Жамият | 18:19 / 03.04.2019
62516
8 дақиқада ўқилади

«Уйингизни бузамиз, эвазига палатка ва шифер берамиз». Пахтакор туманидаги маҳалла аҳли кўчада қолиши мумкин

«Ёр-ёр» ёки «Маҳаллада дув-дув гап» фильмларини кўпчилик кўрган бўлса керак. Бу фильмларнинг бир неча саҳналарида уйи ҳукумат томонидан бузилган ва ўрнига уй берилган кишилар кўрсатилади. Нега ҳозир ҳам аҳолига бузилган уйлари учун ўша фильмлардаги каби тартибда уйлар берилиши йўлга қўйилмаган?

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани ҳудудидаги «Дўстлик» МФЙдан келиб тушди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

 

«Бу уйлар барак уйлар. Булар 1958 йилда қурилган. Ҳамма нарсаси чириб тамом бўлган. Бизга бу уйларнинг муддати тугагани, ўрнига ер беришлари, уйни эса ўзимиз қуриб олишимиз кераклигини айтишмоқда. 30тадан шифер берамиз дейишди. Бошқа материаллар йўқ, қуруқ шиферни бошимизга қўйиб ўтира олмаймиз-ку? Оиламиз, бола-чақамиз бор. Қурилиш осон иш эмас. Материаллар керак, бетон керак. 20 апрелгача чиқиб кетинглар дейишяпти. Палаткалар олиб келганмиз, ўша жойга чиқиб кетасизлар дейишди. Қариндошларимизнинг уйларига боришимизни маслаҳат беришди. 3 сотих ер ва палатка берамиз, уй олмоқчи бўлсангиз, 20 миллион сўмдан бошланғич тўловини тўлайсиз. Муаммо йўқ дейишди. Биз бунча пулни қандай тўлаймиз? Бунга шароитимиз бўлса баракда яшармидик?

Тўғрисини айтганда, палаткада яшаш ҳеч қандай меъёрларга тўғри келмайди. На мусулмончиликка, на ўзбекчиликка тўғри келади. Битта палаткада 12 киши турар эканмиз. Қандай қилиб? Бир тарафда ёш келин-куёв ётса, бир тарафда қайнота-қайнона ётмайди-ку? Бизга бу тўғри келадими?», дейди касби адвокат бўлган Замира Хидирова.

«3 сотих ер ва шифер берса, мен қандай қилиб қурилиш қиламан? Бир ўзим яшайман. Пенсионер одамман. 260 минг сўм пенсия оламан. Бу пул нимага етади? Биздан сўрасангиз аҳвол шу», дейди Малика Абдужалилова.

«Уй-жойимизни таъминлаб берсин, кейин чиқишга розимиз. Уйда ногирон болаларимиз бор. Улар айтган ҳолатда чиқиб қандай яшаймиз? Палаткамиш...», дейди Норбой Шарифов.

«Ўзим ҳокимиятда фаррош бўлиб ишлайман. Битта ўзимнинг ойлигим билан кун кўрамиз. 230 минг сўм ойлик оламан. 3та хўжалик яшаймиз. Ҳаммада даромад шу. Уй қуришни қўйинг, тирикчиликка пул базўр етади», дейди Раъно Носирова.

«Ҳали бизга тайинли жой қилмасдан туриб кўчага олиб чиқишмаса керак, тўғрими? Икки ўғлим бор. Иккиси ҳам оилали. Қандай қилиб ҳаммамиз бир палаткада яшаймиз? Уй қур дейишади. Уй қуришга қурбимиз етса, аллақачон чиқиб кетардик-ку?», дейди Гулҳаё Мирзаева.

Шундан сўнг барак уйларни айланиб чиқдик. Уйларда шароитлар ёмон ҳолатда. Шароитни яхшилашга эса бу туманда иш ўрни ёки қулай тадбиркорлик муҳити мавжуд эмас.

Қийин аҳволда неча йиллардан бери топганига сабр қилиб кун ўтказаётган бу одамларга энди навбатдаги муаммо ҳам келиб қўшилган. Талабга жавоб бермаслиги учун бузиладиган уйлар ўрнига аҳолига ер ва шифер таклиф қилинмоқда. Уй эгалари бузилган уйларидан чиққан материалларини олиб, қурилиш қилиши лозим. Ғалати ҳолат: уй талабга жавоб бермас экан-у, материаллар жавоб берар эканми?

Навбатдаги манзилимиз шиферлар ва палаткалар бериш ҳақидаги таклифлар ташаббускори - туман ҳокимияти бўлди.

