Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўп квартирали уйларни қабул қилиш тартиби кучайтирилади
Президент Шавкат Мирзиёев кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Таклифларда 2026–2030 йилларда кластер тизимини ҳуқуқий эксперимент сифатида жорий этиш, “Менинг уйим” орқали ҳисоб-китобларни тўлиқ шаффофлаштириш ва уйни қабул қилишда янги мажбурий талабларни белгилаш кўзда тутилган.
Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади. Уй-жой фондига 900 дан ортиқ бошқарув сервис компаниялари ва 200 дан ортиқ ширкатлар хизмат кўрсатади, 856 та уйда эса ўзини-ўзи бошқариш тизими жорий этилган.
Бошқарувчи ташкилотлар учун минимал молиявий ва ташкилий талаблар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, ўз маблағи, моддий-техник база ва 24/7 диспетчерлик хизмати мавжуд бўлиши шарт қилинади. Қўшимча даромад манбалари сифатида маиший хизмат марказларини ташкил этиш, енгил конструкцияли қурилмаларни барпо этиш ва улардан узоқ муддатли фойдаланиш имкониятларини яратиш кўзда тутилган.
Мажбурий бадаллар, шунингдек, бошқарувчи ташкилотларнинг хизматлардан тушадиган барча қўшимча даромадлари фақат “Менинг уйим” биллинг тизими орқали ҳисобга олиниши белгиланмоқда. Ушбу тартибга риоя этмасдан бадаллар ҳисобини юритиш бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот талабларини бузиш ҳисобланади.
Шу билан бирга, умумий мол-мулкни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш бўйича шартномалар солиқ органларида мажбурий тарзда ҳисобга қўйилади. Белгиланган тартиб бузилса, бошқарувчи ташкилот электрон реестрдан чиқариб ташланиши назарда тутилган. “Менинг уйим” ахборот тизими орқали эса умумий йиғилишни ташаббус қилиш, муҳокама ўтказиш, қарор қабул қилиш, шартнома тузиш, ҳисобот тақдим этиш ҳамда мурожаатларни юбориш ва кўриб чиқиш имкониятлари тўлиқ йўлга қўйилади.
Таклифларга кўра, ҳар чорак якуни бўйича “Менинг уйим” тизимига ҳисобот маълумотлари киритилмаса, кейинги ойлар учун мажбурий бадалларни ҳисоблаш маълумотлар киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилади ва орқага қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Шунингдек, кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати, ер участкалари, энергия ва сув истеъмоли бўйича маълумотларни ўз ичига олган “Турар-жой” миллий ахборот тизими босқичма-босқич ишга туширилиши айтилди.
Уйларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича тартиб ҳам кучайтирилади: кадастр паспорти расмийлаштирилиб, у “Турар-жой” тизимида автоматик акс этиши, ўрнатилган қуёш панеллари эса умумий мол-мулк сифатида бошқариш органига топширилиши шарт этиб белгиланмоқда. Мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда, уй фойдаланишга қабул қилинмайди.
Мавзуга оид
08:25 / 06.06.2026
Тошкентда уйни икки марта сотган ака-укага жиноят иши қўзғатилди
22:34 / 05.06.2026
Қурилганига 50 йилдан ошган уйларни қайта режалаштириш тақиқланди
19:31 / 04.06.2026
2018 йилдан кейин қурилган ноқонуний уйларнинг тақдири нима бўлади?
09:46 / 26.05.2026