Ўзбекистон | 01:11 / 13.07.2020
58137
6 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқшунос: «Жарқўрғон воқеаси қаҳрамонлари кечирим билан қутулмаслиги керак»

Фото: ЎзА

Ҳуқуқшунос Нуриддин Муродов Жарқўрғон туманида судьяларнинг туман ҳокими ва туман ИИБ бошлиғи иштирокида омма олдида обрўсизлантирилиши ва уларнинг ҳаракатланишга қаршилик кўрсатиши юзасидан ўз фикрларини Kun.uz’га тақдим қилди.

Мана икки кундирки, ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларнинг муҳокама марказида турибди. Хўш, бу воқеликнинг юзага келишига асосий сабаб нима ўзи? Шу ҳолатнинг келиб чиқишига қайси омиллар асос бўлган?

Аввало, илмсизлик (саводсизлик, жоҳиллик) таъсирида ғуддайиш, ўзини кўрсатиш. Қолаверса, ўз устида ишламаслик – мутасаддиларнинг ўзлари комиссия аъзолари бўла туриб, ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг Махсус комиссияси қарорида рухсат берилган тоифа автомашиналарини билмаслиги.

Жойлардаги айрим раҳбарларнинг бир юмалаб ўзлари қонунга айланиб қолиши (айтганим айтган, деганим деган бўлиши керак, қабилида иш кўриши) ҳолатлари, буюрократиянинг улар онгига сингиб кетгани, ўзгаришни истамаётганидадир.

Оқибатда нима бўлди. Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар юзага келди:

– Вазирлар Маҳкамасининг Махсус комиссияси қарорида ҳаракатланишга рухсат этилган автомашиналарнинг ҳаракатини чеклаш орқали қарор талаблари бузилиши;

– ғараз ниятда дахлсиз шахс саналган судлар раисларини рухсатсиз уяли алоқа телефони билан тасвирга тушириш;

– фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уриниш;

– шахс (ҳайдовчи)га нисбатан ҳеч бир асоссиз равишда куч ишлатиш.

Шахснинг соғлиғига қарши, яъни 2020 йил 10 июлдаги 442-сонли суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталаш ва шилинма аниқланган.

Р.Раҳимназаровнинг баданида кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасида қонталашлар ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасида шилинмалар мавжудлиги, унинг кўкрак қафаси ўнг томони, бўйин орқа ўнг томони, ўнг кўкрак соҳасидаги қонталашлари ва ўнг қўл тирсак ташқи юзасидаги шилинмалари ўтмас қаттиқ жисмларнинг бир-неча марталик зарб ва ишқаланиш механизмлари таъсирида етказилгани, оғирлик даражасига кўра енгил тан жароҳатлари сирасига киради.

Энг хунук ҳолат эса, ўша-ўша бечора савиянинг таъсири, ваколатни суиистеъмол қилиш, ваколатдан четга чиқиш, бу ҳудудда менинг айтганим бўлади, деган ўй-фикрда қотиб қолганликдир.

Бир сўз билан айтганда, воқеа қаҳрамонлари «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган судьянинг дахлсизлик ҳуқуқи талабларини бузиш, Ўзбекистон Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларидаги дахлсизлик, шахсга жароҳат етказиш, шаън-обрў борасидаги ҳуқуқларга қарши қилмишларда гумонланса, Ўзбекистон фуқаролик кодекси билан ҳимоя қилиш ва ҳуқуқи бўзилишининг олдини олиш борасида зарур талаблар қўйишга асосларни билиб-билмай юзага келтиргандек, назаримда.

Бу дегани ҳоким ва ИИБ бошлиғи ёки унинг ўринбосари ҳали айбдор, ҳуқуқбузар дегани эмас.

Албатта, кўрга ҳассадек аён бўлса-да, ҳар қандай ҳуқуқий-демократик давлатда айбсизлик презумцияси (Конституциянинг 26-моддаси) мавжуд ҳамда бу тамойилга барча бирдай амал қилиши даркор.

Жиноят кодексининг 9-моддасига мувофиқ, шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади. Жумладан, ҳоким ва ИИБ бошлиғи, унинг ўринбосари ҳам. Аммо шу кодекснинг 10-моддаси ўз навбатида жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи – қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шартлигини ҳам белгилаб қўйган-да.

Шу каби анолог норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3-моддасида: «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади», деб қайд этилганини кўриш мумкин.

Шунинг учун ҳам ҳолатга дастлабки тергов томонидан қонуний баҳо берилиб, иш судга ўтказилиши керак бўлади.

Бироқ ушбу ҳолатларда ҳам маъмурий, балки жиноий (баданга енгил тан жароҳати етказиш) ҳуқуқбузарлик билан бир қаторда, ҳам фуқаролик, яъни шаън, қадр-қиммат ва обрў, маънавий зиён кабиларга алоқадор белгилар ва қўштирноқ ичидаги бошқа масалаларни эътиборга олиб, тергов натижасига кўра, Олий суд шу ишни ўз иш юритувига чақириб олиши лозим.

Ва ишга холис баҳо бериб, кўриб чиқиш жараёнида бугунги кунда маъмурий томонга кўп қўлланаётган «айбсизлик презумцияси» сингари бир тамойил сифатида амалдаги қонунчилигимизда белгиланган «жазо муқаррарлиги» деган тамойилни ҳам унутмаслик керак.

Зеро, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 68-моддасига кўра, давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт.

Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.

Шу қонуннинг 70-моддасида эса судьянинг шахси дахлсиз экани белгиланган.

Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир, деб белгиланган.

Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, кўздан кечиришнинг алоҳида тартиблари ўрнатилган.

Яна бир гап, ушбу ҳолат якуни – кўриб чиқиш натижаси кенг жамоатчиликда одил судлов, суд мустақиллиги ва судьянинг дахлсизлиги ва бу борадаги юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, инсон ҳуқуқлари устуворлиги тамойилларига асосланган ислоҳотларга ишонч каби гаплар эмас, биргина қонун устуворлиги тамойилига асосланса бўлди. Олам гулистон.

Нуриддин Муродов, ҳуқуқшунос

Мавзуга оид