Иқтисодиёт | 14:11 / 04.11.2025
2321
4 дақиқада ўқилади

Европага Россия гази экспорти сўнгги 50 йилдаги минимумни янгилади

2025 йилнинг дастлабки 10 ойида “Газпром” европалик мижозларга 14,7 млрд куб метр газ етказгани қайд этилди. Бу ҳажм Украина орқали транзит тўхташи фонида кескин қисқарди.

Фото: TASS/IMAGO

Reuters агентлиги 3 ноябр куни хабар қилишича, Россиянинг газ монополисти — “Газпром” 2025 йил январ—октябр ойларида европалик мижозларга 14,7 млрд куб метр газ етказган. Ҳисоб-китоблар Россия газини Европага етказиб турувчи охирги амалдаги қувур — “Турк оқими” (Turkish Stream)нинг кунлик статистикасига таянган. Йил якуни бўйича ҳажм “Турк оқими”нинг Европа тармоғи қувват чегараси — 16 млрд куб метрдан ошиши мумкин, дейилади хабарда.

Ўтган йилнинг шу даври (26,6 млрд куб метр) билан солиштирилганда, илгари энг йирик бозор ҳисобланган йўналиш яна 45 фоизга қисқарди. Бу Украина орқали транзит шартномаси тўхтагани билан боғлиқ: 2024 йилнинг дастлабки 10 ойида Европага шу йўл билан 12,9 млрд куб метр рус гaзи етказилган эди.

Шу билан бирга, 1 ноябр куни Европанинг газ транспорти тармоқлари операторлари ассоциацияси — ENTSOG сайтида эълон қилинган очиқ маълумотларга кўра, октябрда “Турк оқими” орқали Европага “Газпром” етказиб берган газ ҳажми сентябрга нисбатан 8,7 фоизга, 2024 йил октябрига нисбатан эса 13 фоизга кўпайган. Йил бошидан бери ушбу маршрут орқали етказилган умумий ҳажм ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5 фоизга юқори.

Россия бу қадар кам газни Европага 1970-йиллар бошидан бери экспорт қилмаган: айнан ўшанда КПСС бош котиби Леонид Брежнев Австрияга илк етказиб бериш шартномасини келишган эди. 1975 йилга келиб Европага 19,3 млрд куб метр, 1980 йилда эса “газга-қувурлар” битими ва Германия билан йирик шартнома туфайли 54,8 млрд куб метр етказилган. Украинада уруш бошланиши олдидан Россиянинг Европага қувур орқали газ экспорти 200 млрд куб метргача етиб, шундан бери 12 бараварга камайди.

Reuters’нинг аввалги кузатишларига кўра, “Газпром” ортиқча газни бошқа йўллар билан жойлаштира олмаяпти. 2019 йилда ишга туширилган “Сибир қуввати” Хитой ҳажмнинг фақат бешдан бир қисмини қоплаяпти, иккинчи қувур борасидаги кўп йиллик музокаралар эса натижа бермади. 2022 йилда эълон қилинган Туркияда газ ҳаби лойиҳаси ҳам амалга ошмай қолди: Кремл бу орқали янги Европа газ биржасини очиш ва маҳаллий бозорни қайта шакллантиришни кўзлаган эди.

Ўтган йили “Газпром” 416,19 млрд куб метр газ қазиб олди, шундан 355,23 млрд куб метрини ички ва ташқи бозорларда сотишга муваффақ бўлди. Натижада компанияда тахминан 60 млрд куб метр сотилмай қолди — бу айрим мамлакатларнинг йиллик қазиб олиш ҳажмига (масалан, БААда 55 млрд куб метр) яқин ва Полша йиллик истеъмолидан (20 млрд куб метр) уч баравар кўп.

Бу орада “Газпром” катта зарар кўрди: 2023 йилда халқаро молиявий ҳисобот стандартлари бўйича 629 млрд рубл йўқотиш қайд этилган. 2024 йилда қоғозда 1,2 трлн рубл фойда кўрсатилганига қарамай, асосий газ бизнеси 1 трлн рубл соф зарар билан “қизил” зонада қолган.

Компания ҳисоб-китобларига кўра, 2025–2034 йилларда экспорт имкониятлари чеклангани сабаб 15 трлн рублгача йўқотиш хавфи бор.

Европа Иттифоқи 2028 йил 1 январгача рус газидан бутунлай воз кечиш ниятида. Россиядан суюлтирилган табиий газ (СТГ)дан эса Европада 2027 йил 1 январгача воз кечиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид