Жамият | 15:44 / 10.09.2020
9383
2 дақиқада ўқилади

14 сентябрдан вилоятларда ҳам давлат боғчалари очилиши бошланади

7 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти туманларида биттадан боғча очилди. Мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, 14 сентябрдан бошқа вилоятларда ҳам боғчалар очилиши бошланади.

Қайд этилишича, мактабгача таълим муассасалари очилиши фақатгина халқ депутатлари Кенгаши ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати рухсати билан ҳамда муайян МТТга қатновчи боланинг ота-онаси розилиги билан амалга оширилади.

14 сентябрдан бошлаб ушбу жараён бутун Республика бўйлаб босқичма-босқич ўтказилади. Биринчи ўринда, катта ва 5-7 ёшли тарбияланувчилар тайёрлов гуруҳлари очилади. Бу 5 ёшгача бўлган боланинг ижтимоий масофа сақлаши ва гигиена қоидаларига амал қилишдаги қийинчиликлари билан изоҳланади.

Масалан, бола ўзи ушлагунча бошқа болалар ўйнаган ўйинчоқни оғзига олиб бориши мумкин. Ўрта гуруҳларнинг, яъни 4-5 ёшдаги болалар гуруҳларининг очилиши октябрь ойига, кичик гуруҳларнинг (3 ёшдаги болалар) очилиши ноябрь ойига мўлжалланган.

Очилиш муддатлари мамлакатдаги эпидемиологик вазият қараб ўзгариши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин талабларини қисқартириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 5 сентябрдан мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг фаолиятига рухсат берилганди.

Қарорга кўра, ушбу объектлар қуйидаги санитария талабларига риоя этиши талаб этилади:

  • ходимлар ва болаларнинг (тарбияланувчиларнинг) соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болаларни (тарбияланувчиларни) машғулотлар четлатиш;
  • ходимлар тиббий ниқобдан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
  • санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфексион «тўшак»лар билан жиҳозлаш;

Мавзуга оид