Ҳокимиятда ҳар доимги муаммога дуч келдик. Азалдан оддий халқ бирор амалдорнинг ҳузурига кириши амримаҳол бўлган. Бу анъана ҳали ҳам ўзгармаган кўринади. Аввалига эшик олдида кутиб турдик, сўнгра мажлислар залига олиб боришди.

Шу вақт биз учун кутилмаган ҳолат юз берди. Уй бузилишлари билан боғлиқ норози аҳоли секин-аста йиғилиб зал тўлиш арафасига келди. Ушбу «чақирилмаган меҳмонлар»нинг сўзларига кўра, шу вақтгача ҳокимият уларнинг сўзларини тингламаган. Бизга ҳоким ҳудудларга чиқиб кетгани сабабли, озроқ кутишимиз кераклигини айтишди. Аҳоли вакиллари билан салкам 3 соат давомида кутдик.

Ҳокимликларга келган мухбир билан кўришиш ўрнига ҳокимлар уларнинг сабр косаси тўлишини кутишади. Тоқати тоқ бўлган мухбир изоҳни оддий мутахассисдан олиш билан кифояланади. Биз ҳам кута-кута изоҳни ҳоким ўринбосари Ҳамиджон Ҳасановдан олишга мажбур бўлдик.

«Ҳозирги кунда бутун республика бўйлаб муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан илғор ҳудуд давлат дастури қабул қилинган. Дастур доирасида туман марказларида Мирзачўл ва Гагарин шаҳарлари мисолида қайта архитектуравий ечимга эга бўлган иморатлар қуриш, ҳамма жой бир хил обод бўлиши кераклиги учун йўл харитаси бўйича иш олиб боряпмиз. Туманимизнинг 4та маҳалласида эски бараклар жойлашган. Аҳволини ўзингиз ҳам кўрган бўлсангиз керак.

Ҳали бирорта уй бузилмаган. Бу бўйича ўзимиз ҳам бир қарорга келганимиз йўқ. Ҳамма нарсани ҳисобга оляпмиз. Ҳали ҳеч кимни ташқарига чиқариб қўйганимиз ҳам йўқ. Энг қулай жойда намунали уй-жойлар қуриб, коммуникация, йўлларни қуриб кейин аҳолини кўчирамиз. Палаткалар ҳақида ҳам бизда ҳеч қандай гап йўқ», дейди туман ҳоким ўринбосари.

Унинг сўзларига жавобан аҳоли вакиллари ўз эътирозларини билдиришди.

«Биз билан бир неча марта йиғилиш қилиб, учрашувлар ташкил қилинди. Уларда бизга палаткаларга кўчиб ўтишимиз кераклиги ҳақида айтилди. Шифер берамиз дейишди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фақат шифернинг ўзи билан биз нима қила оламиз? Бу уйларда ёш болалар, ёлғиз оналар, қариялар бор. Улар олаётган 250-260 минг сўм пул нимага етади?», дейди Замира Хидирова.

«Биз ҳар тарафлама ўйлаб пухта режа билан иш қиламиз. Тўловлар масаласига келсак, республика хотин-қизлар қўмитаси ажратилган лимит асосида шароити оғир аёлларга бир марталик бош тўловни тўлаб беряпти. Қолганлар бошланғич тўловни тўласа, қолган суммани ипотека кредити асосида тўлаб бораверади», дейди ҳоким ўринбосари.

Унинг жавобига маҳалладан келган шикоятчи ўз муносабатини билдирди.

«Кредит дейсиз. Бизнинг маҳаллада 10 фоиз одам ишлаши мумкин. Қолганлар қандай тўлайди? Масалан, мен ҳам ишсизман. Битта корхона очилаётган экан. Борсам кўзинг тўғри келмайди, бўйинг келмайди деяпти. Иш ўрни бўлмай туриб биз кредит ололмаймиз», дейди шикоятчи аёл.

Шаҳарсозлик, урбанизация бўйича илғор иморатлар қурилиши кераклиги тушунарли. Лекин ватандошларимизнинг уйларини тортиб олиб, уларни кўчага чиқариб, бир тутам мато остида қолдириш қанчалик тўғри? Яна бир қизиқ жиҳат, давлат яшаб турган уйингни олиб, бошқа бошпана бермай ипотека кредити асосида уй берар экан. Ҳам уйингни олиб, ҳам қарздор қилиш мантиқ қоидаларига номутаносиблик бўлмайдими?

Ҳокимият вакиллари ҳали бир қарорга келинмаганини таъкидлашди. Аҳоли билан ким учрашганидан бехабарликларини айтишди.

Kun.uz бу масалани кузатиб боради.

Мухбир - Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев

Тайёрлаган:  Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид