Ўзбекистон | 19:21 / 05.07.2023
32060
3 дақиқада ўқилади

Россия суди Жиззах аккумулятор заводига қарийб 2,8 млн долларлик товон тўлаш мажбуриятини юклади

Жиззах аккумулятор заводи Россияда интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган деб топилди. Апелляция суди заводдан қримлик тадбиркор фойдасига 257,3 млн рубл компенсация ундириш ҳақидаги суд қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Жарима миқдори Ўзбекистон давлатига тегишли компаниянинг бир йиллик соф фойдасидан қарийб 4 баробарга кўп.

Фото: Olx.uz

Жиззах аккумулятор заводи Россияда интеллектуал мулк ҳуқуқини бузгани учун қарийб 2,8 млн доллар жарима тўлаши белгиланди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” хабар берди.

Завод бир неча йилдан бери Россияга “KUCH” бренди остидаги аккумуляторларни экспорт қилиб келади. Қримлик тадбиркор Артем Палийчук судга мурожаат қилиб, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ва Ростовда фаолият юритувчи “АРС Моторс” МЧЖ унга тегишли “KUCH” савдо белгисидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келаётганини иддао қилади ва унинг фойдасига Жиззахдаги заводдан 257,3 млн рубль (2,84 млн доллар) товон пули ундирилишини талаб қилади.

Жиззах аккумулятор заводи ўз маҳсулотларини “KUCH” савдо белгиси остида оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи Татаристондаги “КАМАЗ” АЖга етказиб берган. Бу товар айирбошлаш 2019 йилдан 2022 йилгача амалга оширилган операциялар тўғрисидаги божхона маълумотларида ҳам келтирилган.

2023 йилнинг 3 апрел куни Қрим арбитраж судида ушбу иш кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинганди. Ўзбекистондаги завод эса биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлган ва юқори инстанция судига апелляция шикояти киритган. Компания Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ва Россия юрисдикциясига бўйсунмаслигига ишора қилган. Лекин бу талаблар Қрим арбитраж суди томонидан қаноатлантирилмаган. Суд ҳуқуқбузарликнинг Россия ҳудудида содир этилганини таъкидлаган ва Жиззах аккумулятор заводидан 257,3 млн рубль ундириш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирган.

Жиззах аккумулятор заводи ҳақида

“Жиззах аккумулятор заводи” АЖ 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, йилига 800 минг дона аккумулятор ишлаб чиқариш қувватига эга.

Компания расмий сайтида ишлаб чиқарилаётган аккумуляторлар “JAZ Battery” савдо белгиси остида сотилаётгани келтириб ўтилган. Корхона ўз маҳсулотларини Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилади.

Завод Ўзбекистондаги аккумуляторлар бозорида устун мавқега эга. 2018 йил июнда корхонадаги 51,78 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш ҳақида президент қарори имзоланган, лекин 2021 йил июлида қарор бекор қилинган. Акциядорлик жамиятининг кузатув кенгашига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов раислик қилади.

Маълумот учун, завод 2022 йилда 8,1 млрд сўм соф фойда кўрган. Бу Россия арбитраж суди томонидан белгиланган жарима миқдоридан 4 баробарга камроқ.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид