Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Умрбод қамоқ жазоси педофилия жиноятига такроран қўл урган шахсларга тааллуқли бўлади
Президент имзолаган янги фармонда муқаддам судланган шахслар вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир қилганда умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини 3 ой муддатда ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
«Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги президент фармони эълон қилинди.
Унда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш чоралари белгиланган.
Жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Адлия вазирлигига уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди:
Жиноят кодексида вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар ҳамда улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар қуйидаги жиноятларни содир этганда уларга тегишинча умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш:
- ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш;
- ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
- ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарликни белгилаш, шунингдек, тергов ва суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодекси 129-моддаси диспозициясига аниқлик киритиш.
Шунингдек, бошқа чоралар ҳам белгиланди:
- молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;
2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун:
- давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади;
- ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади;
- никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.
Ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
- курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади;
- талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.
- ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратилади;
- масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади.
Вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтириш тартиби жорий этилади.
Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакиллари зиммасига юклатилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ФҲДЁ органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда диний идора вакилларининг эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда бошқа қонунбузилишлар тўғрисида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаслиги уларнинг маъмурий жавобгарликка тортилишига асос сифатида белгиланади;
2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг жиноят ва ҳодисаларни рўйхатга олиш бўйича электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имконини берувчи “O‘smir-signal” модули ишлаб чиқилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128.1 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов фақат прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.
Вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юборилади.
Жиноят кодексининг 118- ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш; мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланди.
Мавзуга оид
18:01 / 04.03.2026
Жиззахда хусусий боғча раҳбари болага беҳаё видео кўрсатиб, бузуқ ҳаракатлар қилди. Тергов органи уни очиқда қолдирган
22:34 / 03.03.2026
Педофиллар учун умрбод қамоқ жазоси таклифи президент томонидан маъқулланди
12:51 / 26.02.2026
Бухорода 13 яшар қиз она бўлди. Гумонланувчи қамоққа олинган
20:49 / 25.02.2026