Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (.pdf) қабул қилинди.

Қарор билан 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди.

Булар:

- истеъмолчиларни электр энергияси ҳамда табиий газдан асосланган, рақобатли ва адолатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш;

- ёқилғи-энергетика тармоғининг молиявий барқарорлиги ва инвестиция жозибадорлигини таъминлаш;

- ишлаб чиқариш қувватларини, жумладан, ДХШ шартлари асосида кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш;

- тарифларни белгилашда такрор субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш ва манзилли субсидиялар бериш орқали аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;

- ёқилғи-энергетика тармоғида шаффоф, изчил ва олдиндан тахмин қилиш имкониятини берувчи тартибга солишни ўрнатиш, шу жумладан, инвесторлар учун тартибга солиш таваккалчилигини камайтириш мақсадида тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини босқичма-босқич жорий қилиш;

- республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар аҳолига электр энергияси ва табиий газ ягона нарх сиёсати асосида сотилишини таъминлаш.

Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

- Электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;

- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг таркиби;

- Идоралараро тариф комиссияси тўғрисидаги низом.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.