19:05 / 24.07.2023
13169

Ўзбекистон Россия томонидан урушга жалб этилган фуқаролари ҳақидаги маълумотни ўрганишни бошлади

Ўзбекистон ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича керакли барча чора-тадбирлар кўрилишини билдирди.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина ташқи ишлар вазирлигига Донецк областидаги Россия қўшинлари сафида ўзбекистонликлар ҳам борлиги тўғрисидаги маълумот юзасидан сўров юборди.

«Украина Қуролли Кучлари Бош штаби томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия қўшинлари сафига кўнгилли сифатида мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида чоп этилган маълумот юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси мазкур давлат Ташқи ишлар вазирлигига тегишли сўров юборди.

Ушбу масала дипломатик ваколатхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, Украина томонидан юқоридаги маълумот тасдиқланган тақдирда, фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича керакли барча чора-тадбирлар кўрилади», дейилади хабарда.

  • Бундан олдинроқ Украина қуролли кучлари бош штаби Донецк областининг оккупация остидаги Ҳорливка шаҳрида жойлашган Россия босқинчи кучлари бўлинмаларида Ўзбекистон фуқаролари борлиги аниқлангани ҳақида хабар берганди. Улар Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, қурилишда ишлаш учун Мариуполга келган. Лекин шундан сўнг уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва кўнгиллилар сифатида рус қўшинларига сафарбар қилинган.
  • Кейинроқ Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг ушбу давлатга қарши урушида қатнашмаслик ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирди.
     
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top