Жамият | 20:12 / 16.08.2020
12778
4 дақиқада ўқилади

«Маҳалладан ёрдамни рад этдим, ахир мендан ҳам қийин шароитдагилар бор...» — Тошкентда аҳоли хонадонларига ташриф

2020 йил бутун дунёни пандемия қамраб олди, коронавирус балоси бизни ҳам четлаб ўтмади. Карантин узоқ чўзилиши сабаб кўплаб оилалар ишсиз, ойликсиз қолгани бор гап.

Ижодий гуруҳимиз билан Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда бўлиб, одамларимизнинг карантин давридаги турмуш тарзи, фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Дастлабки манзилимиз Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллалардан бири бўлди.

Дастлабки суҳбатдошимиз 64 ёшли Раъно ая Исмоилова бўлдилар.

«Коронавирусдан олдин тез тиббий ёрдамда фельдшер бўлиб ишлаганман. Шундан сўнг авария бўлиб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, қийинчиликка учрадим. Кейин савдо дўконида ишладим, у ҳам ёпилиб қолди. Ҳозир нафақадаман. Нафақамга кун кўраман. Ҳамма нарсага тўғри сарф қилганим учун бировдан қарзим йўқ. Давлатдан ҳам, одамлардан ҳам пул қарз эмасман.

Маҳаллага раҳмат, ҳар доим келиб туришади. Ёрдам пуллари, озиқ-овқатларни олиб келганда хафа бўлиб йиғлаб олдим. Шунақа кунларга тушиб қолдим деб. Лекин ҳар доим шукр келтираман. Қани энди, ёшликдаги кучим бўлганда, ишлар эдим. Мен қуруқ нон-чой ичиб ўтирсам ҳам бировга айтмайман. Бу нотўғри нарса, инсон кўникиб яшаши керак».

Устачилик билан шуғулланувчи Маҳмуд Усмоновга микрофон тутамиз.

«Касбим устачилик. Бошимдан операция бўлиб, кучимни йўқотдим. Ҳозир жисмонан аввалгидек бақувват эмасман. Карантин даврида транспорт қийин бўлгани сабабли ишимга бориб-келиш муаммо бўлди. Фарзандларим бор, улар учун ишлашим керак. Эркак кишининг вазифаси бу. Ёрдам берганлар учун ҳаммасига раҳмат, қийналган давримизда бу жуда катта ёрдам бўлди».

Кейинги манзилимиз – Салима она Усмонованинг хонадони бўлди.

«64 ёшга кирдим. Чорсудаги ошхонада ишлайман. Ҳозир карантин бўлгани сабабли иш тўхтаб қолди. У ерда ошпазларга қарашиб, идиш-товоқ юваман. Кўп йиллардан буён ишлаб ўрганиб кетганман. Невараларимдан, болаларимдан куч олиб яшайман.

Карантиндан кейин яна ишга тушаман. Бир кунда 50 мингча пул беришади. Шу вақтгача нолимаганман. Карантин даврида ёрдам бериб туришди, эътиборсиз қолмадик, бунинг учун миннатдорман».

Бошқа бир ҳовлида Мунаввар ая Каримова билан суҳбат бўлдик.

«Нафақада дуода бўлиб ўтирибман. Бир ўғлим билан яшайман, ўғлим устачилик қилади. Коронавирус – юртга келган тўй. Ҳеч қачон нолимайман. Шукр қиламиз, биз мусулмонмиз, доим шукр қилишимиз керак. Бу – синов...

Маҳалладан ёрдам олиб келишганида олмайман дедим. Чунки мендан ҳам оғир вазиятдагилар бор. Оч қолмаяпмиз ахир, майли, озгина гўштсиз бўлса ҳам овқат еяпмиз, муҳими қозонимиз қайнаяпти.

Карантин даврида айниқса ваҳима қийнади. Ваҳима одамга психологик томондан анча оғир таъсир қилди. Мен аввало Аллоҳга суянаман, Аллоҳим ҳаммани қўлласин. Берган синовларидан ҳаммамиз эсон-омон ўтайлик, синовларнинг ҳам ажр-у савобини олиш насиб қилсин».

Шундан сўнг пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги маҳаллаларга бордик, у ерда ҳам аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлдик. Уларнинг аксарияти карантин даврида маҳалладан турли кўринишда ёрдам олиб тургани, эътиборсиз қолмаганини айтишди; карантин давридаги турмуш тарзи ва карантиндан кейинги режалари билан ўртоқлашишди.

Aлбатта, карантин ҳам бир синов эканини айтиб ўтмоқчимиз. Лекин ана шундай оғир кунларда ҳам фуқароларимиз сабр билан бу қийинчиликлар ўтиб кетишига ишонаётганини кўриш мумкин. Карантин халқимизнинг асрий характерини яна бир бор юзага чиқарганини ҳам таъкидлаш ўринли: саховат ва меҳр-оқибат, қўшничилик ришталари мустаҳкамланди.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид