Иқтисодиёт | 16:00 / 11.11.2019
74365
6 дақиқада ўқилади

Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг савдо баланси манфий — ЕОИИ ҳақида фактлар сўзлаганда

Евросиё иқтисодий иттифоқи мавзуси кўтарилгач Ўзбекистон ҳукумати бу иттифоққа кириш ёки кирмаслик ҳақида қарор қабул қилишдан олдин барча маълумотлар, имкониятлар ва таҳдидлар яхшилаб таҳлил қилиб чиқилишини маълум қилганди.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати қўмита раиси ўринбосари Одилжон Иминов Kun.uz’га берган интервюсида иттифоққа кириш қарорини ёқлаб, иқтисодий манфаатдорликни аргумент сифатида келтириб ўтди. Фикримча, иқтисодий важни асос қилишда назариядан ташқари амалий маълумотларга кўз тиксак тўғри тушунча ҳосил бўлади.

Рақамлар сўзлаганда

Сенатор жаноблари иқтисоднинг асосий кўрсаткичлари сифатида экспорт ва импорт ўртасидаги «савдо баланси» фарқини айтиб ўтган. Дарҳақиқат, мамлакат маҳсулотлари жаҳонда қанчалик талабга эга бўлса, бойиш шунчалик осон кечади. Шу билан бирга, экспорт қилинаётлан товарлар иложи борича каттароқ қўшилган қиймат билан ишлаб чиқарилган бўлиши талаб этилади. Асосан хом ашё маҳсулотлари экспорти билан чекланиш тайёр маҳсулотларни ташқаридан кўпроқ импорт қилишни тақозо этади. Бу дегани мамлакатда ишлаб чиқариш ривожланмайди, ишсизлик суръати ошиб боради, солиқ тушумлари камаяди, натижада мамлакат қашшоқлашиб боради. Бу ҳақда узоқ ёзиш мумкин, лекин, келинг бевосита ЕОИИ савдоси билан боғлиқ рақамларга мурожаат қилайлик.

  • ЕОИИ ташқи бозор баланси (яъни иттифоққа кирмаган бошқа давлатлар билан соф савдо ҳажми)

Жадвал Евроосиё иқтисодий комиссияси маълумотлари асосида тайёрланган

Юқоридаги рақамлар қуйидагиларни кўрсатяпти: Қирғизистон ва Арманистон ЕОИИга аъзо бўлгач, ҳеч қачон ижобий савдо балансига чиқа олмаган. Яъни, бу давлатлар ўз маҳсулотларини ташқи бозорга импортни қоплайдиган даражада таклиф қила олмаган. Беларусга келсак, бу давлат ўзининг мавжуд саноат салоҳиятига қарамай, савдо балансини барқарор ушлаб туришга эриша олгани йўқ. Беларусликлар 2018 йили 4,29 млрд АҚШ долларига тенг савдо балансига эга бўлган бўлса, жорий йил якунигача бу кўрсаткич зўрға 2 млрд АҚШ долларигача чиқиши кутиляпти.

Россия ва Қозоғистон савдо баланси мусбат кўрсаткичга эга, яъни бу давлатларнинг экспорт улуши ташқи савдо амалиётларида импортга нисбатан кўпроқ.

Шу ўринда қуйидаги фактлар инобатга олиниши керак: Россия экспортининг 81 фоизи нефть ва газ маҳсулотларига, қора ва рангли металл, минерал ўғитларга тўғри келади, Қозоғистонда худди шу маҳсулотлар экспортнинг 76 фоизини ташкил этади (2018 йил учун маълумот).

Яъни, табиий бойликлардан иборат бўлган маҳсулотлар экспортда жуда катта ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, 2019 йилнинг 8 ойи даврида иқтисодий сустлашиш кузатилиб, жорий йил олдингисига нисбатан савдо кўрсаткичлари камайиши кузатиляпти. Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, бунга жаҳон бозорида ЕОИИ маҳсулотларига талаб камайиб бориши ва халқаро санкциялар таъсири асосий сабаблар бўлмоқда.

Табиий захиралар жаҳондаги савдоси учун ҳеч қандай иқтисодий иттифоққа зарурият бўлмаган, ЕОИИнинг ташкил этилиши аъзо давлатларда катта қиймат қўшадиган ишлаб чиқаришни ва ташқи экспортни сифат ва миқдор нуқтайи назаридан ривожлантирмаган.

Сенатор Одилжон Иминов ЕОИИга киришнинг ижобий тарафи сифатида ўзаро савдо алоқалари яхшиланишини ҳам келтирди. Келинг, яна рақамларга юзланамиз.

  • ЕОИИ ички бозор баланси (яъни иттифоқ аъзолари ўртасида соф савдо ҳажми)

Жадвал Евроосиё иқтисодий комиссияси маълумотлари асосида тайёрланган

Ички савдода Россиядан ташқари барча аъзо давлатларнинг савдо баланси манфий, яъни фақат Россия ўз маҳсулотларини бу давлатларга ҳаммадан кўра кўпроқ сотяпти. «Иттифоқдан асосий иқтисодий манфаат фақат Россия бизнеси учун бўлади» дейилганда жумладан худди шу ҳолат ҳам назарда тутилган эди.

Маъмурий ричаг

Россия импортни маъмурий йўллар билан чеклаб, ўз ички бозорини ҳимоя қилишга одатлангани анчадан бери кузатилади (ваҳоланки, бу - ЕОИИ ғояларига зид амалиёт). Биргина мисол келтирамиз, жорий йил ёзида «Россельхознадзор» Қозоғистон шимолида ишлаб чиқариладиган сут маҳсулотларини Россияда сотишга чеклов қўйди. Балки қозоғистонлик бизнесменларнинг кескин баёнотларидан кейин, балки Ўзбекистон учун ЕОИИнинг жозибасини тиклаш учун, ҳар қалай октябрь ойида Россия томони баъзи қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар учун бундай чекловни бекор қилди.

Юқоридаги мисол Россия ўзининг ички бозорини иттифоқдошидан ҳимоялашини кўрсатади. Баъзида эса сиёсий сабаблар билан ҳам шундай қадамлар ташланиши мумкин. Яна бир мисол келтирамиз: жорий йилнинг 1 июнида Россия ҳукумати Қозоғистон кўмири Украинага боришини огоҳлантиришсиз тўхтатиб қўйди. Шу вақтдан бошлаб, Қозоғистондаги ёқилғи ишлаб чиқарувчилар ойига 11 млн АҚШ долларидан зарар қила бошлашди. Бу фақат жорий йўқотишлардир. Жаҳон бозорида Қозоғистон кўмирига нисбатан ишонч йўқолиши, шунингдек ЕОИИ бозорларида кўмир таклифи ҳаддан зиёд ортиши натижасида нархлар кескин тушиб кетиши Қозоғистон иқтисодига қанчалик зиён етказаётгани ҳисоб-китоб қилиб кўрилса, албатта натижалар ЕОИИ фойдасига бўлмайди.

Иттифоққа кириш тарафдорлари Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига енгиллик туғдиришига кўп урғу қаратишмоқда. Иқтисодчи олим Шерзод Эралиев Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида иттифоққа кириш учун ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ иддаолар асоссизлигини исботлаб берди. Биз ҳам кейинги мақоламизда ЕОИИга аъзо бўлиш оқибатида меҳнат миграцияси борасида вазият ҳозиргидан ҳам оғирлашиб кетиши ҳақида айтиб ўтамиз.

Жамшид Муслимов, иқтисодчи

Мавзуга оид