Ўзбекистон | 22:52 / 20.06.2024
4368
2 дақиқада ўқилади

Ёқилғи-энергетика тариф сиёсатининг 2035 йилгача бўлган даврдаги йўналишлари белгиланди

Истеъмолчиларни электр энергияси ҳамда табиий газдан асосланган, рақобатли ва адолатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш тариф сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (.pdf) қабул қилинди. 

Қарор билан 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди. 

Булар:

- истеъмолчиларни электр энергияси ҳамда табиий газдан асосланган, рақобатли ва адолатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш;

- ёқилғи-энергетика тармоғининг молиявий барқарорлиги ва инвестиция жозибадорлигини таъминлаш;

- ишлаб чиқариш қувватларини, жумладан, ДХШ шартлари асосида кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш;

- тарифларни белгилашда такрор субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш ва манзилли субсидиялар бериш орқали аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;

- ёқилғи-энергетика тармоғида шаффоф, изчил ва олдиндан тахмин қилиш имкониятини берувчи тартибга солишни ўрнатиш, шу жумладан, инвесторлар учун тартибга солиш таваккалчилигини камайтириш мақсадида тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини босқичма-босқич жорий қилиш;

- республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар аҳолига электр энергияси ва табиий газ ягона нарх сиёсати асосида сотилишини таъминлаш. 

Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

- Электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;

- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг таркиби;

- Идоралараро тариф комиссияси тўғрисидаги низом. 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.

Мавзуга оид