Спорт | 18:00 / 12.09.2025
1717
2 дақиқада ўқилади

Тошкент Марказий Осиё бадминтон чемпионатига мезбонлик қилади

2025 йил 15–23 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида улкан спорт тадбири — Марказий Осиё бадминтон чемпионати бўлиб ўтади.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ўзбекистон Бадминтон федерацияси томонидан ташкил этилаётган ушбу мусобақа минтақадаги энг йирик турнирлардан бири сифатида тарихга киради. Мазкур чемпионатда 7 та давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон ва Мўғулистоннинг энг кучли бадминтон усталари U-23, U-17 ва U-15 ёш тоифаларида иштирок этади. 

«Бадминтон тезкорлик, эпчиллик, куч ва ирода уйғунлашган спорт тури бўлиб, ҳар бир зарба, ҳар бир ўйин нафақат ғалаба учун кураш, балки сабр-тоқат, ҳалоллик ва мардлик рамзи ҳисобланади. Бу турнир нафақат спортчилар учун маҳорат ва ғалаба синови, балки халқларимизни янада яқинлаштирувчи, дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи улкан майдондир. 

Қолаверса, мусобақа нафақат спортчиларимиз учун тажриба мактаби, балки бутун Марказий Осиё спорт ҳамжамияти учун янги саҳифа очади. Чемпионат янги рекордлар, шиддатли баҳслар ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлади.

Ўзбекистон Бадминтон Федерацияси барча спортчиларга омад, томошабинларга эса унутилмас таассуротлар тилаб қолади! Мазкур чемпионат бадминтон тарихида янги давр бошланиши бўлсин»,  дейилади Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид