Жаҳон | 10:56 / 27.12.2023
10635
2 дақиқада ўқилади

«Газпром» Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини максимал даражада оширди

Компания республикага газ етказиб бериш бўйича сўровларни тўлиқ бажармоқда, дея маълум қилди «Газпром» раҳбари Алексей Миллер.

Фото: ТАСС/Кирилл Кухмарь

«Газпром» ҳозирда Ўзбекистонга «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали техник жиҳатдан мумкин бўлган максимал ҳажмда газ етказиб бермоқда, дея маълум қилди «Газпром» раҳбари Алексей Миллер Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда.

«Декабр ойида Ўзбекистонга совуқ ҳаво кириб келди, ўзбекистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятларимиздан икки баравар кўпроқ ҳажмда оширишни сўради. Ҳозирда декабрь ойида Ўзбекистонга «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали берилиши мумкин бўлган максимал техник ҳажмдаги газни етказиб беряпмиз», — деди у.

«Газпром» Ўзбекистонга газ етказиб бериш бўйича сўровларни тўлиқ қондиряпти, деди Миллер.

2023 йил июн ойида Ўзбекистон «Газпром» билан икки йиллик газ сотиб олиш тўғрисида шартнома тузди, кунлик етказиб бериш ҳажми 9 миллион куб метрни, йиллик ҳажм - деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади. Шартнома бўйича етказиб бериш 2023 йил 7 октябрда бошланган. 

Шу билан бирга, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик муддати 15 йилни ташкил этади, узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин, деди Миллер. 

«Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали Россия газини реверс йўналишда етказиб бериш 2025 йилнинг ноябридан кечиктирмай янада ошиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид