар бир маҳаллага – футбол майдони”
Май ойида имзоланган қонун билан, маданият масканлари ва истироҳат боғларини сотиб юбориш тақиқланган эди. Мана энди, стадионларни хусусийлаштириш ҳам тақиқланди. Президент қарорига кўра, бундан буён давлатга қарашли футбол стадионлари ва майдонларининг фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш мумкин эмас. Йил охиригача давлатга қарашли ҳамма стадионлар ва футбол майдонлари хатловдан ўтказилиб, кўзда тутилган тақиқлар кадастр ахборот тизимига киритиб қўйилади.
Шу тариқа, энг аввало Тошкент марказидаги тарихий аҳамиятга эга “Пахтакор” стадиони, қолаверса туманлардаги ўзи шундоғам кам бўлган футбол майдонлари сотилиб кетишининг олди олинди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили “Пахтакор” стадиони хусусий қўлларга ўтиб кетишига бир бахя қолганди. Давлат активларини бошқариш агентлиги клубни стадионига қўшиб сотувга чиқарган, жамоатчилик эътирозларидан кейин сотув тўхтатилганди. Ўшанда тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб ва стадионни текинга олиб, ривожлантирмоқчи эканини айтганди. “Пахтакор”ни 100 долларга берса, сотиб олмайман у ерни. Текинга берса оламан. Стадионини ҳам. Текинга берса оламан, пулга берса олмайман”, деганди у.
Президент қарори билан, муҳим футбол ўйинларидаги чипта билан боғлиқ машмашаларга ҳам ечим белгиланди. Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб мухлислар чипта сотиб олиш учун шахсини тасдиқлаши керак бўлади. Чипта сотувлари фақат онлайн шаклга ўтиши ҳам мумкин: қарорда сотув жараёни махсус онлайн тизим орқали амалга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, ЎФА қошида “Легионерлар клуби” ташкил этиладиган бўлди. Бу клубга хорижда легионер сифатида фаолият юритган ва юритаётган футболчилар ва бошқа футбол мутахассислари жалб қилинади. Уларга ўзининг футбол мактаби ва футбол клубини очиш учун давлат-хусусий шериклик асосида ер участкалари ажратилади. Оддийроқ айтганда, Максим Шацких ёки Абдуқодир Ҳусанов ўз мактабини очмоқчи бўлса, давлат уларга ер ажратишга тайёр.
Президент қарорининг яна бир муҳим банди – маҳаллаларда футбол майдонлари қуришга оид. Унга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури йўлга қўйилади. Дастур доирасида маҳаллалар ичида бўш турган ер участкалари уларнинг бир қисмида футбол майдони ташкил этиш учун аукционга чиқарилади. Аукцион ғолиблари футбол майдонидан ташқари қолган ерни ўзи хоҳлаганидек тасарруф этиши мумкин бўлади. Ҳокимлар йил охиригача аукционга чиқариладиган ерлар рўйхатини тасдиқлаши керак.
Фармацевтикада узоқ кутилган янгилик
Охирги йилларда нархлари энг юқори суратда ўсаётган товарлардан бири – дори-дармонларнинг таннархи бироз бўлса-да арзонлашиши мумкин. Президент қарори билан, Ўзбекистон ривожланган давлатларда маъқулланган дориларни тўғридан тўғри тан оладиган бўлди. 1 октябрдан эътиборан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатидаги регуляторлар эътироф этган препаратларни Ўзбекистондаги регулятор тан олиш орқали давлат рўйхатидан ўтказади. Яъни АҚШ ёки Кореяда фойдаланишга рухсат берилган дорини Ўзбекистонга олиб кириш учун такрорий экспертизалар ўтказилмайди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан бошлаб дори воситаларига берилган гувоҳномалар ҳозиргидек муддатсиз эмас, 5 йил муддатга берилади. Шу пайтгача муддатсиз берилган гувоҳномаларнинг амал қилиш муддати 5 йилдан кейин тугайди. Агар препарат ривожланган давлатларда рўйхатдан ўтмаган бўлса, унга гувоҳнома олиш учун “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификатини олиш талаб этилади. Бундан ташқари, 1 январдан бошлаб тиббий буюм ва тиббий техникаларнинг чакана савдоси билан шуғулланиш учун лицензия талаб этилмайди.
