Ўзбекистон | 15:11 / 09.03.2023
8781
2 дақиқада ўқилади

Бир қатор тўловларни тўлашда воситачилик ҳақи бекор қилинади

Бюджет ва корпоратив буюртмачиларга бориб тушадиган тўловлар бўйича тўлов ташкилотлари олиб қоладиган комиссия фуқаролардан ундирилмайдиган бўлди. Комиссия тўлов суммасидан чегириб қолинади. 1 майдан кучга кирадиган бу тартиб божлар, жарималар, давлат хизматлари ва ижтимоий муассасалар учун тўловлар, самолёт ва поезд чипталари ва бошқаларга тааллуқли бўлади.

"Ўзбекистон темир йўллари" сайтидан скриншот

Президент аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган қарор имзолади.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар бўйича тўлов хизматлари кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов шаклидан қатъи назар тўловчи – жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилади.

Бунда, воситачилик ҳақи миқдори тўлов суммасининг бир фоизигача, бироқ жами суммаси Марказий банк томонидан белгиланадиган чегаравий миқдорлардан кўп бўлмаган миқдорда бўлади.

Ушбу тартиб:

– барча турдаги давлат божи ва маъмурий жарималар бўйича тўловлар;

– давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматларига тўловлар;

– мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлов, малака ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;

– барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар;

– Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ундириладиган тўловлар;

– “E-auksion” электрон савдо платформаси ва “K-Savdo” автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;

– авиа, темир йўл ва бошқа жамоат транспортларига чипталарни харид қилишдаги тўловларга нисбатан татбиқ этилади.

Маълум қилинишича, келажакда мазкур рўйхатга қўшимча тўлов турлари киритилиши мумкин.

Мавзуга оид