Жамият | 14:00 / 06.05.2024
6509
2 дақиқада ўқилади

Нуротада жарликка тушиб кетган чўпон қутқарилди

Эҳтиётсизлик оқибатида бир неча метр жарликка тушиб кетган чўпон махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида хавфсиз жойга олиб чиқилган. Унга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилган.

Фото: ФВБ

Навоий вилоятининг Нурота туманида чорва молларини боқиб юрган фуқаро жарликка тушиб кетган. У қутқарувчилар томонидан қутқарилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 5 май куни Навоий вилояти ФВБга Нурота тумани ҳудудидаги “Оқ тоғ” тоғ тизмаларига фуқаро чорва молларини боқиш мақсадида бориб, жарликка тушиб кетгани ва унга ёрдам зарурлиги ҳақида хабар келиб тушган. ФВБ қутқарувчилари зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган.

Олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишларини натижасида фуқаро жароҳат билан топилиб, унга психологик ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Сўнгра у махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида хавфсиз жойга олиб чиқилган.

Чўпон малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага юборилган. Қайд этилишича, ҳозирда унинг аҳволи яхши.

Аввалроқ Тошкент шаҳридан Жиззах вилоятининг Зомин туманига саёҳатга бориб, тоғнинг юқори чўққисида адашиб қолган уч киши қутқарилгани хабар қилинганди.  

Мавзуга оид