Ойликлар ошиши секин кетяпти
Дори-дармонларнинг нарх пойгасидаги “рақобатчиси” бўлмиш бензин қимматлашишда давом этмоқда. Икки ҳафта олдин АИ-80 бензини нархи 10 фоизга ошганди. Маълум бўлишича, охирги ҳафталарда АИ-92 бензини ҳам пойтахтдаги турли шохобчаларда 7,6 фоизгача қимматлашган. Нарх ошиши – “Ўзбекнефтгаз”нинг биржада АИ-92 бошланғич нархи арзонлаштирилди дея тарқатган хабаридан кейин рўй бергани эътиборли.
Сўнгги кунларда, шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иссиқлик таъминотининг янги тарифлари тасдиқланди. Пойтахт депутатларининг розилиги билан, аҳоли учун тарифлар 15 фоизга кўтарилади. Янги нархлар қачондан амал қила бошлаши ҳозирча аниқ эмас; аввалроқ Veolia компанияси 1 октябрдан деб анонс қилганди. Тошкент вилоятига келсак, 10 сентябрдан бошлаб иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари аҳоли учун 10 фоизга кўтарилади ва бу – 2025 йил ҳисобидан нархларнинг иккинчи марта ошиши бўлади.

Нарх ошишлари фонида, Марказий банк ойлик маошларни ҳам тезроқ оширишга чақиряпти. Регуляторнинг таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда ойликларнинг кўтарилиши қўшни давлатларга қараганда секинроқ кетяпти. Хусусан, жорий йилнинг 2-чорагида Марказий Осиё давлатларида реал иш ҳақининг ўртача ўсиши 9,8 фоиз, айрим Кавказ давлатларида 9,1 фоиз бўлган. Ўзбекистон эса 7,3 фоизлик кўрсаткич билан, бу борада қўшнилардан анча орқада қоляпти.
“Иқтисоди ўхшаш мамлакатларга нисбатан мазкур тафовутнинг узоқ муддат сақланиб қолиши келгусида Ўзбекистон меҳнат бозори иштирокчиларининг харид қобилияти пасайишига ва талабнинг сусайишига олиб келади”, дейилади Марказий банк ҳисоботида.
“Персона нон грата” қонуни нега ишлатилмади?
Москвада россиялик шахс ўзбек муҳожирини таҳқирлади. Интернетда тарқалган видеода у ўзбекистонлик таксичига қарата: “Сен қулсан, русларнинг қулисан! Оғзингчи очма!” дея бақирганини кўриш мумкин. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатни тилга олмаган ҳолда, “Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида давлат ҳимоясида” эканини айтиб баёнот чиқариш билан чекланди. Шу кунларда вазир Бахтиёр Саидов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефонда мулоқот қилди, лекин Саидовнинг сўзларидан тахмин қилиш мумкинки, у суҳбат пайтида бу мавзуни кўтармаган.
Агар тескариси бўлганида, яъни бирор бир Россия фуқароси Тошкентда худди шунақа ҳақоратга учраганида, Москвадан қанақа реакция бўлишини кўпчилик яхши тасаввур қилади. ТИВ бу ҳолатда ўтган йили қабул қилинган қонунга асосланиб ўша россияликнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаши мумкин эди. Қонунга кўра, чет эл фуқаролари ижтимоий ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи ҳаракатлари учун Ўзбекистонда “номақбул шахс” деб топилиши ва уларга қатор тақиқлар жорий этилиши керак. Бундан ташқари, ТИВ Россия томонига мурожаат қилиб, бу миллатчига чора кўриш талабини қўймагани ажабланарли.
Душанбадан бошлаб Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини бузувчи яна бир тартиб кучга киради. Унга кўра, 1 сентябрдан бошлаб Москва шаҳри ва вилоятида ишловчи чет элликлар “Амина” мобил иловасини юклаб олиб, у орқали Ички ишлар вазирлигига ўзининг қаердалиги ҳақидаги маълумотни автоматик узатиб туриши керак. Агар геолокация узатилиши 3 иш кунидан ортиқ вақт давомида тўхтаб қолса, бу ҳолат мигрантни назорат остидаги шахслар рўйхатига қўшишга асос бўлади. Бу тартиб 4 йил давомида синовдан ўтказилиши айтиляпти.
