Ўзбекистон | 21:00 / 21.02.2022
35317
2 дақиқада ўқилади

1 апрелдан UzAuto Motors автомобиллари фақат буюртма берган одамнинг номига расмийлаштирилади

Бирданига ўнталаб машинага буюртма бериб қўйиб, улар чиққач машинани «ноль пробег» билан бошқа одамга сотувчилар бундан кейин нотариусда олди-сотди шартномаси қилишга мажбур бўлишади.

Фото: Kun.uz

«Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш жараёнига ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Белгиланишича, 2022 йил 1 апрелдан UzAuto Motors АЖ томонидан автомототранспортни харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

«Мазкур тартиб орқали автомобиль сотиб олишда ҳаққоний харидорларга устуворлик берилади. Яъни фуқароларнинг автомототранспорт сотиб олиш учун олган шартномаларини бошқа шахсларга сотишининг олди олинади. Шартнома кимнинг номига расмийлаштирилиб, Йўл ҳаракати хизмати базасига киритилган бўлса, автотранспорт ўша шахс номига расмийлаштирилади», – дейилган қарорда.

Аввалроқ, UzAuto Motors бир шахс томонидан автомобилларни сотиб олиш учун 10, 20, ҳаттоки 200та келишув шартномалари тузилганлик ҳолатлари аниқлангани, шу сабабдан ўз савдо маълумотлар базасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш базаси билан синхронлаштиришни таклиф этганди

Мавзуга оид