Россиянинг иккинчи йирик шаҳри – Петербургда эса, “миллат аниқловчи” камералар ишлай бошлади. Расмийларнинг айтишича, ҳозирда 50 мингга яқин камера этник мансубликни аниқлаш функцияси билан жиҳозланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу камералар ёрдамида шаҳарнинг қаерида қанақа миллатга мансуб гуруҳлар тўпланаётганини кузатиб боради. Шунингдек, “резина” квартиралар, яъни нормадан ортиқча одамлар яшаётган хонадонларни ҳам аниқлаш кўзда тутилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ўзбекистонликлар визасиз бориши мумкин бўлган давлатлар сони 36 тага етди. Иордания подшоҳининг Ўзбекистонга илк ташрифи давомида икки давлат 25 сентябрдан бошлаб ўзаро визасиз режим ўрнатишга келишиб олди. Тез орада Тошкент ва Амман ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши кутиляти. Ташриф доирасида 15 та ҳужжат имзоланди, томонлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини эълон қилди. Самарқандда ўтган музокаралардан кейин Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёевни Иорданиянинг “Ан-Наҳда” ордени билан тақдирлади.
Миграция агентлигининг икки ходими ўта йирик фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди. ДХХ хабарига кўра, улар Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 80 дан ортиқ одамдан 700 минг доллардан ортиқ пул олган. Ҳозирда жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш чоралари кўриляпти. Миграция агентлиги ҳолатни тасдиқлаб, Кореяга юбориш билан боғлиқ барча ходимлар тўлиқ ўзгартирилганини маълум қилди. Ҳафта давомида, шунингдек, Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди. ДХХга кўра, у порани пул эмас, кўчмас мулк шаклида олишга уринган ва далаҳовли олди-сотдисини расмийлаштираётган пайтда нотариусда қўлга олинган. Андижондаги бошқа бир ҳолатда кадастр мансабдори 4 минг доллар олаётган вақтида қўлга тушди.
Хусусий университетлар билан боғлиқ яна бир можаро чиқди. Жума куни Олий таълим вазирлиги 5 та хусусий университетга фаолиятини кенгайтириш учун берилган қўшимча лицензияларни “техник хатолик” деб эълон қилиб, аслида ҳеч қанақа рухсат берилмаганини даъво қилди. Кўп ўтмай Адлия вазирлиги расмий муносабат билдириб, “Лицензия” электрон тизимида ҳеч қанақа носозлик бўлмаганини билдирди. Қарама-қарши баёнотлардан кейин, масалага ойдинлик киритувчи қўшимча изоҳлар бўлгани йўқ. Эслатиб ўтамиз, охирги йилларда бюрократик тўсиқларнинг кўпайиши билан, хусусий университетлар очилиши кескин камайиб кетган.
Марказий Осиё бирдамлигининг ҳуқуқий асослари кучаймоқда. Минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик тўғрисидаги шартномага ниҳоят Тожикистон ҳам қўшилди. Бу шартнома уч йил олдин Чўлпонота шаҳридаги маслаҳат учрашувида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан имзоланган, Тожикистон ва Туркманистон эса ички процедураларни сабаб қилиб, битимга қўшилишни кейинроққа қолдирганди. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 28 август куни шартномага қўл қўйди ва навбат сўнгги иштирокчи – Туркманистонга келди. Эслатиб ўтамиз, навбатдаги маслаҳат учрашуви яқин вақт ичида Тошкентда бўлиб ўтиши белгиланган.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
20:56 / 04.12.2025
Жанубий Корея ноқонуний мигрантларнинг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши учун 90 кунлик дастур эълон қилди
18:37 / 01.12.2025
Россияда 1 декабрдан чегарани кесиб ўтган хорижликлардан биометрия йиғиш бошланди
09:00 / 30.11.2025